Болаларда қулоқ ва бурун нега битади? Мутахассис муҳим тавсиялар берди
Саломатлик
−
26 Октябрь 2020
17871Бурун битиши — нафас йўллари инфекцияси билан боғлиқ. Бурундан нафас олишнинг қийинлашиши, вақти-вақти билан бошқа омиллар — аллергия, замбуруғлар сабаб юзага келади. Шу билан бирга сабаби аниқланмаган кўринишлари ҳам бўлиши мумкин. Нима учун нафас олиш билан муаммолар юзага келади ва сурункали бурун битишига қарши қандай курашиш мумкин? Ўзбекистонда хизмат кўрсатган соғлиқни сақлаш ходими, тиббиёт фанлари доктори, профессор Шавкат Амонов шу каби саволларга жавоб берди.
“Болаларда қулоқ, томоқ ва бурунда учрайдиган туғма ёки орттирилган нуқсонларнии олдини олиш ва самарали даволаш тиббиётнинг доимий муаммоси ҳисобланади. Чунки бугунги кунда сайёрамиздаги ҳар минг нафар чақалоқдан иккитаси ана шундай туғма нуқсон билан дунёга келади. Қолаверса, соғлом туғилган болалардан ҳам ҳар минг нафаридан ҳеч бўлмаса 2-3 таси бир ёшга киргунича йиқилиб турли жароҳатлар олади”, деди мутахассис ССВ Матбуот хизмати билан бўлган суҳбатда.
Шавкат Амоновнинг таъкидлашича, нотўғри дори-дармон истеъмол қилиш, грипп ва ўткир респиратор, вирусли касалликлар натижасида эшитиш аъзоларида нуқсонлар пайдо бўлади.
“Халқимиз тилида тумов, тиббиётда “ринит” деб юритиладиган касалликнинг сурункали шакли бугун кўп учрамоқда. Илмий тадқиқотлар натижасида шуни аниқладикки, беморларнинг саксон фоизида бу касалликка бурундан бошқа аъзолар, масалан, бурун атрофидаги бўшлиқлар шамоллаши, бурун тўсиғи қийшайиши, қолаверса, жигар, буйрак, ошқозон-ичак касалликлари ҳам сабаб бўлади. Бундан ташқари, ҳаводаги чанг-ғубор ва турли ўткир ҳидлар ҳам нафас йўлларида аллергик муаммолар келтириб чиқариб, тумовга олиб келиши мумкин”, деди у.
Шавкат Амоновнинг айтишича, бурун тўсиғи деформацияси аллергик ҳолатлар, димоғ бези катта бўлиши, шунингдек, гижжалар ҳам бурун битишига олиб келиши мумкин. Болаларнинг юзи ёки баданида оқ доғлар бор-йўқлигига эътибор қаратиш зарур. Сўлаги оқса, киндик атрофида оғриқдан шикоят қилса, болани дарҳол мутахассислар кўригига йўллаш зарур. Қулоқ оқиши эса отит, яъни ўрта қулоқ яллиғланиши белгиси бўлиши мумкин. Бу касаллик катталарга қараганда болаларда оғирроқ кечади. Ушбу хасталик юқори нафас йўллари яллиғланиши билан кечадиган юқумли касалликлар – грипп, қизамиқ, скарлатина сабаб юзага келиши мумкин. Касалликни ўз билганича даволаш, қулоққа ҳар хил ёғлар томизиш, қулоқни ковлаш қулоқ пардасига зарар етказиши мумкин. Бемор, албатта, лор шифокори назорати остида даволаниши мақсадга мувофиқ.
Маълумотларга қараганда, ўпкага ҳаво оғиздан эмас, балки бурун орқали кириши керак. Бурун йўлларида ҳаво керакли ҳароратгача иситилади, намлантирилади, патогенлар ва чанг зарраларидан тозаланади. Бундан ташқари, бурундан нафас олиш ўпканинг тўлиқ кенгайишига сабаб бўлади, чунки оғиз орқали нафас олишдан кўра, бурун орқали нафас олишда кўкрак қафаси кўпроқ куч ишлатади. Бу ўпканинг тўлиқ ҳажмини ишлатиш ва бир нафасда қонни кўп миқдорда кислород билан тўйинтириш имконини беради.
“Касаллик қайталанмаслиги учун совуқ қотиш ва шамоллашдан эҳтиёт бўлиш керак. Болани чўмилтираётганда сув кирмаслиги учун қулоғига вазелинли пахта тиқиш керак. Аксарият оналар бундай вазиятда боланинг қулоғига пахтанинг ўзини тиқади. Ҳолбуки, пахта сувни ўзига шимиб ичкарига ўтказади. Бу бола соғлиғи учун жуда зарарли. Қулоқдаги оғриқ ёки суюқлик ажралиши билан кечадиган касалликлар ўз вақтида даволанмаса, менингит, сепсис, ҳатто мия тўқимаси абсесси каби оғир асоратларга олиб келиши мумкин. Шу боис боланинг қулоғи оқишига бефарқ қараб бўлмайди”, дейди мутахассис Шавкат Амонов.
Динара Юсупова
LiveБарчаси