Бир томонда қарз, иккинчи томонда халқ. Ҳукумат “олтин ўрталик”ни топиши керак
Интервью
−
03 Апрель 2021
15269Инсон бой бўлди ва хотиржамлигини йўқотди. Бугун бунинг яққол мисолини АҚШ ва Европа мамлакатларида кўриш мумкин. Ўзбекистон Ҳукумати эса ривожланиш борасида “олтин ўрталик”ни топиши ва пул учун қадриятларни қурбон қилмаслиги керак. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерининг ўринбосари – “Миллий тикланиш” демократик партияси раҳбари Алишер Қодиров QALAMPIR.UZ раҳбари Қамариддин Шайхов билан суҳбатда маълум қилди.
“Охирги 20-30 йилнинг ичида бутун дунёдаги сиёсий жараёнларга эътибор берсангиз, консерватив ғоялар устуворликка эга бўлаётганини кўришингиз мумкин. Бугун инсоният шуни тушуниб етдики, ривожланиш учун қадриятларни қурбон қилмаслик керак. АҚШ дейсизми, ёки Европа мамлакатларида бугун инсон билан боғлиқ инқирозлар жуда кўп. Инсон бой бўлди, лекин хотиржамлигини, туб қадриятларини йўқотиб қўйди. Энг ривожланган Европа бугун оила институтининг инқирозини бошдан кечирмоқда. АҚШда ҳам қандай муаммолар бўлаётганини ҳаммамиз кўриб турибмиз”, дейди Қодиров.
Сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг хорижий мамлакатлар, халқаро молиявий ташкилотлар ва банклар билан мулоқоти кенгаймоқда. Мамлакатнинг ташқи қарзи эса аллақачон 33,8 миллиардга етган. Халқаро молиявий ташкилотлар эса қарз ва кредитларнинг сарфланиши доимий равишда назорат қилиб боради ва демократия, сўз эркинлиги, инсон ҳуқуқлари мавжуд ҳолати бўйича хулосалар киритиб борувчи ташкилотларнинг баёнотига қулоқ тутади. Булардан бири “Human Rights Watch” халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти. У яқинда расмий Тошкентга мамлакат Жиноят кодексидан бесоқолбозликка оид моддани чиқариб юборишни сўраб иккита мурожаат йўллади. Табиий равишда бу мамлакат аҳолисининг эътирозига сабаб бўлди. Хўш, Ҳукумат бундай вазиятларда қандай йўл тутиши керак? Бир тарафда халқ, иккинчи тарафда қарз ва халқаро ташкилотларнинг талаблари. Алишер Қодиров бу ҳақда шундай дейди:
“Жаҳон ҳамжамияти, халқаро институтлар иқтисодий талаблар қўйиши, инвестицияларни маълум талаблар асосида амалга ошириши қадриятларни қурбон қилишга арзимайди. Тўғри, ривожланиш учун “олтин ўрталик”ни топишга мажбурмиз. Ва ҳокимиятнинг олдида турган энг оғир ва мураккаб дилемма ҳам айнан шундан иборат. Халқ ҳеч қачон қадриятларимга зид иш қил, яъни “ота-боболарим тутган йўлдан воз кеч ва эвазига мана бу нарсани олиб кел”, деган талаб билан ҳокимиятни сайламайди. Халқ бугунги ҳокимиятга ишонч билдирганда ана шундай мураккаб шароитларда “олтик ўрталик”ни топиш, яъни ҳам инвестицияларни жалб қилиш, ҳам Ўзбекистонни ривожлантириш, ҳам қадриятларни авайлаб-асраш, халқимиз учун қулай бўлган яшаш шароитини яратиш масаласини илгари сурган”.
Ўзбекистон жамияти бугун бутун дунёда юзага келаётган муаммоларга қачондир учраши табиий эди ва муаммоларни жамиятга ҳеч ким филтрлаб бермайди. Аксинча, одамларнинг ўзи жипслашиши, тоқатли ва конструктив мулоқотга очиқ бўлиши керак. Қодиров бу ҳақда гапираркан, ҳинд сиёсатчиси Маҳатма Гандининг сўзларини эслайди.
“Бугун атрофда ўз манфаати учун курашиб ётган уюшмаларнинг ҳаракатлари ичидан мамлакат ва халқ манфаатини суғуриб чиқа олиш осон эмас ва жуда катта куч талаб қиладиган масала. Бугунги кунда Ўзбекистон шу жараёнга киряпти. Гандининг гапини такрор ва такрор эслайман: ойнани очганингизда фақатгина тоза ҳаво кирмайди, ҳавога қўшилиб чанг-тўзон ҳам кириб келади. Биз бугун ойнани очдик. Бир неча йиллар давомида ойнани ёпиб ўтирдик. Оқибатда ҳаво ҳам кирмади. Бугун эса ўзгаришлар бўляпти ва бу ўзгаришлар билан бирга провокатив, ғараз мақсадлар ҳам киради. Бу жараён табиий ва буни биз учун ҳеч ким филтрлаб бермас эди. Энди бунинг ечими битта: биз жамият сифатида шаклланишимиз керак. Бизда ахборот, мафкуравий ва қадриятларни ҳимоя қилиш иммунитети шаклланиши керак. Азалий қадриятларимиз ривожланишимизнинг пойдевори бўлиши учун бир халқ бўла олишимиз, тарқоқ бўлмай, умумий мақсад йўлида бирлашишимиз шарт. Бугун мана шундай жамиятлар ютяпти”, дейди Қодиров.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерининг ўринбосари – “Миллий тикланиш” демократик партияси раҳбари Алишер Қодиров билан эксклюзив интервьюнинг тўлиқ шаклини юқоридаги видеоплеерда ёки QALAMPIR.UZ'нинг YouTube'даги саҳифасида томоша қилишингиз мумкин.
LiveБарчаси