Байден ҲАМАС нега Исроилга ҳужум қилганини айтди
Олам
−
20 Январь
13506АҚШ Президенти Жо Байден ҲАМАСнинг Исроилга ҳужуми сабаби АҚШнинг Саудия ва яҳудий давлатини яқинлаштиришга уриниши эканини айтди. Бу ҳақда у кеча, 19 январь куни Оқ уйдаги Америка мэрларининг конференциясида сўз очди.
“Ҳусийлар ва ҲАМАСнинг Исроилга ҳужуми менинг Саудия Арабистони билан келишувга эришмоқчи бўлганим ва муносабатларни яхшиламоқчи бўлганимга боғлиқ. Аслида мен Исроил билан арабларнинг муносабатини яхшилаб, минтақадаги динамикани ўзгартирмоқчи эдим”, дейди Президент.
Унинг эслатишича, АҚШ, Европа Иттифоқи ва бошқа бир қанча давлатлар 2023 йилда Нью-Деҳлида бўлиб ўтган G20 саммитида Ҳиндистонни Яқин Шарқ ва Европа давлатлари билан боғловчи транспорт-иқтисодий коридор яратиш лойиҳасини қўллаб-қувватлаган. Байденнинг сўзларига кўра, улар Саудия Арабистони, Иордания, Исроил каби давлатлардан Англиягача бўлган темирйўлни қуришни режалаштирган.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг 7 октябрь куни эрталаб Ғазо секторидан Исроил ҳудудига ракета ҳужуми бошланди. Кейинчалик ҲАМАС Исроилга қарши “Ал-Ақсо тўфони” ҳарбий операцияси бошланганини эълон қилди. ҲАМАС бу операцияни Исроилнинг Ал-Ақсо масжидидаги ҳаракатларига жавоб эканини айтганди. Кейинчалик ЦАХАЛ Ғазо секторига ҳужумни бошлади ва у ерда ҳали ҳам уруш давом этмоқда.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь