“Бавария” “Барса”нинг сўровларига жавоб бермаяпти

Спорт 2332
image

Германиянинг “Бавария” клуби ҳужумчи Роберт Левандовскининг трансфери бўйича “Барселона” билан музокара олиб боришни истамаяпти. Бу ҳақда “Suddeutsche Zeitung” нашри хабар берди.

Манбага  кўра, мюнхенликлар “Барселона” спорт директори Матеу Алемани қўнғироқларига жавоб бермаяпти. Шу сабабли, “кўк анорранглилар” Левандовски учун таклифларини юборишда бюрофаксдан фойдаланишга мажбур бўлмоқда.

Қайд этилишича, “Бавария” ва польшалик ҳужумчининг агенти Пини Захави ўртасидаги муносабатларга ҳам совуқчилик тушган. Шунингдек, Робертнинг ўзи ҳам немис клуби раҳбариятининг манзили томон танқидий сўзларни айтишдан тийилаётгани йўқ.

“Бавария”нинг “Барселона” билан мулоқатга тоқатсизлигидан келиб чиққан ҳолда, Левандовски жорий йилнинг 12 июлдан бошлаб Мюнхен жамоаси билан мавсумолди машғулотларини бошлашга мажбур бўлиши мумкин.

Маълумот ўрнида, ўтган мавсумда Левандовски “Бавария” сафида 46 та ўйинда майдонга тушиб, 50 та гол урган ва 7 та голли узатмага муаллифлик қилган. Польшалик ҳужумчининг “Бавария” билан амалдаги шартномаси 2023 йилнинг ёзига қадар мўлжалланган. “Тransfermarkt” портали 33 ёшли ҳужумчини 50 миллион еврога баҳоламоқда.

Маъруф Абдумаликов

.
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 10
Рейтинг: 2.6
t
×