“Барон-2” фильмига ажратилган пуллар еб юборилганми? Саъдиев мурожаат билан чиқди

Маданият-санъат 32664
image

Кеча, 28 октябрь куни кинорежиссёр Рустам Саъдиев ўзининг Facebook саҳифаси орқали “Барон-2. Соғинч” кино фильмининг ҳужжатлари сохталаштирилган деган хабарларни туҳмат деб атади ва радия билдирди.

Гап шундаги, Telegram каналларнинг бирида “Барон-2” бадиий фильми давлат бюджетидан 5,6 миллиард сўм маблағ сарфланиб, ишлаб чиқариш жараёнида камомадга йўл қўйилгани, бугунги кунда қалбаки ҳужжатлар асосида унинг мулк ҳуқуқи бегоналаштирилгани ҳақида хабар тарқалган.

Рустам Саъдиевнинг маълум қилишича, фильмнинг умумий бюджети бир миллион АҚШ долларидан ошиб кетган.

“Фильмнинг умумий бюджети 1.150.000 $ бўлиб, Ўзбекистон кинематография агентлиги 5 миллиард 723 миллион сўм ва Россиянинг “Inferno Production” компанияси 31 миллион рубль миқдоридаги инвестицияси билан шакллантирилди (50%/50%)”, дейди у.

Режиссёр ушбу картинани мустақил Ўзбекистоннинг 31 йиллик тарихида Россия Федерацияси билан ҳамкорликда ишланган биринчи фильм деб атаган.

“Бу фильм Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Минтақавий аксилтеррор тузилмаси (ШҲТ МАТТ), Ўзбекистон кинематография агентлиги ҳамда миллий кино тарихида биринчи маротаба Россия Федерацияси ҳамкорлигида суратга олинган”, дейди режиссёр

Рустам Саъдиевга кўра, бу фильмнинг ҳамкорлик ҳужжатлари устида Адлия вазирлигининг юристлар гуруҳи ишлаган.

“Бу ҳамкорлик шартномасига Ўзбекистон кинематография агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқов 3 ой қўл қўймасдан, Адлия вазирлиги юристлар гуруҳини ташкил этиб, ҳар бир пунктини қайта ишлатгандан кейин қўл қўйган. Фильмни суратга олишда кўп қийинчиликларни бошимиздан кечирдик. Ростини айтсам, эслагим келмайди. Асосийси, фильм тайёр бўлди”, дея таъкидлади Саъдиев.

Кинорежиссёр фильм бўйича олтита “факт”ни санаб ўтган. Қайд этишича, фильм тўрт мамлакатда премьера қилинган ва ҳозирги вақтгача Тошкент шаҳрининг ўзида икки миллиард сўмдан зиёдроқ даромад келтирган. Саъдиевнинг урғулашича:

1. Фильмнинг умумий бюджетидан 50% тежаб қолиниб, ташқи инвестиция ҳисобига амалга оширилган;

2. Фильм съёмкалари 5 та давлатда бўлиб, ҳар бир давлатда 8-10 та манзилларни ташкил этган;

3. Биринчи маротаба ўзбек киносида 80% чет элнинг таниқли юлдуз-актёрлари иштирок этди;

4. Бу биринчи “Dolby” овозли ўзбек фильми бўлди;

5. Бу бир пайтда 4 давлатда катта экранга чиққан биринчи миллий фильм;

6. Фильм шу йилнинг 18 августида экранга чиққан бўлса, бугунги кунгача фақат Тошкент шаҳри кинотеатрларида миллий кино тарихида биринчи маротаба икки миллиард сўмдан ошиқ маблағ тўплади ва кинотеатрларда намойиш этилиши ҳозир ҳам давом этмоқда.

Рустам Саъдиев Россия ва Қозоғистон кинотеатрларини мисол келтирар экан, бу икки мамлакатда чет эл фильмлари 20-25% ни, Ўзбекистонда эса бу кўрсаткич 95%ни ташкил этишини маълум қилган.

“Ҳозирги кунда қўшни Қозоғистонда кинотеатрлар экранларини 80% миллий фильмлари 20% чет эл фильмлари ташкил этяпти. Россия Федерациясида эса 75% рус фильмлари 25% чет фильмлари. Ўзбекистонда кинотеатрларда 95% Голливуд ва Россия фильмлари ташкил қиляпти. Афсуски, бу ҳозирги статистика”, деган режиссёр.

Рустам Саъдиев ҳужжатлар қалбаки деган маълумотни асоссиз деб айтган ва кинони талаш эмас, кўтариш керак деган фикрни илгари сурган.

“Агар эндигина халқимизни тилига тушаётган ҳар бир фильмни қўллаш ўрнига пресса орқали талайверсак, унда кинотеатрларда энди ўз қанотларини томошабин олдида тиклаётган миллий кинога қизиқишни ўлдириб қўймаймизми? Агар шунча қилинган меҳнатга қалбаки ҳужжат қилинган деб асоссиз информация чиқяптими, демак бу ерда кимгадир тош отиляпти. Илтимосим миллий кинони кўтарайлик, таламайлик”, деган у.

Улуғбек Худойберганов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 978
Рейтинг: 3
t
×