Баку асирлар эвазига муҳим харитани қўлга киритди

Олам

image

Озарбайжон Арманистоннинг 10 нафар ҳарбий хизматчисини Ереванга топширди. Бу ҳақда Озарбайжон Давлат хавфсизлик хизмати маълум қилди, деб хабар бермоқда ТАСС.

“Озарбайжон Республикаси инсонпарварлик тамойилларига амал қилган ҳолда 4 декабрь куни 10 нафар ҳарбий хизматчини Арманистон томонига топширди”, дейилади хавфсизлик хизмати матбуот хизмати хабарида.

Арманистон, ўз навбатида, Озарбайжонга Баку назоратига ўтган бир қатор ҳудудларнинг миналанган майдонлари харитасини топширди, дея хабар берган махсус хизмат. Айирбошлаш жараёнига Россия томони воситачилик қилган. Республика Давлат хавфсизлик хизмати ушбу ҳарбий хизматчилар 16 ноябрь куни икки давлат чегарасида юз берган тўқнашувлардан сўнг қўлга олинганини таъкидлади.

Озарбайжон Давлат хавфсизлик хизмати Россия Федерациясига алмашинувдаги ёрдами учун миннатдорчилик билдирди.

Қорабоғ можароси

2020 йилнинг 27 сентябрь куни Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги Қорабоғ уруши қайта оловланди.  

Расмий Бакуга кўра, Арманистон Қуролли Кучлари 2020 йилнинг 27 сентябрь куни соат 06:00 дан бошлаб Озарбайжонга қарши кенг кўламли провокацияларни амалга оширди, бутун фронт бўйлаб Озарбайжон армиясининг позицияларини, шунингдек, олдинги чизиқ зонасида жойлашган аҳоли пунктларини ўққа тутди. 

Арманистон ҳужум Озарбайжон қуролли кучлари томонидан бошланганини айтди. Озарбайжон эса қуролли тўқнашувга нисбатан жавоб ҳужумлари бошлаганини расман эълон қилиб, Арманистон чегарасидаги тинч аҳоли вакилларини чегара ҳудудларидан четга чиқишларини сўради. 

Ҳолат бўйича Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев халққа мурожаат билан чиқиб, тўқнашув Озарбайжоннинг провокацияси эмаслигини айтди. 

Никол Пашинян эса мамлакатда ҳарбий ҳолат ва умумий сафарбарлик эълон қилди.  Бунинг ортидан Илҳом Алиев мамлакатда ҳарбий ҳолат ва комендантлик соати эълон қилиш ҳақидаги фармонга имзо чекди. Шунингдек, Алиев 28 сентябрь куни қисман сафарбарлик эълон қилиш ҳақидаги ҳужжатни имзолади.  

Ноябрь ойига келиб Озарбайжон Қуролли Кучлари Тоғли Қорабоғдаги муҳим ҳудудларни, жумладан стратегик жиҳатдан аҳамиятли бўлган Шуша шаҳрини ўз назорати остига олди. Ушбу ҳарбий ҳаракатлар 2020 йилнинг 9 ноябрь куни Россия Федерацияси, Озарбайжон Республикаси Президентлари Владимир Путин, Илҳом Алиев ва Арманистон Бош вазири Никол Пашинян ўртасида имзоланган қўшма баёнот билан ўз якунига етди. Сулҳ битимига кўра, 10 ноябр соат 00:00 дан бошлаб Қорабоғда ҳарбий ҳаракатлар бутунлай тўхтатилди, Арманистон Тоғли Қорабоғдаги 3 та ҳудудни Озарбайжонга қайтариш мажбуриятини олди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

129

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг