“Бахшичилик санъати” UNESCO'нинг номоддий маданий мерос рўйхатига киритилди
Маданият-санъат
−
16 Декабрь 2021
4436UNESCO'нинг Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш бўйича ҳукуматлараро қўмитаси (НМММҲҚ) XVI сессияси доирасида “Бахшичилик санъати” Ўзбекистоннинг номоддий маданий мероси элементи сифатида Инсоният номоддий маданий мероси Репрезентатив рўйхатига киритилди. Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси маълум қилди.
Ушбу элемент бўйича номинацион пакет Ўзбекистоннинг UNESCO ишлари бўйича Миллий комиссияси томонидан тайёрланиб, 2020 йилда НМММҲҚга тақдим этилган. Икки йил давомида UNESCO ишлари бўйича Миллий комиссия ва Ўзбекистоннинг Париждаги доимий делегацияси Қўмитага аъзо давлатлар, Баҳолаш комиссияси ва UNESCO Котибияти билан ҳамкорликда мазкур элементни тарғиб қилиш бўйича фаол иш олиб бормоқда.
Қайд этилишича, сессия доирасида Бош вазир ўринбосари, Ўзбекистоннинг UNESCO ишлари бўйича Миллий комиссияси раиси Азиз Абдуҳакимов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси томонидан “Бахшичилик санъати” номинациясининг тақдимоти ўтказилди. Тадбир иштирокчиларига ушбу санъат турини асраб-авайлаш ҳамда миллий ва халқаро миқёсда тарғиб қилиш бўйича ҳукуматимиз томонидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилган.
Тадбирда Ўзбекистон ҳудудида бахшичиликнинг ривожланиш тарихини акс эттирувчи махсус видеоролик намойиш этилди.
НМММҲҚ ушбу элементни Инсониятнинг номоддий маданий мероси Репрезентатив рўйхатига киритишни аккламация (кенг консенсус) йўли билан ҳеч қандай дебатлар ва овозга қўйишларсиз маъқуллади.
“Бахшичилик санъати” Ўзбекистон Республикаси томонидан Репрезентатив рўйхатга киритилган номоддий маданий мероснинг олтинчи элементи бўлди. Бунга қадар ушбу рўйхатдан “Бойсун тумани маданий макони” (2008), “Катта ашула” (2009), “Аския” (2014), “Палов маданияти ва анъаналари” (2016) ва “Лазги” (2019) ўрин олган эди. Бундан ташқари, Ўзбекистон бошқа давлатлар билан ҳаммуаллифликда “Шошмақом” (2008), “Наврўз” (2016) ва “Миниатюра санъати” (2020) номинацияларини илгари суришда иштирок этди.
Келгуси йилларда “Ўзбекистон кулолчилик мактаби” миллий элементлари, шунингдек, бошқа давлатлар билан “Ҳунармандчиликнинг анъанавий услуби” ва “Рубоб чалиш”, “Марказий Осиёда анъанавий каштачилик услуби”, “Хўжа Насриддин қиссаларини айтиш анъанаси” каби кўп миллатли номинацияларни НМММҲҚ муҳокамасига киритиш режалаштирилган.
LiveБарчаси