Азиз Абдуҳакимов “каттаконлар”дан ишга велосипедда келишни сўради

Жамият 6564
image

Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари – Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов эртага, 22 сентябрь куни “Халқаро автомобилсиз кун” доирасида давлат идоралари ва маҳаллий органлар раҳбарларини ҳеч бўлмаса йилда бир мартда автомобилда ҳаракатланмасдан, ишга велосипед ёки пиёда келишга чақирди. Шу муносабат билан унинг ўзи ҳам ишга велосипедда борди.

“Халқаро автомобилсиз кун” муносабати билан давлат идоралари ва маҳаллий органлари раҳбарларини шахсий намуна кўрсатиб, 22 сентябрь “Халқаро автомобилсиз кун” тадбирларида фаол иштирок этишга чақираман. Шу билан бирга, илм-фан, маданият ва спорт соҳалари ходимлари ҳамда ОАВ вакилларини, қолаверса барча юртдошларимизни шу куни оммавий тадбирларда фаол иштирок этишга ҳамда бир кун давомида автомобиль ўрнига велосипеддан фойдаланиш ёки пиёда ҳаракатланишга чорлаб қоламан. Автомобилсиз кун акцияси доирасида #carfreeday_uzbekistan, #shaxsiynamunakursat, #avtomobilsizbirkun хэштегларидан фойдаланиб, яна-да кенг аҳолини қамраб олишни таклиф этаман”, дейди Азиз Абдуҳакимов.

Вазирнинг қайд этишича, жисмоний фаолликни ошириш инфекцион, юрак-қон томир, саратон ва қандли диабет касалликлар профилактикасида ҳам муҳим ўрин тутади. 

“Бу каби тадбирларни ўтказиш мамлакатимизда йўл харакати хафсизлигини яна-да такомиллаштириш, шаҳар аҳолиси ўртасида экологик маданият ҳамда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишни мақсад қилган. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳам ўз тавсияларида жисмоний фаолликни ошириш инфекцион, юрак-қон томир, саратон ва қандли диабет касалликлари профилактикасида муҳим ўрин тутишини таъкидлайди. Шундай экан, фикримча, айни дамда дунёда пандемия билан боғлиқ вазиятда бундай акциянинг ўтказилиши айни муддаодир”, дея таъкидлади Туризм ва спорт вазири.

Маълум қилинишича, ҳар йили 22 сентябрь куни Ўзбекистон ҳудудида, маҳаллаларда яшовчи уюшмаган ёшлар ўртасида ҳам велосипед, скейт ва самокатларда учиш мусобақалари ташкил этилади.

Юлдуз Абдурашидова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 82
Рейтинг: 3.1
t
×