Aйрим вилоятлар наркологлар билан 50 фоизгача ҳам таъминланмаган – Вазир ўринбосари
Жамият
−
11 Сентябрь 2020
4019Сенатнинг еттинчи ялпи мажлисида “Наркологик касалликлар профилактикаси ва уларни даволаш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди. Қонун муҳокамаси давомида Aбдуҳаким Ҳожибоев наркологик муассасаларидаги муаммоларни санаб ўтди.
Вазир ўринбосарининг айтишича, ҳозирги кунда мавжуд наркологик тиббиёт муассасаларида 506 та нарколог-шифокор штати бўлиб, уларнинг 435 таси банд. Шифокорлар билан таъминланиш даражаси 84 фоизни ташкил қилган. Кўпгина вилоятларда аҳвол бундан ҳам оғир. Навоий вилоятида нарколог-шифокорлар билан таъминланиш даражаси 33 фоиз, Сирдарё вилоятида 47,8 фоизни ташкил қилган.
“Бу жиддий муаммо. Жорий йилнинг биринчи ярмида Тошкент врачлар малакасини ошириш институтида 240 нафарга яқин шифокор-нарколог, психолог ва психотерапевтлар ўз малакаларини оширган.”, дейди Aбдуҳаким Ҳожибоев.
Маълум бўлишича, қонунда биринчи навбатда психоактив моддаларнинг тарқалишига ва нотиббий истеъмол қилинишига сабаблар ҳамда шарт-шароитларни аниқлаш ва бартараф этишга қаратилган ижтимоий, маърифий ҳамда тиббий-психологик тадбирлар комплексини амалга ошириш кўзда тутилган.
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари наркологик касалликларга чалинган, ғайриижтимоий хулқ-атворга мойил шахсларни профилактик ҳисобга олишни амалга оширишда ички ишлар органларининг профилактика инспекторларига кўмаклашиши белгиланган. Янги қонунга кўра, давлат амбулатория ва стационар шароитларда бундай беморларга маслаҳат бериш, ташхис қўйилишини, даволашни, психопрофилактик, реабилитациявий, ижтимоий ёрдам кўрсатилишини кафолатлайди.
Наркология диспансерлари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида, шунингдек, мамлакатнинг йирик шаҳарларида республика, вилоят, шаҳар ёки туманлараро даражада мустақил даволаш-профилактика муассасалари сифатида ташкил этилиши, қолаверса, амбулатория шароитларидаги наркологик ёрдам туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникалари тузилмасида ташкил этилган наркология кабинетлари томонидан кўрсатилиши белгиланган.
Сенат аъзолари мазкур қонунни маъқуллаш тўғрисида қарор қабул қилди.
Aҳрорбек Ҳайруллаев
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь