Айрим тадбиркорларга даромад солиғи тўлашда енгиллик берилди
Жамият
−
15 Сентябрь 2021
4960Эндиликда якка тартибдаги тадбиркорлар даромад солиғининг қатъий белгиланган суммаларини тўлашдан озод қилинади. Бу ҳақда “Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунда келтирилган.
Қонун билан Солиқ кодексига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга мувофиқ, 2022 йил 1 январгача бўлган даврда 2020 йил 31 декабрдаги ҳолатга кўра солиқ қарзини мажбурий равишда ундириш, шунингдек қуйидагилар бўйича пеня ҳисоблаш чоралари кўрилмайди:
• Туризм, транспорт ва умумий овқатланиш билан банд тадбиркорларнинг мол-мулк ва ер солиғи бўйича;
• 2020 йилда ҳисобланган ва қийинчиликлар билан юридик шахслар томонидан тўланмаган уларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ва ер солиғи бўйича;
• 2020 йил 15 майдаги ҳолатга кўра қарздорлиги мавжуд бўлган микрофирмалар ва кичик корхоналарга солиқлар, пенялар ва солиқ тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун ҳисобланган жарималар бўйича.
2021 йил 31 декабргача бўлган давр учун туроператорлар, турагентлар ва туризм соҳасида меҳмонхона хизматлари (жойлаштириш хизматлари) кўрсатувчи тадбиркорлик субъектлари:
• фойда солиғини белгиланган солиқ ставкаларига нисбатан 50 фоиз камайтирилган солиқ ставкалари бўйича тўлайди;
• ижтимоий солиқни 1 фоиз миқдоридаги солиқ ставкаси бўйича тўлайди;
• юридик шахсларнинг мол-мулкидан олинадиган солиқни ва юридик шахслардан олинадиган ер солиғини тўлашдан озод қилинади.
Шунингдек, солиқ тўловчиларнинг қуйидаги тоифаси фойда солиғини ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқни белгиланган солиқ ставкасидан 50 фоиз пасайтирилган солиқ ставкалари бўйича тўлайди:
• Президент қарорида Қорақалпоғистон Республикасининг ҳар бир шаҳари ва тумани учун “ўсиш нуқтаси” деб белгиланган фаолият турларини амалга ошираётган янгидан ташкил этилган тадбиркорлик субъектлари – 2024 йил 1 январгача;
• Қорақалпоғистон Республикасининг Тахтакўпир, Бўзатов ва Шуманай туманларида жойлашган, янгидан ташкил этилган саноат соҳасидаги тадбиркорлик субъектлари – 2024 йил 1 январгача.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси томонидан аниқланган рўйхат бўйича Қорақалпоғистон Республикасида хизматлар кўрсатишга ихтисослаштирилган ва оғир шароитлардаги 45 та маҳалла ва овулларда жойлашган, янгидан ташкил этилган тадбиркорлик субъектлари – 2026 йил 1 январгача. Тадбиркорлик субъектларининг мазкур тоифаси фойда солиғидан ҳам озод қилинади.
Кеча, 14 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан “Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун имзоланди.
Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
LiveБарчаси