Айрим матбуот котибларини ҳоким ё вазирнинг “бюджет маблағларидан ёлланган шахсий журналисти” деб аташ керак – Шайхов

Жамият

image

Матбуот котиблари бюджетдан ойлик оляптими, демак улар нафақат вазири ёки ҳокимига, балки жамоатчиликка ҳам хизмат қилиши керак. Бугун жамоатчилик билан алоқа ўрнатмаган, оммавий ахборот воситаларидаги таҳлил ва муаммоли мақолаларга жавоб бермай келаётган матбуот котиблари ҳисобот даврида АОКА томонидан “Йилнинг энг яхши матбуот котиби” сифатида эътироф этилиши – қабул қилиб бўлмайдиган ҳолат. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ раҳбари Қамариддин Шайхов кеча, 9 июль куни “Юксалиш” умуммиллий ҳаракатида бўлиб ўтган Олий Мажлис Сенатининг Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитаси биринчи йиғилишида сўз очди. 

Йиғилишда қўмитанинг жорий йилнинг иккинчи ярмидаги фаолият режаси ва экспертлар гуруҳи тасдиқланди. Экспертлар гуруҳидан QALAMPIR.UZ раҳбари Қамариддин Шайхов ҳам ўрин олган. 

"Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитаси бугунгача ахборот соҳасида фаолият юритган бошқа ташкилотлардан ўзининг кескин юки билан фарқ қилади ва биз бундан умид қиляпмиз. Очиқлик сиёсати, давлат идораларинг очиқлиги, матбуот котибларининг фаолияти ҳақида кўп гапириляпти. Биз, журналистлар ҳам бир неча йиллардан буён Ахборот хизмати ҳокимнинг адвокати бўлиб қолмаслиги керак, деган фикрни таъкидлаб келяпмиз ва ҳамон бу фикрда собитмиз”, дейди Қамариддин Шайхов.

Йиғилишда қўмита раисининг ўринбосари Фарҳод Боқиев, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Дилшод Саиджонов, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурҳонов қатнашиб, келгусида қўмита фаолиятини юритиш, давлат органларида очиқликни таъминлаш меъзонларини ишлаб чиқиш ва бу бўйича ҳисоботлар якунида очиқлик сиёсатига қарши ишлаган матбуот котибларга дакки бериш ёки яхши ишлаганларни рағбатлантириш назарда тутилаётганини таъкидладилар. 

Йиғилишда сўзга чиққан QALAMPIR.UZ раҳбари Қамариддин Шайхов давлат идоралари матбуот котибларини баҳолашнинг бугунги тизими самарасиз экани, ОАВ билан умуман ҳамкорлик қилмай, уларнинг танқидлари ва муаммоли мақолалаларига жавоб бермай келаётган матбуот котиблари йил якунида АОКА томонидан “Йилнинг энг яхши матбуот котиби” сифатида эътироф этилиши тушунарсиз ва ислоҳотларга қарши ҳолат эканини айтди. Шунингдек, у барча ишларни аввало Сенатнинг ўзидан бошлаш кераклигини урғулади. 

“Матбуот котибларини баҳолаш меъзонлари тўғрисида сўз борди. "Балиқ бошидан" деган гап бор халқимизда. Аслини олганда, Сенат, Коррупцияга қарши кураш агентлиги, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг ўзи ОАВга қанчалик очиқ? Масалани биринчи навбатда шу тарафдан кўриб чиқишни тавсия қилган бўлардим. Чунки, Сенат ва Коррупцияга қарши кураш агентлигига ҳам бир неча бор интервьюлар сўраб, расмий мурожаат билан чиққанмиз. Аммо, жавоблар бўлмаган. Бу қонунчиликнинг бузилиши.

Иккинчидан, қачонгача матбуот котибларининг фаолиятини улар билан ишлашда муаммога дуч келаётган, саволи жавобсиз қолаётган журналистлар, оммавий ахборот воситалари, биз эмас, бошқалар баҳолайди? Умуман, бу баҳолаш мезони қандай? Биз айрим матбуот котибларининг номини айтиб, ишламаяпти, йил бўйи ҳеч нарса қилмади, танқидларга жавоб бермаяпти, деб айюҳаннос соламиз. Бир танқидимиз ортидан, саволларимизга ёки хатимизга жавоб бериш нари турсин, буткул телефон рақамимизни блоклаб қўйишади. Лекин, эртаси куни қарасангиз, АОКАда “Йилнинг энг яхши матбуот котиби” деб мукофотланган бўлади. Бундайлар кўп. Улар ўзи истаган ахборотни тарқатувчими ёки жамоатчиликнинг муаммолари билан ишлаб, уларнинг саволига жавоб берувчими? Агар улар фақат ўзи истаган ахборотни тарқатса, уларни Ахборот ва жамоатчилик билан алоқалар хизмати эмас, ҳоким ёки вазирнинг бюджет маблағларидан ёлланган (!) шахсий журналисти, деб аташ керак. Бошқа ном билан эмас”, дейди Қамариддин Шайхов. 

Шунингдек, йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 16 июндаги “Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ва 2014 йилда қабул қилинган “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг ижросини таъминлаш масаласи ҳам муҳокама қилинди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

48

Рейтинг

3.3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг