Айрим хотин-қизлар ҳокимликлар ва ОТМ ҳисобидан ўқитилади – Президент қарори қабул қилинди

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. 

Қарорга кўра, 2021 йил мобайнида ҳар бир ҳудудда асосан хотин-қизлар фаолият юритадиган ҳунармандчилик турларига ихтисослашган кластерлар фаолияти тажриба сифатида жорий этилади.

“Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”ни самарали юритиш, ишсиз фуқароларга бандлик соҳасида тизимли ёрдам кўрсатиш мақсадида ҳар бир маҳаллада меҳнат инспекторига “жамоатчи ёрдамчи”лар жалб этилади. 

“Жамоатчи ёрдамчи”лар билан 11 ой муддатгача жамоат шартномалари тузилади ҳамда уларнинг иш ҳақи меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг бир ярим баравари миқдорида белгиланади. 

Қарорга кўра, тегишли касб-ҳунар таълим муассасаларининг бўш турган қисми тадбиркорларга 30 йилгача муддатга имтиёзли ижарага берилади.

Шунга кўра, хотин-қизлар тадбиркорлик субъекти сифатида давлат рўйхатидан ўтказилганидан сўнг 3 ой мобайнида уларга берилган бўш турган биноларнинг ижара тўловлари БҲМнинг 10 бараваригача (2 млн 450 минг сўмгача) миқдорда тўлаб берилиб, шунингдек, бўш турган биноларни 1 йилгача муддатда имтиёзли равишда ижарага бериш тартиби жорий этилади. 

2021/2022 ўқув йилидан базавий тўлов-контракт асосида давлат ОТМга қабул қилинган, ота-онаси ёки уларнинг биридан айрилган муҳтож қизлар, боқувчиси йўқ ёлғиз аёлларни Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳамда давлат ОТМ ҳисобидан ўқитиш тартиби жорий этилади. 

Шунингдек, бакалавриат босқичини муваффақиятли тамомлаб, хорижнинг нуфузли таълим муассасаларига “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиялари асосида ўқишга юбориладиган стипендиатлар орасида хотин-қизлар улуши камида 20 фоизга кўпайтирилади.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

60

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг