Автомобиль қайта расмийлаштириш учун белгиланган тўловлар миқдори пасайтирилиши мумкин

Жамият 7144
image

Иккиламчи бозордан автомобиль харид қилинганда уни бошқа шахс номига нотариал расмийлаштириш ҳамда  ДЙҲХХда рўйхатдан ўтказишда тўланадиган  давлат божи ва йиғимлар ставкаларининг юқорилиги қўплаб фуқаро ва сайловчиларнинг норозилигига сабаб бўлмоқда. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутат Дониёр Ғаниев маълум қилди.

Депутатга кўра, амалдаги “Давлат божи тўғрисида”ги қонунга асосан, автомобиль олди-сотди шартномасини расмийлаштириш учун ундириладиган давлат божи транспорт воситасининг двигател қуввати (от кучи) ва ишлаб чиқарилган санасидан келиб чиққан ҳолда  БҲМнинг 2 баробари (540 000 сўм)дан 10 баробари (2 700 000 сўм)гача этиб белгиланган. Бундан ташқари, нотариус пуллик хизматлари учун БҲМнинг 65 фоизи миқдорида (175 500 сўм) қўшимча тўловлар бор.

Шунингдек, сотиб олинган автотранспорт воситасини ДЙҲХХ (ГАИ)да рўйхатдан ўтказиш учун  ҳам транспорт воситасининг от кучи ва ишлаб чиқарилган санасидан келиб чиққан ҳолда йиғим белгиланган. Автотранспорт йиғимидан ташқари, фуқародан сотиб олинган автомобилга янги қайд этиш гувоҳнома (техпаспорт)си, давлат рақам белгиси ва рўйҳатдан ўтказиш хизмати учун жами 621 000 сўм қўшимча тўловлар ундирилади.

“От кучи 105 бўлган ва ишлаб чиқарилган санаси 3 йилдан кўп бўлмаган Nexia автомобилини олди-сотди шартномасини нотариал расмийлаштириш учун 1 795 500 сўм, ДЙҲХХда рўйҳатдан ўтказиш учун эса 3 739 500 сўм, яъни жами 5 млн. 535 минг сўм харажат талаб қилинмоқда.

Солиштириш учун, автомобилни тасарруф этиш ва сотиш ҳуқуқи билан бегона шахсларга бериладиган ишончнома (халқ тилида ген. доверенност) учун белгиланган давлат божи БҲМнинг 3 баробари (810 000) сўм этиб белгиланган. Пуллик нотариус хизматлари билан қўшиб ҳисоблаганда ҳам бундай ишончнома жами 985 500 сўм харажат талаб этади. Шунингдек, ишончномаларни ДЙҲХХда рўйҳатдан ўтказиш талаб этилмайди.

Натижада, автомашина олди-сотдиси учун белгиланган юқори бож ва йиғимлар боис аксарият ҳолларда фуқаролар олди-сотди шартномасини расмийлаштиришни четлаб ўтиб, уни ишончнома орқали расмийлаштиришни маъқул кўрмоқда. Охирги йилларда нотариал идоралар орқали бегона шахсларга автомобилларни тасарруф этиш ва сотиш ҳуқуқи билан берилган ишончномалар сони кескин ошгани ҳам буни тасдиқламоқда”, дейди депутат Ғаниев.

Статистик маълумотларга кўра, 2017 йилда бегона шахсларга тасарруф этиш ҳуқуқи билан расмийлашган ишончномалар сони атига 20 996 та бўлган бўлса, бу рақам 2020 йилда 18 баробарга ошиб, 376 521 тага етган. Жорий йилда (2021 йил 18 сентябр ҳолатига) бегона шахсларга тасарруф этиш ҳуқуқи билан расмийлашган ишончномалар сони 324 721 тани ташкил этган. Шунингдек, нотариал расмийлашган автомобиль олди-сотди шартномаларининг сони ҳам 2018 йилдаги 343 674 тадан 2020 йилга келиб 308 413 тага камайган. 

Депутатга кўра, ушбу ишончномаларни катта қисми аслида олди-сотди шартномаси эканлиги инобатга олинса, бундай ҳақиқатга тўғри келмайдиган авто-битимлар мулк ҳуқуқи ва фуқаролик муносабатларида салбий оқибатлар келтириб чиқармоқда.

“Биринчидан, ишончнома 3 йилдан ошмаган муддатга берилади ва хохлаган пайтида ишончнома берган шахс томонилдан бекор қилиниши мумкин. Иккинчидан, ишончнома берган шахс вафот этса ишончнома автоматик бекор бўлади. Учинчидан, ҳайдовчи томонидан йўл ҳаракати қоидалари бузилганда жарималар ишончнома берувчи номига келиб тушаверади ва турли низоларга сабаб бўлади. 

Кўриниб турибдики, иккиламчи бозордан харид қилинган автотранспортни харидор номига ўтказиш учун белгиланган давлат божи ва ДЙҲХХда рўйхатдан ўтказиш йиғим ставкаларининг қайта кўриб чиқиш зарурияти бор. Қолаверса, автомобиль олди-шартномасини расмийлаштириш харажатлари камайса, уларнинг сони ошиб,  давлат бюджетига ундирилиши кўзланган тушумлар миқдори ҳам ошади.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, Молия вазирига 2022 йил учун давлат бюджетининг параметрларини шакллантиришда автомобиль олди-шартномасини расмийлаштириш учун белгиланган тўловлар миқдорини пасайтириш имкониятини кўриб чиқишни сўраб, депутат сўрови юборилди. Шунингдек, парламентда бюджет лойиҳаси муҳокамаси бошланганда ушбу масалага алоҳида эътибор қаратиб, кун тартибига олиб чиқишга ҳаракат қиламан”, дея депутатлик сўрови юборилганини маълум қилган Ғаниев.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 366
Рейтинг: 3
t
×