Австралия аланга ичида қолди!
Олам
−
07 Январь 2020
9338Австралия бир неча ойдирки аланга ичида қолган. Мамлакатда ўрмон ёнғинлари борган сари кучайиб, кенгайиб боряпти. Ёнғин тутуни Жанубий Америкагача етиб бориб, Чилининг марказий ва жанубий ҳудудларининг катта қисмида осмонни қоплади. Бу ҳақда Чилининг MeteoChile метеорологик хизмати хабар берди.
“Тасвирда Австралиядаги ёнғинлар тутунини кўриш мумкин. Ҳаво оқими уни Чили ва Аргентинагача етказди”, деб маълум қилган MeteoChile ўз хабарида.
Сўнгги маълумотларга кўра, ёнғин оқибатида ҳалок бўлганлар сони 25 нафарга етган. Ҳайвонот олами бой бўлган Австралияда ярим миллиардан ортиқ жонзот ёниб кетган, жумладан, 8 минг коала ҳам. 1,5 мингга яқин уй вайрон бўлган, Умумий ҳисобда ёнғинлар туфайли мамлакатнинг 6 та штатида 6 млн гектарга яқин майдон аланга ичида қолмоқда. Ёнғинлар ҳаво ҳарорати кўтарилиши сабабли 9 январга келиб янада кучайиши мумкин.
Ҳукумат жабрланган ҳудудларга ҳарбий кемалар ва авиация жўнатмоқда. Австралиянинг жануби-шарқий соҳилида катта кўламли эвакуация олиб борилмоқда. Франция ва Малайзия ёнғинларни бартараф этиш ва одамларни эвакуация қилишда Австралия ҳукуматига ўз ёрдамини таклиф қилди.
Маълумот учун, Австралиядан Жанубий Америкагача масофа тахминан 16 минг кмни ташкил қилади.