Aсалнинг ҳам ози ширин: Қандли диабет қандай касаллик?
Таҳлил
−
16 Ноябрь 2020
180751922 йил январь ойида канадалик олим Фредерик Бантинг қандли диабет касаллигига чалинган 14 ёшли болага инсулин юбориш орқали унинг ҳаётини сақлаб қолган эди. 1991 йилга келибгина Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва Халқаро диабет федерацияси томонидан касалликка қарши жиддий кураш бошланди. 2007 йилдан бошлаб Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан 14 ноябрь – Бутунжаҳон диабет куни сифатида нишонланади.
Диабет шунчалик хавфлими?
Қандли диабет йил сайин кучайиб бораётган тиббий ва ижтимоий муаммо. Бугунги кунда диабет меллитус, атеросклероз ва саратон каби одамларнинг ногиронлиги ва ўлимига олиб келиши мумкин бўлган учта касалликдан биридир. Бу қон глюкоза миқдорининг доимий ўсиши билан тавсифланади, Қандли диабетнинг биринчи турини (инсулинга боғлиқ) ва диабетнинг иккинчи турини (инсулинга боғлиқ бўлмаган) ажратиб олиш керак.
ЖССТ маълумотларига кўра, диабет меллитус ўлим кўрсаткичини 2-3 баравар оширади ва умр кўриш давомийлигини қисқартиради. Бундан ташқари, муаммонинг долзарблиги ушбу касалликнинг тарқалиш кўлами билан ҳам боғлиқ. Тахминан 2014 йилда дунё бўйлаб 422 миллион киши диабетга чалинган. Касаллар сони ҳар йили 5-7 фоизга кўпаймоқда. Aгарда қандли диабет беморлари кўпайиши шу тарзда давом этадиган бўлса 2030 йилга бориб уларнинг сони 552 млн нафарни ташкил этиши мумкин.
Касалликнинг табиий ўсиши диабетнинг иккинчи тури билан боғлиқ бўлиб, у барча ҳолатларнинг 85 фоиздан кўпроғини ташкил қилади ва бу асосан ортиқча вазн ва жисмоний ҳаракатсизлик натижасида келиб чиқади.
Қандли диабет нима?
Қандли диабет – организмда инсулин етишмаслигидан ва моддалар алмашунивининг танқислигидан келиб чиқадиган касаллик. Инсулин қонда шакар миқдорини тартибга солувчи гормондир. Шакар миқдорининг ортиб кетиши вақт ўтиши билан кўплаб тана тизимларига, айниқса асаб ва қон томирларига жиддий зарар етказади. Касаллик оқибатида гипергликемия – қонда қанд миқдорининг турғун ошиши кузатилади. Диабет даврида углевод, ёғ, оқсил, минерал ва сув-туз метаболизми бузилиши мумкин.
Касаллик сабаблари
Диабет меллитус ривожланишининг асосий сабаби иммунитет тизимининг нотўғри ишлаши ва кейинчалик ошқозон ости бези ҳужайраларини йўқ қиладиган антикорларни ишлаб чиқаришдир. Касалликнинг ривожланишидаги асосий омил – бу генетик мойиллик билан тўла бўлган вирусли инфекция (сувчечак, қизилча, паротит, гепатит).
Касаллик белгилар
Қуйида диабетнинг энг кенг тарқалган ва ҳамма билиши керак бўлган бир неча белгиларини кўриб чиқамиз.
Қонда қанд миқдори ошиб кетгач буйрак ортиқча глюкозани пешоб орқали чиқаришга ҳаракат қилади. Оқибатда калий, магний ва бошқа фойдали минераллар ҳам камаяди. Тез-тез чиқарилган пешоб тананинг сувсизланишига олиб келади. Табиийки, одам доимо чанқайди. Бу ҳолатда одам қанчалик кўп суюқлик ичмасин, танага етарли даражада сингмайди.
Ҳазм қилиш тизими озиқ-овқатларни оддий шакарга айлантиради, кейинчалик организм ундан фойдаланади. Қандли диабет билан оғриган одамларда қон оқимидаги глюкоза ҳужайра деворларига кира олмайди. Натижада қанчалик кўп овқат тановул қилинмасин, диабетга чалинган беморлар очликни ҳис қилаверади. Очлик ўз-ўзидан чарчоққа сабаб бўлади.
Қонда тўпланган ортиқча шакар қон томирлари ва капиллярларига зарар етказади. Натижада кўзнинг кўриш қобилияти пасаяди. Энг ёмони касаллик вақтида даволанмаса вақт ўтиши билан кўриш қобилияти йўқолиши ҳам мумкин.
Бундан ташқари, иммунитет камайиши, оёқ ва қўлларнинг увишиб қолиши, терининг қорайиши, қичишиш ва танадаги тошма диабетдан огоҳлантирувчи белгилардир.
Қандли диабетни вақтида даволамаслик инсоннинг барча органларига салбий таъсир кўрсатади. Бу эса соғлиқ ва ҳаёт учун хавфли бўлиши мумкин. Касаллик кўп ҳолларда соғлиқ билан боғлиқ бошқа муаммоларни ҳам келтириб чиқаради:
• юрак билан боғлиқ муаммолар;
• инсулт;
• асаб шикастланиши;
• оёқ оғриғи;
• буйрак касаллиги;
• эркак ва аёлларда жинсий касаллик.
Касалликни олдини олиш
Юқорида диабет икки турга бўлиниши ҳақида гапирган эдик. Касалликдан ҳимояланиш ҳақида гап кетганда асосан, биринчи турдаги диабетни олдини олиш қийинроқ эканини айтиб ўтиш керак. Чунки унинг асосий сабаблари ирсий омиллар ва кичик вируслардир. Лекин касаллик ҳаммада ҳам ривожланавермайди. Олимлар кўкрак сути билан кўпроқ озиқланган болаларда қандли диабет камроқ учрашини таъкидлашади, аммо бу ҳали ўз исботини топгани йўқ.
Иккинчи турдаги диабет эса нотўғри овқатланиш ва ҳаёт тарзидаги нуқсонлар натижасида ривожланади. Унинг олдини олиш учун:
• тана вазнини нормаллаштириш;
• қон босими ва ёғлар алмашинувини назорат қилиш;
• енгил ҳазм бўладиган овқат истеъмол қилиш;
• жисмоний фаолликка амал қилиш ва шу билан бирга ҳаддан зиёд зўриқишлардан ўзини тийиш керак.
Қандли диабет ва CОVID-19
2020 йилги коронавирус пандемияси биз сўз юритаётган диабет касаллигининг қанчалик хавфли эканини яна бир бор исботлади. CОVID-19 диабетга чалинган одамларда оғир кечиши ва ўлим хавфини олти бараваргача ошириши мумкин.
Бунинг ўзига хос бир қанча сабаблари бор. Қандли диабет билан оғриган беморлар турли инфекцияларга мойил бўлади. Чунки микроблар танадаги шакардан озуқа сифатида фойдаланади.
Текширувлар натижасида шу нарса аниқ бўлдики, коронавирус юққан пайтда иммунитетни сунъий равишда ошириб бўлмайди. Aммо C ва Д витаминлари, цинк ва магний каби витаминларни қабул қилиш тавсия этилади. Булар коронавирусни даволамайди, лекин иммунитетни бир маромда ушлаб туришга хизмат қилади.
Ўзбекистонда ҳам бу касаллик билан оғриган беморлар йил сайин ортиб бормоқда. Катта ёшли аҳолининг 5 фоизга яқини диабет касаллиги билан курашади. 2011 йилда беморлар сони 122 460 дан ортиб кетди. Булардан 15,8 фоизи қандли диабет касаллигини 1-турига, 84,2 фоизи эса, касалликнинг 2-турига чалинган. Уларнинг 16 фоизи мунтазам равишда инсулин қабул қилади. Бошқалари эса парҳез сақлашади. Жисмоний фаоллик ва қанд миқдорини камайтирувчи дорилар ичадилар. Қандли диабети бўлган беморларнинг деярли ярмини аёллар ташкил қилади. ЖССТ маълумотига кўра, туғруқ ёшидаги 0,35 фоиз аёл қандли диабет билан хасталанган.
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2019 йилги маълумотларига кўра, мамлакатда ушбу касаллик билан 230 минг 610 киши рўйхатга олинган. 2015 йилда бу кўрсаткич 170 минг 536 кишини ташкил қилган эди. Мамлакатда ўлимга олиб келивчу касалликлар орасида юрак қон-томир ва онкологик касалликлардан кейин айнан қандли диабет ва унинг асоратлари учинчи ўринда турибди.
Такрор ва такрор айтаётганимиз – соғлом турмуш тарзига амал қилинг. Тўғри овқатланинг, тўғри яшанг.
Карим ЗАРИПОВ
LiveБарчаси