“Арқадағ”дан жиддий қарорлар: Туркманистонда қатор амалдорлар лавозимидан бўшатилди
Олам
−
04 Июль 2020
17309Кеча, 3 июль куни Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган йиғилишини ўтказди, унда ҳукумтнинг 6 ойлик фаолияти сарҳисоб қилинди. Мажлисда вазирликлар ва идоралар, олий ўқув юртлари раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари, Ашхобод ва вилоятлар ҳокимлари ва уларнинг ўринбосарлари иштирок этди. Бу ҳақда Туркманистон давлат ахборот агентлиги хабар бермоқда.
Йиғилишда жорий йилнинг олти ойи давомида миллий иқтисодий комплекс тармоқларини ривожлантириш якунлари сарҳисоб қилинди. Тегишли ҳисоботлар тингланди ва бажарилган ишлар баҳоланди. Мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини амалга оширишдаги ютуқлар муҳокама қилинди, йилнинг иккинчи ярмидаги устувор вазифалар белгилаб олинди ва кадрлар масаласи кўриб чиқилди.
Давлат раҳбари асосий масалаларга тўхталиб, Баҳоргул Абдиевани бошқа ишга ўтганлиги муносабати билан Вазирлар Маҳкамаси раисининг ўринбосари лавозимидан озод этди.
Президент Марв вилояти ҳокими Меҳрижамол Мамедовани вазифасидан озод қилиб, уни ҳукуматда маданият ва оммавий ахборот воситалари соҳасидаги фаолиятини назорат қилувчи бош вазир ўринбосари этиб тайинлади.
Шундан сўнг давлат раҳбари А. Атабаевани Марв вилояти ҳокимининг ўринбосари этиб тайинлаш тўғрисидаги қарорини эълон қилди ва уни таълим вазирининг ўринбосари лавозимидан озод қилди.
Нурмамет Гарлев ишдаги жиддий камчиликлар учун Давлат телевидение, радиоэшиттириш ва кинематография давлат қўмитаси раиси лавозимидан бўшатилди. Туркманистон Президенти Арслон Ашировни ушбу лавозимга тайинлади ва уни Давлат ахборот агентлиги раисининг ўринбосари лавозимидан озод қилди.
Президент Гурбангули Бердимуҳамедовга даромадларни кўпайтириш ва харажатларни қисқартириш бўйича таклифлар ва мамлакатнинг жорий йилги асосий молиявий режасида назарда тутилган маблағлардан мақсадли фойдаланиш тўғрисида маълумот берилди.
Давлат раҳбари Молия ва Иқтисодиёт вазири, шунингдек, Европа Иттифоқининг халқаро техник ёрдам бўйича миллий мувофиқлаштирувчиси ва Туркманистон ҳукуматидан Жаҳон банкининг Туркманистон бўйича менежери Азизгелди Аннамуҳаммедов бошқа лавозимга ўтиши муносабати билан эгаллаб турган лавозимидан бўшатилганини эълон қилди.
Молия ва иқтисодиёт вазирининг ўринбосари бўлиб ишлаб келаётган М. Сердаровни Азизгелди Аннамуҳаммедовнинг ўрнига тайинлади.
Туркманистон Президенти бир қатор шахсий қарорларни эълон қилди. Ишда йўл қўйилган камчиликлар учун Мурод Арчаев "Turkmengaz" давлат концерни раиси лавозимидан озод этилди. Президент Б. Амановни давлат концерни раҳбари этиб тайинлади.
Шунингдек, спорт ва ёшлар сиёсати вазирининг ўринбосари бўлиб ишлаб келаётган Гулмурод Оғамуродов вазирликка раҳбар этиб тайинланган.
Бундан ташқари, Оразгелди Гурбанов таълим вазири этиб тайинланган.
Бердимуҳамедов биринчи ярим йилликдаги натижалардан қониқиш ҳис қилганини билдирди ҳамда раҳбарларга йиғилишлар ўтказишни ва яқин кунлардаги иш натижаларини муҳокама қилишни буюрди.
"Вилоят ҳокимларидан ташқари, барча ҳукумат вакилларига 7 июлдан 6 августгача таътил берилади", деди у.
У мамлакат агросаноат комплекси раҳбарларига пахта йиғим-теримига ҳозирлик кўрилаётгани сабабли, дам олишлари масаласини ўзлари ҳал қилишларини маълум қилди.