Актриса Дурдона Қурбонова жавобгарликка тортилди

Маданият-санъат

image

22 август куни актриса Дурдона Қурбонова автомобиль бошқариш жараёнида чап қўлида пардоз воситалари, ўнг қўлида телефон тутган ҳолатдаги видео тасвирини Instagram саҳифасига “сторис” кўринишида жойлаштирганди.

“Суратга олиш жараёнларига шошаётганимда ҳар доим бўяниб кетаман. Қўлимда бўянадиган нарсаларим, ёнимда косметика. Яхшиям кўп пардоз қилмайман” деган эди актриса.

Ҳолат акс садосини кўп куттирмаган ва кўп миллионлик аудиторияга эга актрисага қонуний чора кўрилган. Бу ҳақда бугун, 24 август куни Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ Telegram-каналида хабар берилди. 

“2022 йил 22 август куни ижтимоий тармоқларда 1998 йилда туғилган Дурдона Қурбонова AEOLUS русумли транспорт воситаcида Олмазор тумани Сағбон кўчаси бўйлаб уяли алоқа воситасидан фойдаланиб ҳаракатланганлиги акс этган видеолавҳа тарқалган. Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ходимлари ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар Олмазор туманида яшовчи ҳайдовчи Дурдона Қурбоновага нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 128-1-моддаси билан маъмурий баённома расмийлаштириб  ҳайдовчи билан профилактик суҳбат ўтказди”, дейилади хабарда. 

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128-1-моддасига биноан Транспорт воситасини бошқариш вақтида ҳайдовчиларнинг телефондан фойдаланиши базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари миқдорида (900 000 сўм) жарима солишга сабаб бўлади

Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ Ахборот хизмати бошлиғи Қаҳрамон Худойберганов QALAMPIR.UZ'га маълум қилишича, ҳайдовчилар ушбу қоидабузарликни бир марта содир этса, уларга жарима жазоси қўлланилади. Агар худди шундай қоидабузарлик иккинчи маротаба такроран содир этилса, ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум этилишига сабаб бўлади.

Ўз навбатида Дурдона Қурбонова ҳам ўзининг Instagram саҳифасига баённома расмийлаштириш жараёнидан видео жойлаштирган.

“Хавотир олманглар, мана, келиб жарима тўлаб кетяпман, кўнглингиз хотиржам бўлсин”, деган Қурбонова.

Маълумот ўрнида, Дурдона Қурбонова 1998 йил 2 июнь куни Тошкент шаҳрида дунёга келган. Ўзбекистон санъат ва маданият институтини тамомлаган. 50 га яқин фильм, сериалларда бош  ролларни ижро этган. Унинг Instagram’даги обуначилари сони 3,7 миллиондан ортиқ


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

5787

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг