“АҚШнинг жавоби Россияни қониқтирмайди”. Лавров Путин билан Украина масаласини муҳокама қилди

Олам

image

Бугун, 14 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин ва мамлакат Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров тобора жиддий тус ола бошлаган Россия-Украина атрофидаги вазиятни муҳокама қилди. Учрашув чоғида Лавров Путинга минтақа хавфсизлиги масаласида Ғарб билан музокараларни давом эттириш ва масалага дипломатия йўли билан ечим топишни таклиф қилган. 

Лавровга кўра, “АҚШ ва Ғарб Москванинг минтақада тинчликни сақлаш борасидаги талабларини рад этган бўлса-да, Кремль томонлар ўртасида музокараларни давом эттиришни маъқуллайди”. 

АҚШ ва НАТО Россиянинг энг асосий талаби, Украинанинг альянсга аъзо бўлишига йўл қўймаслик талабини рад этиб, мамлакат ТИВга ёзма баёнот йўллаган эди. 

Россия Ташқи ишлар вазирининг билдиришича, АҚШнинг жавоби Россияни қониқтирмайди.

"АҚШнинг жавоби икки қисмдан иборат. Биринчи қисм биз тилга олган учта асосий муаммога жавоб беради: НАТОнинг Шарққа томон кенгаймаслиги, бизга таҳдид солувчи қуролларни чегарамиз яқинига жойлаштирмаслик, чегарамиз яқинида жойлаштирлиган қўшинларни 1997 йилда имзоланган минтақада хавфсизликни таъминлаш доирасидаги Россия–НАТО актига мувофиқ чегара яқинидан олиб чиқиб кетиш. Афсуски, бу масалалар бўйича албатта, қониқарсиз ва салбий жавоблар олдик. Табиийки, бу бизни қониқтирмайди”, дейди Лавров. 

Унинг таъкидлашича, қайсидир давлатнинг бирор бир ташкилот, ҳарбий блокка қўшилиши бу ўзининг танлови ва ҳоҳиши, бунга тўсқинлик қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Аммо бир давлатнинг ўз хавфсизлигини бошқа бир давлатга хавф туғдириш ҳисобидан таъминлаши нотўғри.

“Иккинчи, энг муҳим қисм шундан иборатки, ҳеч қайси давлат, ҳеч бир давлатлар иттифоқи ёки ташкилот ЕХҲТ доирасида доминантлик қила олмайди. Афсуски, биз НАТО ва ўз ўрнини қидираётган Европа Иттифоқи қандайдир йўллар билан қитъамизнинг келажагини белгилаб беришга уринаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз”, деган Лавров.

Вазирга кўра, Россия хавфсизлик кафолатлари бўйича Москва таклифларига АҚШ ва НАТО йўллаган жавобларни синчиклаб таҳлил қилган.

"25 январь куни АҚШ ва Шимолий Атлантика альянси бизга жавоб юборди. Биз уларни ҳамкасбларимиз билан идоралараро форматда синчиклаб ўрганиб чиқдик. Бизда биринчи навбатда АҚШнинг жавоби қизиқиш уйғотди. Чунки унда Ғарб лагеридаги бу масалаларни ҳал қилишда ким асосий роль ўйнаши маълум бўлган”, деган ТИВ раҳбари.

Лавровнинг сўзларига кўра, Россия Ғарбдан хавфсизлик кафолатлари бўйича Москва томонидан берилган саволларга ижобий жавоб кутишда давом этади ва шу билан бирга ушбу мавзунинг бошқа жиҳатлари бўйича мулоқотни ривожлантиради.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

669

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг