АҚШда отишмалар давом этмоқда. Бу гал неча киши ўлдирилди?
Олам
−
23 Февраль 2023
7538АҚШнинг Флорида штатида бир йигит томонидан кетма-кет уч марта қуролли ҳужум уюштирилди. Отишмалар оқибатида 20 ёшли аёл, тўққиз ёшли қиз ва бир нафар журналист ҳалок бўлди, икки киши оғир яраланди. Бу ҳақда Орландо шаҳри округ шерифи Жон Мина маълумотларига таяниб, “Fox26houston” нашри хабар берди.
Қайд этилишича, кеча, 22 февраль куни соат 11 лар атрофида Флорида штатидаги Пайн-Хиллсда жойлашган Хайалиа Драйв кўчасида 20 ёшли аёл отиб ўлдирилган ва воқеа жойида вафот этган.
Ўша куни полицияга тахминан соат 16:05 атрофида Хайалиа Драйв ва унинг яқинидаги Харрингтон кўчаларида яна иккита отишма бўлгани ҳақида маълумотлар келиб тушган.
Аниқланишича, 20 ёшли аёл ўлими билан боғлиқ вазиятни ўрганиш учун отишма жойига етиб келган “News 13” телеканали мухбири ва фотографи ҳам ўз автомобилида ўққа тутилган. Журналистлардан бири касалхонага олиб кетилаётганида вафот этган, иккинчиси эса оғир аҳволда қолмоқда.
Шунингдек, Харрингтонда 9 ёшли қиз ва унинг онаси ҳам ўз уйларида отиб кетилган. Шериф Минанинг айтишича, 9 ёшли қизалоқ вафот этган, онаси эса шифохонага ётқизилган, унинг аҳволи оғир.
Ушбу учта қуролли ҳужумни уюштирганликда гумонланиб, 19 ёшли йигит қўлга олинган. Отишма сабаблари номаълум.
Эслатиб ўтамиз, АҚШнинг Миссисипи штатида бир нечта отишма содир этилган ва 6 киши ҳалок бўлган эди. АҚШ Президенти Жо Байден Миссисипидаги оммавий отишмадан кейин қуролли зўравонликни “эпидемия” деб атаган ва қурол қонунчилигини ислоҳ қилишга чақирганди. Оқ уй баёнотига кўра, 2023 йилнинг дастлабки 48 куни давомида мамлакатда камида 73 та оммавий отишма содир бўлган.
Умида Мухторбекова
LiveБарчаси