АҚШ уруш янада даҳшатли бўлмаслиги учун Путин билан келишиши керак – WP

Олам

image

Америка Қўшма Штатлари ва Россия Федерацияси ўртасида кўпроқ дипломатияга эҳтиёж бор. Украинадаги урушни тўхтатиш учун қилинаётган самарасиз ҳаракатлардан кўра, Россия ва АҚШ ўртасида ҳалокатли низо келиб чиқмаслигига эътибор қаратиш керак. Бу ҳақда “Wаshington Post” нашри журналисти ва сиёсий шарҳловчиси Дэвид Игнатиус ёзмоқда.

Дэвиднинг ёзишича, Украина Россия тортиб олган барча ерларни қайтариб олишни истайди. Аммо Россия Киевнинг бу истагини қабул қилмайди.

“Украинадаги уруш барча даҳшатларига қарамай, дипломатик йўл билан ҳал қилиш учун етилмаган. Украина жанг майдонида олға силжияпти. Россия эса ядро қуроли билан таҳдид қилиш борасидаги тартибсизлик ичида қолмоқда. Украина барча вилоятларини қайтариб олишни хоҳлайди. Аммо Россия чекинишни рад этяпти. Шунинг учун, икки томон ҳам музокарага ўтирмайди”, деган журналист.

Дэвид Игнатиуснинг қайд этишича, АҚШ Москвага Россияни вайрон қилиш нияти йўқлиги ва тўғридан-тўғри ҳарбий низолардан қочиши ҳақида билдириши лозим.

“Агар сизда ҳал қилиб бўлмайдиган муаммо бўлса, унга батафсилроқ тўхталинг. Бу бошқарувнинг таниш формуласи ва бунда бироз ҳақиқат бор. АҚШ Украинага келишув учун буйруқ бермаслиги керак ва бундай қилмайди ҳам. Аксинча, Америка ишонч ва сабр билан Украинага қуроллар оқимини қўллаб-қувватлаши керак. Бироқ, Қўшма Штатлар Россияга уни вайрон қилиш ниятида эмаслигини ва тўғридан-тўғри ҳарбий низолардан қочиши ҳақида билдириш учун янги каналлар топиши керак”, деган сиёсий шарҳловчи.

Владимир Путин 27 октябрь куни қилган охирги нутқида Ғарбга нисбатан одатий айбловларини такрорлади. Бироқ, унинг суҳбатидаги бошқа мавзулардан хулоса қилиш мумкинки, у мулоқот қилиш версиясини ҳам таклиф қилмоқда.

“Эртами-кечми, кўп қутбли дунё тартибининг янги марказлари ҳам, Ғарб ҳам умумий келажак ҳақида тенг ҳуқуқли суҳбат бошлашлари керак”, деган Путин “Валдай” халқаро мунозара клубининг ялпи йиғилишидаги нутқида.

Дэвиднинг фикрига кўра, Жо Байден ва Оқ уй Путиннинг воқеликка қарашининг ғалати тафсилотларини унутиши керак. Владимир Путин жиддий қабул қилиниши ва унинг юқоридаги хабарига жавоб берилиши лозим. 

Охирги пайтларда Россия Украина “ифос бомба”дан фойдаланмоқчи деган иддаоларни кучайтирмоқда. Кўплаб ғарблик экспертлар буни Россиянинг ўзи ядро қуролидан фойдаланиш учун баҳона демоқда. Бироқ, Путин бу гапларга ростдан ҳам ишониб, далил бор, деб ўйлаши мумкин.

Дэвид Игнатиус Путинни ёлғончи ва безори деб атаган. Шунингдек,  у Украина Россияни жанг майдонида мағлуб этишига умид билдирган. Aммо Америка ушбу урушга бевосита аралаша олмайди. Президент Байден айтганидек, АҚШ Россия билан тўғридан-тўғри урушдан қочиш учун миллий манфаатларга эга.

Журналистнинг хулоса қилишича, Россия АҚШга ядровий ҳужум қила олмайди. Икки томоннинг ҳам ядровий салоҳияти бир-бирини камситишга имкон бермайди. Владимир Путин Украинадаги урушда ютқазадиган бўлса, бу Россия давлатининг мағлубияти бўлмайди. Путинни эса аҳмоқликларининг оқибатидан қутқариш иложсиз. Шунингдек, Қўшма Штатлар Украинадаги урушнинг охири ҳақида савдолашишга уринмаслиги керак. Бу Киевнинг ваколатига киради. Аммо бу даҳшатли урушни янада ёмонроқ фожиага айлантирмаслик учун музокара ўтказиш вақти келди.


Мақола муаллифи

Теглар

Владимир Путин Байден

Баҳолаганлар

288

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг