АҚШ Нигериядаги ИШИД объектларига зарба берди
Олам
−
26 Декабрь 1886 2 дақиқа
АҚШ ҳарбийлари Нигериянинг шимоли-ғарбида жойлашган “Ироқ ва Шом ислом давлати” (ИШИД) объектларига “кучли ва ҳалокатли” зарба берди. Бу ҳақда АҚШ Президенти Дональд Трамп Truth Social’да маълум қилди.
“Мен бу террорчиларни аввал ҳам огоҳлантиргандим: агар улар насронийларнинг қирғинини тўхтатмаса, бунинг учун қиммат нарх тўлашади. Бугун айнан шундай бўлди”, дея ёзган Оқ уйга раҳбари.
ОАВнинг америкалик расмийга таяниб хабар беришича, АҚШ зарбалари Нигерия ҳукуматининг илтимосига биноан амалга оширилган.
Трамп АҚШ унинг раҳбарлиги остида “радикал исломий терроризмнинг гуллаб-яшнашига йўл қўймаслигини” таъкидлаган.
“Худо ҳарбийларимизни асрасин ва барчага Янги йил муборак бўлсин, жумладан ўлик террорчиларга ҳам. Агар улар насронийларни ўлдиришни тўхтатмаса, уларнинг сони янада кўпаяди”, дея қўшимча қилган Трамп.
Маълумот учун, Нигерия расман дунёвий давлат бўлса-да, аҳолиси деярли тенг тақсимланган: тахминан 53 фоизи мусулмонлар, 45 фоизи насронийлар. Жорий йилда мамлакатда диний зиддиятлар фонида бир неча оммавий қотилликлар содир бўлди. Апрель ойида Президент Бола Тинубу шимолда насронийлардан иборат қишлоқ хўжалиги жамоасига қилинган ҳужумда камида 40 киши ҳалок бўлганини билдирган. Орадан икки ой ўтиб, ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, Бенуэ штатидаги асосан насронийлар яшайдиган Елват қишлоғида 100 дан ортиқ киши ўлдирилган.
Трамп Нигерияни “алоҳида хавотир уйғотувчи давлат” деб атаб, у ерда минглаб насронийлар ўлдирилганини айтган, бироқ Нигерия расмийлари бу даъволарни рад этган. Президент Тинубу мамлакатни диний бағрикенгликсиз давлат сифатида талқин қилиш ҳақиқатни акс эттирмаслигини, ҳукумат виждон эркинлигини ҳимоя қилиш йўлида изчил чоралар кўраётганини таъкидлаган. Ташқи ишлар вазирлиги зўравон экстремизмга қарши кураш давом этишини ва Вашингтон Абужа учун яқин иттифоқчи бўлиб қолишига умид билдирган.
Нигерияда ИШИДдан ташқари, “Боко Ҳарам” каби бошқа жангари гуруҳлар ҳам фаолият юритади. Уларнинг ҳужумлари оқибатида минглаб одамлар ҳалок бўлган.
Эслатиб ўтамиз, АҚШ ҳарбийлари жорий йилнинг 20 декабрига ўтар кечаси Суриядаги ИШИДга тегишли объектларга зарбалар берганди. Ҳужумлар чоғида жангарилар, инфратузилма объектлари ҳамда қурол-яроғ омборлари нишонга олинган. “Al Hadath” телеканали маълумотига кўра, АҚШ базаларидан учирилган ракеталар Дейр-аз-Зор, Ракка ва Ҳомс вилоятлари йўналишига қаратилган, зарбалар қирувчи самолётлар ва зарба берувчи вертолётлар ёрдамида ҳам амалга оширилган.
Live
Барчаси