АҚШ “қора рўйхати”ни кенгайтирди. Уларнинг орасида Ўзбекистон компанияси ҳам бор
Олам
−
12 Апрель 2023
26318Америка Қўшма Штатлари Ғарб санкцияларини четлаб ўтишга уринаётганлар, шунингдек, Украинадаги урушни қўллаб-қувватлаганларга қарши “қора рўйхатлари”ни кенгайтирди. Бу ҳақда АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкеннинг бугун, 12 апрель куни эълон қилган баёнотида сўз борди.
Айтилишича, АҚШ Давлат ва Ғазначилик департаментлари Россия Федерациясининг Украинага ноқонуний ва асоссиз бостириб кириши муносабати билан 20 дан ортиқ мамлакат ҳамда юрисдикциядаги 120 дан ортиқ юридик ва жисмоний шахсларга, шу жумладан, санкциялардан қочишга ёрдам берувчиларга нисбатан чекловлар жорий қилган.
“Россиянинг Украинага асоссиз бостириб кирганига бир йилдан ошди. Бизнинг глобал миқёсда мувофиқлаштирилган санкцияларимиз оқибатида Россия Федерацияси ўзининг уруш машинасини молиялаштириш ва ёқилғи билан таъминлаш учун муқобил йўлларни излашга мажбур бўлди. Бирлашган Қироллик билан ҳамкорликда биз Россиянинг энг бадавлат миллиардерларидан бири, ўтган йили АҚШ томонидан санкцияга учраган Алишер Усмоновни қўллаб-қувватловчи чекловлардан қочиш тармоғини нишонга оламиз. Усмонов билан боғлиқ бўлган қочиш тармоғидан ташқари биз Усмонов компанияларининг аксариятига эгалик қиладиган ва назорат қиладиган асосий ташкилот USM холдингни ҳам нишонга оламиз”, дейди Блинкен.
АҚШ Ғазначилик департаменти сайтида эълон қилинган рўйхатда эса Ўзбекистондаги “Оҳангарон цемент” акциядорлик жамиятига ҳам санкциялар жорий қилинганини кўриш мумкин. Бунга унинг миллиардер Алишер Усмонов билан алоқадор экани сабаб қилиб кўрсатилган.
Бундан ташқари, Давлат департаменти Россиядаги мактаб ўқувчиларини ҳарбийлаштириш орқали Украина суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини бузишга қаратилган саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватловчи Россиянинг иккита ташкилотига: Бутун Россия болалар ва ўсмирлар ҳарбий-ватанпарварлик жамоат ҳаракати ёшлар армиясига ва Қримдаги “Патриот” марказига санкция киритган.
Шунингдек, мазкур акция Россия иқтисодиётининг мудофаа секторида фаолият юритувчи бир нечта субъектлар ва Россиянинг Украинага қарши урушини қўллаб-қувватловчи юридик шахслар, жумладан, янги рус хусусий ҳарбий компанияси ва “Вагнер” гуруҳига Украинадаги манзилларнинг сунъий йўлдош тасвирини тақдим этаётган Хитойда жойлашган фирмани ҳам четлаб ўтмаган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Буюк Британия ҳукумати Алишер Усмоновга тегишли USM холдинги ва бир қатор россиялик юқори элита вакилларига санкция киритганди.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15