АҚШ Исроилга 1 миллиард долларлик қурол етказиб беришни режалаштирмоқда
Олам
−
15 Май
2274АҚШ Президенти Жо Байден маъмурияти кеча, 14 май куни АҚШ Конгрессига Исроилга қиймати 1 миллиард доллардан ортиқ янги қурол пакетини етказиб бериш нияти ҳақида маълум қилди. Бу ҳақда маъмуриятнинг исми ошкор этилмаган ходимига таяниб, “The Wall Street Journal” хабар берди.
Маълумотларга кўра, пакетга зирҳли техникалар учун 700 миллион доллар, бошқа ҳарбий техника учун яна 500 миллион доллар ва миномётлар учун 60 миллион доллар маблағ кириши мумкин. Тахминларга кўра, маъмурият аллақачон бундай етказиб беришни тасдиқлаш жараёнини бошлаган.
Ўз навбатида, CNN телеканали АҚШ Конгрессидаги аноним манбаларга таяниб, Оқ уй Исроилга қурол етказиб бериш бўйича янги келишувни тасдиқлаш бўйича узоқ жараённи эндигина бошлаётганини хабар қилди.
Уларнинг маълумотларига кўра, Давлат департаменти Вакиллар палатаси ва Сенатнинг тегишли қўмиталари билан музокараларни бошлаган, аммо Конгресс бўлажак келишув ҳақида расман хабардор қилиниши керак бўлган аниқ муддат йўқ. чунки Конгресс расман хабардор қилинганидан кейингина янги пакетни маъқуллаши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, бундан бир неча кун аввал, 9 май куни Жо Байден Ғазо сектори жанубидаги Рафаҳ шаҳрида ҳарбий операция бошласа, Исроилга айрим турдаги қурол-яроғ етказиб беришни тўхтатиш билан таҳдид қилгани хабар қилинганди. Айни пайтда Президент Вашингтон Исроил хавфсизлигини таъминлашдан воз кечмаслигини очиқ айтди.