АҚШ элчиси мақолалар сайтлардан босим билан ўчириб юборилаётганини қоралади
Жамият
−
04 Июль 2023
9573Америка Қўшма Штатларининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Жонатан Ҳеник Нукус воқеаларига бир йил тўлиши муносабати билан ўзининг Twitter саҳифасига ўзбек тилида твит ёзди. Унда гарчи орадан бир йил вақт ўтган бўлсада, Нукусдаги фожиали қурбонларни унутмаслик кераклиги айтилган.
“Биз ўша воқеалар учун, жумладан, мустақил Нукус комиссияси томонидан тўлиқ ҳисобдорлик зарурлигини таъкидлашда давом этаверамиз”, деган Ҳеник ўз твитида.
Шунингдек, у сўнгги пайтларда айрим мустақил сайтлардан Нукус фожиаларига оид мақолаларнинг ўчириб ташланаётганини ҳам танқид остига олган.
“Бу борада оммавий ахборот воситалари муҳим роль ўйнайди. Мақолаларни сайтлардан олиб ташлаш учун қилинадиган босим матбуот эркинлиги ва Янги Ўзбекистон тамойилларига тўғри келмайди”, дея қўшимча қилган АҚШ элчиси.
Бироқ Жонатан Ҳеникнинг кўплаб ўзбек кузатувчилари уни Ўзбекистоннинг ички ишларига аралашишда айбламоқда.
“Афғонистон, Эрон, Ироқ, Ливан, Сурия ва бошқа шунга ўхшаш мамлакатлар учун ҳам АҚШда ҳам комиссия тузиб, ҳисоб сўранг. Бизнинг ички ишларимизга аралашманг. Сизнинг Ўзбекистондаги миссиянгиз мамлакат ички сиёсатига аралашиш эмас, балки икки мамлакат ўртасида кўприк ҳосил қилишдир”, дея ёзган унга жавобан кузатувчилардан бири.
Маълумот учун, 2022 йилнинг 1-2 июль кунлари Ўзбекистон таркибидаги Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳрида намойишлар бўлиб ўтган эди. Намойишнинг асосий сабаби эса Ўзбекистон Республикаси Конституциясидаги Қорақалпоғистоннинг суверен статусига ва Қорақалпоғистон вақти келиб Ўзбекистондан ажралиб чиқиши мумкинлиги ҳақидаги моддалар олиб ташланиши таклиф қилинганидир. Нукус шаҳрида бошланган намойишлар кейинроқ Қорақалпоғистоннинг Чимбой ва Мўйноқ шаҳарларига ҳам ёйилган ва 2 июль куни батамом бостирилган. Даставвал конституцион ўзгаришларга қарши эканликларини билдирган намойиш қатнашчилари кўп ўтмай Қорақалпоғистонни Ўзбекистоннинг таркибидан ажратиб олиш ва мустақил суверен давлат сифатида эълон қилишга уринган. Оқибатда аҳолини бунга ундаган блогер Даулетмурат Тажимуратов ҳибсга олинди ва намойишда юз берган воқеалар юзасидан қўзғатилган жиноят иши бўйича жами 171 киши айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилинди.
Бироқ бугунгача кўплаб айбланувчиларга нисбатан енгиллик эълон қилиниб, оиласи бағрига қайтарилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ QALAMPIR.UZ АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Жонатан Ҳеник билан суҳбатлашган ва ундан Нукус воқеалари бўйича фикрини сўраган эди. У Нукус воқеалари бўйича Ҳукуматнинг шаффофлигини юқори баҳолаган эди.
“Жараёнларда ошкоралик ва шаффофлик ошгани бизни руҳлантирди. Фикримизча, бу ижобий қадам ва судловлар давом этар экан, улар ошкораликни таъминлашда давом этишади, деб ўйлаймиз. Бизнингча, зўравонлик қўллаган ҳар бир киши, албатта, жазоланиши керак, лекин бу нафақат намойишчиларга, балки ҳуқуқ-тартибот органларига ҳам тегишли бўлиши керак. Чунки улар зўравонлик қўллаган бўлиши эҳтимолдан узоқ эмас. Ўзбекистон ҳукуматининг баёнотларидан биз бу норозиликларда иштирок этган ҳуқуқ-тартибот органларининг айрим шахслари борлигини билдик, улар ҳозир тергов қилинмоқда. Фикримизча, бу терговлар якунланиши ва ҳар қандай қонунбузарликлар ҳам судга тортилиши керак.
Жумладан мазкур шахслар (куч ишлатган ички ишлар ходимлари) ҳам жавобгарликка тортилиши керак”, деган эди Ҳеник.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь