“Агар нима бўлишини билганимда эди”. Уханлик шифокор коронавирус ҳақида баъзи нарсаларни очиқлади

Олам 52990
image

2019 йилнинг 18 декабрь куни Ухань марказий шифохонаси бўлимига 65 ёшли эркак ғайриоддий нафас йўллари инфекцияси билан келади. У бронхоскопия ва компьютер томографиясидан ўтади. Ўпкадан олинган суюқлик намунаси таҳлил учун юборилади.

Қабул бўлимининг бошлиғи Ай Фэннинг фикрича, бу текширувдан ўтган янги коронавирус инфекцияси бўлган биринчи бемор эди. Касалликдан олдин у Ухандаги Хуанань денгиз маҳсулотлари бозорида ишлагани маълум бўлади. Бозорда экзотик ҳайвонлар, шу жумладан, коронавирус ташувчиси ҳисобланган кўршапалаклар сотилган. 

27 декабрь куни худди шундай аломатларга эга бўлган иккинчи бемор Ухань марказий шифохонасига ётқизилди. У биринчисидан 20 ёш кичик эди. Беморни қабул қилиш бўлимига олиб борилганда, унинг қони атиги 90 фоиз кислород билан тўйинган эди – бу соғлом одамга қараганда анча ёмон.

Уч кундан кейин Ай Фэнь иккинчи беморнинг таҳлиллари натижаларини олди. Рўйхатда ўпкада учрайдиган патогенлар келтирилган эди: турли хил нафас олиш бактерияларининг бир нечта турлари, Псевдомонад онихия ва SARS коронавируси. Хитойнинг "Рену" журналига берган интервьюсида, Ай Фэнь рўйхатни совуқ тер билан қайта ўқиганини эслади. Чунки SARS коронавируси 2003 йилда SARS касаллиги тарқалишининг сабабчиси бўлган. Шундан сўнг жуда кўп ушбу аломатларга эга беморлар шифохонага кела бошлади. 50 ёшдан ошганларнинг ярми бу номаълум касалликдан вафот этарди.

"Айнан ўша пайтда, касалхонамизнинг пульмонология бўлими бошлиғи, SARS тарқалишига қарши курашган шахс, менинг хонам ёнидан ўтаётган эди. Мен унга етиб олдим ва таҳлил натижаларини кўрсатдим. У натижаларни ўқиб, бу жуда ёмон эканлигини айтди", дейди Ай Фэнь

Фэнь зудлик билан шифохона раҳбариятига ушбу ҳолатни маълум қилади. Таҳлил натижалари нусхасини бошқа клиникадаги таниқли шифокорга юборади. Бир неча соат ичида расм WeChat тармоғидаги тиббиёт гуруҳларида тарқала бошлайди. Тез орада SARS'нинг янги тўлқини ҳақидаги миш-мишлар оддий интернет фойдаланувчилари томонидан Хитой бўйлаб тарқата бошланади.

Ай Фэнь

Ўша оқшом Ай Фэнь ўз раҳбарларидан бир нечта хабар олади. Унга янги касаллик ҳақида маълумот тарқатмаслиги керак экани ҳақида огоҳлантирилади ва итоатсизлик учун жавобгарликга тортиш билан қўрқитилади. 

"Мен тун бўйи ухлай олмадим, хавотирланиб, нима бўлганини ўйлаб чиқдим. Менга ҳамма нарсанинг икки томони борлиги аён бўлди. Ҳаракатларим қандайдир салбий оқибатларга олиб келса ҳам, Ухандаги шифокорларни ўта эҳтиёткор бўлишлари кераклигини огоҳлатирмоқчи бўлдим", дея эслайди Ай Фэнь

Эртаси куни эрталаб Ай Фэнь шифохонанинг интизом комиссиясига чақирилган ва унга қаттиқ танбеҳ берилган. У ўзини айбдор деб билса-да, WeChat'да унинг расмини муҳокама қилган яна саккизта шифокор жазолангани ғазабини келтиради.

Раҳбарлари билан учрашгандан сўнг, Ай Фэнь лавозимидан четлатилишини сўрайди, аммо рад жавобини олади. 

"Кечқурун уйга қайтганимда, эримга агар менга бирон бир нарса бўлса, ёлғиз бола билан қандай ўзини асраши кераклигини тушунтирдим", дейди шифокор Фэнь. 

У қариндошларига коронавирус ва ўзига қўлланилган жазо ҳақида айтмасликка қарор қилади. Лекин уларни одамлар гавжум жойларга бормаслик ва кўчада тиббий ниқобларсиз чиқмаслик ҳақида огоҳлантиради.

Шу куни Хитой ҳукумати Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига номаълум пневмония билан боғлиқ касаллик тўғрисида хабар беради. Бу – муаммо мавжудлигини биринчи марта расмий тан олиниши эди. Янги касаллик у вақтда ўз номига эга эмас эди. Шунингдек, ҳеч ким унинг қандай юқишини ва у қай даражада хавфли эканлигини аниқ айта олмасди.

Ухань шифокорлари бемор ҳаёти учун COVID-19 билан курашяпти

Эпидемия

1 январь куни Ай Фэнь ишга қайтди. Шифокорлар мумкин бўлган хавф ҳақида аҳоли огоҳлантиришсиз қолаётганидан хавотирда эди. Касаллик мавжудлигини тан олиш фақат шахсий суҳбатларда рухсат этилган, бу ҳақда мессенжерда ёки СМСда ёзишга рухсат йўқ эди. Бундан ташқари, расмийлар ваҳима қўзғатмаслик учун шифокорлар ва ҳамшираларга ҳимоя воситаларини кийишни тақиқлади. Ай Фэнь ўз ходимларига ҳимоя костьюмларини халатлари остидан кийишни буюради. У бундан ортиқ иш қила олмади.

Шундай вазиятда расмийларнинг ушбу касаллик одамдан одамга юқмаслиги ҳақидаги баёноти Ай Фэнни ўйлантириб қўйди. Чунки Хуанань бозори 1 январь куни ёпилган эди. Лекин касаллик юқтирганлар сони кундан кунга ортиб борарди.

Фақат 2003 йилда SARS коронавирусини кашф этган машҳур хитой эпидемиологи, 83 ёшли академик Чжонг Наньшаннинг аралашуви расмийларнинг фикрларини ўзгартириши мумкин эди. У Уханга келади ва шаҳар эпидемия ёқасида эканлигини дарҳол англайди. 

19 январь куни у журналистларга янги коронавирус инфекцияси одамдан одамга юқишини айтади. Эртаси куни расмий Пекин инқирозни назоратга олди. Шаҳар жойлашган Хубэй провинциясида барча оммавий тадбирлар зудлик билан бекор қилинди, қатъий карантин эълон қилинди, кириш ва чиқиш йўллари ёпилди ва COVID-19 билан касалланган беморлар учун вақтинчалик шифохоналар қурила бошланди.

“Ўша кунларда бизнинг қабул бўлимимизда шундай вазият бўлганки, касалликдан омон қолганлар буни ҳеч қачон унутмайди. Баъзилар шифохонада жой тополмай йўлакларда вафот этарди. Бу жуда даҳшат эди", дейди Ай Фэнь.

Цензура

Ай Фэнь декабрь ойида ўз раҳбарларининг талабларига бўйсунганидан ҳануз афсусда эканлигини тан олади. 

"Агар мен бундан кейин нима бўлишини билганимда эди, уларга танбеҳ беришдан қўрқмасдим. Шунингдек, барчани бу хавфдан вақтида огоҳлантирган бўлардим", дейди Фэнь хоним.

Касалликка тезкор жавоб бериш ҳақиқатан ҳам кўп одамларнинг ҳаётини сақлаб қолиши мумкин эди. Хитойлик мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, агар Уханда бир ҳафта олдин карантин жорий этилганида эди, янги коронавирус инфекциясини юқтирганларнинг учдан икки қисми ушбу касалликка чалинмай қолиши мумкин эди. Касалликнинг авж олишига қарши кураш январь ойининг бошида бошланганда Хитойда беморлар сони 95 фоизга кам бўлар эди.

Ушбу шифокор билан суҳбатни нашр этган "Рену" агентлиги кўп ўтмай мақолани ўз сайтидан олиб ташлади. Бунга сабаб қилиб, "Рену"да ҳукуматга яқин одамлар ишлаши айтилди. Оз вақтдан сўнг эса Ай Фэнь ғойиб бўлгани ҳақида гап-сўзлар тарқалди. Унга яқин кишиларнинг айтишича, уни полиция маҳкамасига олиб кетишган.

 
Нуруллоҳ Шарипов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 1776
Рейтинг: 2.9
t
×