Афсонавий майялар қандай йўқолиб кетган?
Бу қизиқ
−
14 Октябрь 20438 5 дақиқа
1830-1840 йилларда инглиз тадқиқотчилари Юкатан яриморолида ташландиқ ибодатхоналар, пирамидалар, санъат асарлари ва ҳатто ёзув қолдиқларига дуч келишди, аммо уларнинг ким томонидан қилинганини билишмасди. Кейинги тадқиқотлар эса бу ёдгорликлар бир вақтлар Марказий Американинг катта қисмига эгалик қилган, улкан тошшаҳар ва Пирамидалар қурган майя цивилизациясига тегишли эканини кўрсатди. Бугун уларнинг ютуқлари ҳақида кўп нарса маълум. Майя халқи минтақанинг дастлабки экинларни етиштирган ва ёввойи ҳайвонларни хонакилаштирган, илк шаҳарларни қурган ва замонавий цивилизациянинг деярли барча жиҳатларини яратган ёки такомиллаштирган.

Ёзувда 800 дан ортиқ иероглифлардан фойдаланган бу қабила ноль сонини ҳам ишлатган. Улар телескоп ихтиро қилинишидан минглаб йиллар олдин Қуёш, Ой, Венера ва бошқа юлдузлар ҳаракатини аниқлик билан кузатган. Масалан, Венеранинг 584 кунлик орбитасини тўғри ҳисоблаган, бу замонавий ҳисоб билан деярли бир хил! Майялар какао донасидан суюқ шоколад тайёрлаган ва уни “худолар ичимлиги” деб атаган. Улар дарахт пўстлоғидан китоб (кодекс)лар ёзишган. Кодексларнинг бор-йўғи 4 таси сақланиб қолган.
Милодий IХ-X асрларда кўплаб майялар шаҳарларида ҳаёт тўсатдан тўхтаган ва қабилалар сирли равишда йўқ бўлиб кетган. Аммо шундай бўлса-да, Марказий Америкада яшаб келаётган баъзи халқлар майяларнинг авлоди эканлиги айтилади. Улар ҳали ҳам айрим урф-одатлар ва ривоятларни сақлаб келишса-да, қадимги майялар тарихи ҳанузгача сирли бўлиб қолмоқда.
Майяларнинг келиб чиқиши

Майя цивилизациясининг келиб чиқиши аниқ эмас, бироқ овчи-йиғувчилар кўчманчи ҳаёт тарзидан воз кечиб, доимий яшаш жойларини барпо эта бошлаган милоддан аввалги 7 000-2 000 йиллар оралиғида пайдо бўлгани тахмин қилинади.
Сўнгги таҳлилларга кўра, милоддан аввалги 4 000 йилларга келиб, Жанубий Америка аҳолиси учун маккажўхори асосий озиқ маҳсулотига айланган. Улар нафақат маккажўхори экиш, балки уни инсон истеъмоли учун тайёрлашни ҳам ўрганди: “никстамализация” деб аталувчи жараён орқали қуритилган маккажўхори ҳўлланиб, пиширилади ва юмшоқ, ҳазм бўладиган ҳолга келтиради. Майялар кейинчалик қовоқ ва дуккаклилар каби муҳим маҳсулотларни ҳам етиштирган.
Тадқиқотчилар айнан шу даврда диний маросимларга эътибор кучая бошлаганини таъкидлайди. Майя жамияти янада ривожланар экан, улар мураккаб савдо йўллари, илғор суғориш, сувни тозалаш ва деҳқончилик усуллари, шунингдек, жанг, спорт, ёзув ва мураккаб тақвим тизимини яратди. Мураккаб майя тақвими уч хил санани ўз ичига олган:
- Худолар учун;
- Фуқаролик ҳаёти учун;
- “Узоқ ҳисоб” деб аталган учинчи астрономик тақвим.

Майялар мифологияси бўйича, ушбу учинчи тақвимнинг бошланиш нуқтаси инсон яратилган сана – милоддан аввалги 3114 йил 11 августга тўғри келади.
“Узоқ ҳисоб” тақвимига кўра, цикл 2012 йил 21 декабрда тугаши керак эди, бу эса “дунё ўша куни тугайди” деган афсонага сабаб бўлган. Аммо майя цивилизацияси тадқиқотчилари бу сохта маълумот қабила ривоятларининг нотўғри талқин қилингани оқибатида пайдо бўлган деб баҳолайди. Аслида, ушбу санада тақвим бўйича янги цикл бошланган.
Майя цивилизацияси ютуқлари

Милодий 200-900 йиллар мобайнида майя цивилизацияси гуллаб яшнади. Архитектура ҳам айни шу даврда энг юқори даражага чиқди. Майялар пирамида шаклидаги ибодатхоналар ва ҳашаматли биноларни такомиллаштирди. Саройларга ўхшаб кўринса-да, аслида бу бинолар зодагонларнинг уйи бўлганми ёки бошқа мақсадда ишлатилганми – номаълум. Паленке, Чичен-Ица, Тикаль, Копан ва Калакмуль кабилар энг муҳим шаҳарлардан эди.
Майя меъморчилиги ва санъати чуқур диний эътиқодларни акс эттирган. Улар илоҳийлик ҳамма нарсада, ҳатто жонсиз буюмларда ҳам мавжуд деб билган.
Маккажўхори уларнинг эътиқодида марказий ўрин тутган: энг муҳим худолардан бири “Hun Hunahpu” – маккажўхори худоси эди. Майя эътиқодига кўра, худолар инсонларни аввал лойдан, сўнг ёғочдан, кейин эса маккажўхоридан яратган.


Майялар худоларига турли маросимлар билан сиғинган. Улар орасида инсон қурбонлиги ва қон чиқариш маросимлари ҳам бўлган. “Pitz” деб аталган спорт ўйини (футболнинг қадимги шакли) ҳам диний маънога эга эди. Тадқиқотчиларнинг фикрича, баъзида ўйинда ютқазганлар Қуёш ва Ой худоларига бағишлаб қурбонлик қилинган.
Майя цивилизацияси таназзули

Баъзи шимолий шаҳарлар гуллаб-яшнашда давом этган бўлса-да, Майя марказларининг аксарияти милодий IХ–X асрларда қулади. Шаҳарлараро муносабатлар ёмонлашди, урушлар кучайди, савдо сустлашди, ўлим даражаси ошди.
Цивилизациянинг қулаши ҳақидаги назариялар турлича. Иқлим моделларига таянган гипотезага кўра, узоқ давом этган қурғоқчилик ва ўрмонларни йўқ қилган ўт ёқиб деҳқончилик қилиш усули майяларга ҳалокат олиб келган.
Шаҳар марказлари ташлаб кетилган харобаларга айланди: баъзи одамлар вафот этди, бошқалари эса жанубдаги унумдор, тоғли ҳудудларга кўчиб ўтди.
Майя халқи аъзолари яшаб қолган бўлса-да, 1500 йилларда Европа мустамлакачилиги босими остида қолди. 1524 йилги испан истилоси пайтида энг муҳим шаҳарларнинг аксарияти аллақачон ташлаб кетилган эди.
Келгинди испан тадқиқотчилари бундай ташландиқларга эътибор бермади, улар ерларни эгаллаб, маҳаллий аҳолига насронийликни қабул қилишга дават этиш билан банд эди.
Замонавий дунёдаги майялар

Тадқиқотчилар қадимги цивилизация изларига қизиқиш билдира бошлаган пайтга келибгина, 1840 йилларда майялар қайта кашф этилди. Ҳудудда харобалар мавжудлиги аввалдан маълум бўлса-да, кўплаб европаликлар “Марказий Американинг маҳаллий аҳолиси содда ва ақлсиз, мазкур тарихий ёдгорликларни ўзлари яратмаган”, деб ҳисоблашган. Аммо тадқиқотлар бу қарашнинг нотўғри эканини исботлади.
Изланувчилар майяларнинг аввалги улуғворлигига ишонган бўлса-да, уларнинг баъзилари топилмалардан фойда кўришга ҳам ҳаракат қилган: ҳаттоки, бутун майя шаҳарларини сотиб олиб, Нью-Йорк музейига кўчиришга ҳам уринган. Бугун эса “Майя археологияси” соҳаси равнақ топмоқда ва қазишмалар ўрмон орасидаги харобалардан тортиб, диний мажмуаларгача бўлган кўплаб ёдгорликларни очиб бермоқда.

Археологик ёдгорликлар уларнинг ўтмишидан қолган ягона нарса бўлиши мумкин, бироқ майялар ҳозир ҳам мавжуд. Замонавий Марказий Америкада олти миллиондан ортиқ майя авлодлари яшайди, улар қадимги майя тилидан келиб чиққан 30 дан ортиқ тилда сўзлашади.
Бу авлодлар, шунингдек, қадимги майялар давридан мерос бўлиб қолган кўплаб деҳқончилик, диний ва ер бошқаруви анъаналарини сақлаб қолган, бу эса майя маданиятининг асрлар давомида дуч келинган синов ва ўзгаришлар қаршисида бардошлилигидан далолат беради.
Live
БарчасиРоналдудан яхшироғини топа олмайсиз – Трамп
06 Декабрь
Наманганда яна зилзила бўлди
06 Декабрь