Абдусалом Азизов ишга киришди! Футболдаги муаммолар ўтмишда қоладими?
Спорт
−
23 Июль 2019
3914ЎФА президенти ҳамда ДХХ раиси Абдусалом Азизов ассоциация раҳбарияти, бошқарма ҳамда бўлимлар раҳбарлари билан йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда ЎФА матбуот хизмати хабар бермоқда. Маълум қилинишича, йиғилишда ўзбек футболидаги мавжуд муаммолар ҳамда ташкилотнинг яқин келажакдаги режалари муҳокама қилинган.
“Дастлаб вилоят футбол ассоциацияларининг бугунги фаолияти кўриб чиқилди. Бу тизимдаги муаммоларни бартараф этиш чоралари, ассоциацияларни моддий қўллаб-қуватлаш, кадрлар малакасини кўриб чиқиш, маҳаллий хокимиятлар билан ҳамжиҳатликда вилоятларда футболни ривожлантириш борасида кўрсатмалар берилди.
ЎФА раҳбарининг асосий талабларидан бири футболдаги адолат ва ҳалол ўйин принципларига тўлиқ риоя қилишни таъминлаш. Келишилган ўйинлар ҳамда тотализаторга қарши курашиш борасида хуқуқни мухофаза қилиш органлари билан яқиндан ҳамкорлик қилган ҳолда, бу нопок йўл билан футболимизни орқага тортаётганлар, мухлисларнинг қизиқишини сўндираётганлар аниқланади ва тегишли жазога тортилади.
Яқин муддат ичида Ўзбекистон миллий терма жамоаси, олимпия ва ёш тоифадаги терма жамоаларимиз саралаш турнирларига киришадилар. ЎФА Президенти терма жамоаларнинг иш режалари билан яқиндан танишди. Дарвоқе, миллий терма жамоамизнинг яқин вақт ичида ўтказадиган ўйинлари учун “Миллий” стадион майдони ҳали талаб даражасида эмаслиги эътироф этилди. Йил охиригача ушбу стадион чимини тартибга келтириш вазифаси қўйилди. Унга қадар терма жамоалар бошқа стадионларда ҳам учрашувлар ўтказиши таклифи берилди.
Ўзбек футболининг мавқеини ҳалқаро майдонда мустаҳкамлашда ФИФА ва ОФК билан яқиндан ҳамкорлик қилиш, ушбу ташкилотларнинг, қолаверса, мухлисларнинг ишончини қайтариш жуда муҳим экани ҳам алоҳида таъкидланди. Абдусалом Азизов ҳалқаро ҳамкорлар билан муносабатлар ва келажакдаги ўзаро лойиҳаларни тўлиқ қўллаб-қўвватлаши ҳақида айтиб ўтди.
Шунингдек, ЎФА Президенти томонидан болалар футболидаги аҳволни яхшилаш, улар учун мунтазам турнирлар ташкил этиш кераклиги таъкидланди. Ўсмир ва ёшларнинг катта футболга ўтиш жараёнидаги муаммолар, уларнинг профессионал футболчи сифатида шаклланиши, миллий терма жамоага муносиб футболчи бўлиб етишиши бўйича ҳозирги кунда мавжуд бўлган камчиликларни бартараф этиш кераклиги айтиб ўтилди. Бу борада қитъамизнинг футболи жадал ривожланаётган мамлакатлари, хусусан, Япония, Қатар, Бирлашган Араб Амирликлари тажрибалари яқиндан ўрганиб чиқилади ва мутахассисларнинг тажриба алмашинуви йўлга қўйилади.
Терма жамоаларда диеталогия ва витаминизация етишмаслигини Абдусалом Азизов эътироф этиб, тез орада малакали шифокорлардан иборат гуруҳ тузилиб, бу йўналишни кучайтиришга кўрсатма берди.
Футболни ривожлантиришда ҳомийлар ва ҳамкорлар кўмагисиз кўп нарсага эришиб бўлмайди. Ассоциация ҳам ўз навбатида юртимиз ва хорижнинг катта компаниялари билан ўзаро манфаатли алоқаларни йўлга қўйиш борасида иш олиб боради.
Стадионларда байрамона атмосферани юзага келтириш, мухлислик маданиятини ошириш ҳам муҳим масалалардан бири ҳисобланади. Ҳозирги кунда ҳам ўйинлар пайтида футболчилар, мураббийлар, ҳакамларга қарата хақоратлар янграши каби футбол мавқеини туширадиган вазиятлар учраб турибди. Бу эса ўз навбатида стадионларга оилавий борилишга тўсқинлик қиляпти. Ассоциация томонидан мухлислик маданиятини ошириш учун махсус лойиҳалар, тадбирлар, ижтимоий роликлар тайёрланяпти.
Абдусалом Азизов миллий чемпионатда тартиб интизомни кучайтириш зарурлигини ҳам айтиб ўтди.
“Хозирда жамоаларда мураббий ва футболчилар шартномалари борасида ноаниқликлар учраб туришидан хабарим бор. Қисқа муддатли шартномалар ўрнини икки томоннинг мажбуриятлари тўлиқ акс этган профессионал шартномалар эгаллаши керак. Шунда мураббийлар ҳам маълум муддат ўз жамоаси билан ишлаб, уни кучайтириш ҳақида ўйлайди. Футболчилар ҳам бир йил ўтар-ўтмасдан ўзига бошқа клуб қидиришга тушмайди.
Регламент, чемпионат формати ва жамоалар сонини ҳар йили ўзгартиришни тўхтатамиз. Кейинги мавсумда ҳам жамоалар сони шунчалигича қолади ва Суперлигага чиқадиган жамоа спорт принциплари асосда курашиб йулланмага эга чиқсин. Турли аралашувлар орқали жамоаларни юқори лигаларга олиб чиқишга бўлган уринишларга йўл қўйилмайди”, дея таъкидлади Абдусалом Азизов.
Йиғилишда мархум Пахтакор-79 жамоаси аъзоларига алоҳида тўхталиб ўтилди.
“Хабарингиз бор, бу йил “Пахтакор-79” авиаҳалокатига 40 йил тўлмоқда. Бу нафақат “Пахтакор” клуби, балки бутун ўзбек футболи учун катта фожиадир. Биз ҳеч қачон футболимизнинг фахри бўлмиш ушбу жамоани унутмаслигимиз ва ҳамма вақт уларнинг хотирасини ёд этишимиз зарурдир.
Шунинг учун ҳам Ўзбекистон футбол ассоциацияси ушбу сана муносабати билан ўтказиладиган барча тадбирларда фаол иштирок этиши, мазкур сана арафасида бўладиган Суперлига учрашувларида ўтганлар хотирасига хурмат бажо келтириши, жамоа аъзоларининг яқинларига эътибор қаратиши зарур”, дея таъкидлади Абдусалом Азизов.
Кўриб чиқилган масалалар бўйича бошқарма раҳбарларига кўрсатма ва топшириқлар берилди.
LiveБарчаси