Ўзбекистондаги 70 фоиз мактабда канализация тизими йўқ – МҲТИ

Таҳлил

image

Ўзбекистон мактабларида ўтказилган халқаро тестларнинг шармандали натижаларидан сўнг Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти Ўзбекистонда таълим кўрсаткичлари пастлигининг сабабларини ўрганди. Унда умумтаълим мактаблари билан боғлиқ қуйидаги омил ва кўрсаткичлар таҳлил қилинди.

Мактаблардаги инфратузилма

2022-2023 ўқув йилида республиканинг 10 минг 522 та умумтаълим мактабида ўқувчилар сони 6 млн 461 минг 741 нафарни ташкил этган. Лекин мактаблар 5 млн 283 минг 916 нафар ўқувчи учун мўлжалланган, яъни 1 та ўқувчи ўрнига 1,2 нафар ўқувчи тўғри келмоқда. Бунинг оқибатида республикадаги умумтаълим мактабларининг 0,1 фоизи (5 та) учта сменада ва 73,1 фоизи (4 777 та) иккита сменада фаолият юритмоқда. Иккинчи ва учинчи сменада ўқийдиган ўқувчилар сони 2,1 миллиондан ортиқ бўлиб, жами ўқувчиларнинг 33 фоизини ташкил этади.

Мактабларнинг 4,3 фоизи (451 таси) авария ҳолатида, 35,8 фоизида ошхона ёки буфет, 5 фоизида кутубхона, 21 фоизида спорт зали мавжуд эмас. Мактабларнинг бор-йўғи 30 фоизи канализацияга эга, (масалан, Уммонда 99 фоиз, Россияда 96 фоиз) яъни 70 фоизида канализация тизими мавжуд эмас. Ўқув масканларининг 98 фоизи компьютер синфларига эга, лекин компьютерлар сони камлиги сабаб, ҳар бир ўқувчига 0,03 та компьютер тўғри келади.

Ўқитувчилар билан таъминланиш даражаси

Ўзбекистонда умумий ўрта таълим муассасасининг педагог ходимлари учун бир ставкадаги иш юкламаси 1-4 синфларда ҳафтасига 18 соат, 5-11 синфларда ҳафтасига 20 соат этиб белгиланган. 

Мактабларда ўқитувчилар билан таъминланиш даражаси ривожланган мамлакатлар қаторида (1 та ўқитувчига 12,4 нафар ўқувчи тўғри келади), шунга қарамай, айрим фан ўқитувчиларининг иш юкламаси юқори. Масалан: рус тили (ҳар бир ўқитувчига 29 соат юклама), чет тили (27,3 соат), информатика ва ахборот технологиялари (24,3 соат) ва технология (24,3 соат) фанлари ўқитувчилари етишмаслиги аниқланган.

МҲТИ бунинг ечими сифатида келтиришича, 2018-2022 йиллар оралиғида ўқув режасини ислоҳ қилиш натижасида бир қанча ижтимоий фанларнинг ўқув соатлари қисқартирилган ва бунинг натижасида география, иқтисодиёт, тарих ва бошқа ижтимоий фанлар ўқитувчилари юкламаси кескин қисқарган. Масалан, география ва тарих фанларидан дарс берувчи ҳар бир ўқитувчи учун юклама, мос равишда, 36,8 соат ва 36,1 соатдан 17,2 соат ва 18,5 соатга тушган.

Балки, ушбу қисқартиришлар натижасидами, ўтган йили 15 ёшли ўқувчилар билимини баҳолаш бўйича халқаро дастур – PISA тестларида ўзбекистонлик ўқувчилар 81 та мамлакат орасида табиий фанлар ва ўқиш саводхонлиги йўналишларида энг охиридан битта олдинги ўринни (80-ўрин) эгаллади.

“Юқорида келтирилган таҳлилларга асосланиб, умумтаълим тизимида ўқитувчилар сони етарли даражада дейиш мумкин (айрим фанлардан ташқари). Демак, Ўзбекистонда умумтаълим тизимидаги сифатнинг пастлиги ўқитувчилар сони, балки уларнинг сифатига боғлиқ, десак муболаға бўлмайди”, дейилади МҲТИ мақоласида.

Педагоглар малакаси

Бугунги кунда тизимдаги ўқитувчиларнинг 90,1 фоизи олий маълумотга эга. Педагог ходимларнинг бор-йўғи 53,7 фоизи тоифага эга. Уларнинг орасида 19 фоизи олий, 36,1 фоизи биринчи, 44,9 фоизи иккинчи тоифали. Ҳар йили 500 минг нафарга яқин мактаб ўқитувчиси малака оширади. 

МҲТИ юқоридаги кўрсаткичларга қарамай ўқитувчилар малакасини етарли даражада эмас, деб баҳолади:

“Бунга яққол мисол қилиб PISA тести натижаларини келтириш мумкин. Хусусан, Ўзбекистонда ўқувчиларнинг 25 фоизи дарсларда ўқитувчини тингламаганлигини билдирган. Бу Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ОЕCD) давлатлари орасидаги ўртача кўрсаткичга нисбатан 5 фоиз пунктга паст бўлишига қарамай, ўқитувчилар ўқувчиларни қизиқтира олмаётганидан далолат беради. Шунингдек, 2022 йилда 294,1 минг нафар ўқитувчини аттестациядан ўтказиш жараёнида уларнинг 7 фоизи (20,3 минг) ўқитувчилик лавозимига лойиқ эмаслиги аниқланган (аттестациядан аввал предметлар бўйича онлайн такрорий тест синовлари машғулотлари ташкил этилган)”, дейди тадқиқотчилар.

PISA натижаларига кўра, аттестациядан муваффақиятли ўтган ўқитувчилар сони кўп бўлиши тест натижаларига ижобий таъсир қилади, яъни сертификатларга эга бўлган ва аттестациядан муваффақиятли ўтган ўқитувчиларнинг ўқувчилари билим даражаси юқори бўлади. PISA’га кўра, 2018-2022 йиллар оралиғида Ўзбекистонда математика фанидан аттестациядан ўтган ўқитувчилар сони ўзгаришсиз қолган. PISA’да иштирок этган ўзбекистонлик ўқитувчиларнинг бор йўғи 24,6 фоизи халқаро ва унга тенглаштирилган маҳаллий сертификатга эга. Ўзбекистон PISA’да иштирок этган давлатлар орасида бу кўрсаткич бўйича охиргидан битта олдинги ўринни эгалламоқда. Бу эса ўз навбатида тест натижаларига салбий таъсир кўрсатган.  

Ота-оналарнинг фарзанди таълимидаги иштироки  

PISA натижаларига кўра ота-оналарнинг фарзанди таълимидаги иштироки унинг таълим олиш даражасига ижобий таъсир кўрсатади. COVID-19 пандемияси даврида кўплаб мамлакатларда ота-оналарнинг фарзанди таълимидаги иштироки 10 фоизга пасайган. Ота-онаси доимий равишда ҳаёти ва ўқув жараёнида (мактабдаги жараёнлар) иштирок этган ўқувчиларнинг математика бўйича тест натижалари ота-онаси ҳаётида суст иштирок этган ўқувчиларникига нисбатан ўртача 22 балга юқорироқ чиққан. Тестда иштирок этган Ўзбекистонлик ота-оналарнинг 72 фоизи ҳар куни фарзандидан мактабда нималар қилганини сўраши маълум бўлди, ИҲТТ давлатлари орасида ушбу кўрсаткич 78 фоизни ташкил этган.

МҲТИ томонидан 2023-йилнинг апрель ойида ота-оналар (Н=4133) ўртасида ўтказилган сўров натижаларига кўра, ота-оналарнинг 21 фоизи фарзандининг ўқитувчиси билан ҳафтада бир маротаба суҳбатлашишини билдирган бўлса, 16,1 фоизи умуман алоқа қилмаслигини айтган. Ота-оналарнинг 7 фоизи эса фарзанди таълими ва келажакдаги касби бўйича унга ёрдам кўрсатмаслигини ёки қандай ёрдам беришни билмаслигини билдирган. 0,5 фоиз ота-оналар эса фарзандининг таълим олиши билан умуман қизиқмаслигини билдирган.      

Олиб борилган таҳлил натижаларига кўра, умумтаълим тизимидаги сифатнинг пастлиги қуйидаги сабаблар билан асосланди:

  • Умумтаълим тизимига сарфланаётган давлат бюджети харажатлари номутаносиб тақсимланган;
  • мактабларнинг деярли 16 фоизи капитал таъмирлашга муҳтож, 4,6 фоизи эса умуман яроқсиз ҳолатда;
  • мактаблардаги компьютер синфларида компьютерлар сони кам;
  • мактабларнинг 70 фоизи канализация тизимига уланмаган. Бу эса ўз навбатида санитария талабларига жавоб бермаслигини англатади, шунингдек, атмосферага чиқувчи зарарли моддалар ҳажмини ошириб, болалар саломатлигига салбий таъсир кўрсатади;
  • мактабларнинг 28,4 фоизи интернет тармоғига уланмаган;
  • Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида ўқитувчилар юкламаси юқори;
  • республика мактабларида чет тили ўқитувчилари етишмаслиги кузатилмоқда;
  • технология ва информацион технологиялар фанларидан ҳам ўқитувчилар етишмайди;
  • ўқитувчилар орасида аттестациядан ўта олмаслик кўрсаткичлари юқори;
  • фанлар бўйича халқаро сертификатга эга ўқитувчилар сони кам;
  • ота-оналарнинг фарзандлар таълимидаги иштироки нисбатан суст.

Маълумот учун, 2021 йилда Ўзбекистонда ўтказилган халқаро PIRLS тестида маҳаллий ўқувчилар дунёдаги ўртача кўрсаткич (500) дан паст натижа (437) олган эди. 2022 йилда Ўзбекистон мактабларида 15 ёшли ўқувчилар билимини баҳолаш бўйича халқаро дастур – PISA тестлари илк маротаба ўтказилди. Синов натижаларига кўра, ўзбекистонлик ўқувчилар 81 та мамлакат орасида математика бўйича 72-ўринни, табиий фанлар ва ўқиш саводхонлиги йўналишларида энг охиридан битта олдинги ўринни (80-ўрин) эгаллади.


Мақола муаллифи

Теглар

#мактаб #ўқувчилар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

Мавзуга доир янгиликлар