650 нафардан ортиқ одам пахта теримига мажбуран жалб қилинди — Меҳнат вазирлиги
Жамият
−
12 Октябрь 2020
7950Жорий йил пахта йиғиш мавсуми бошланганидан буён 652 киши мажбурий меҳнатга жалб қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Давлат меҳнат инспекцияси хабар берди.
Қайд этилишича, 10 октябрь ҳолатига республиканинг 138 дан ортиқ ҳудудларида 726 дан зиёд мониторинглар ҳамда ижтимоий тармоқда тарқалган 60 дан ортиқ ҳабарлар юзасидан ўрганишлар ўтказилди. Мониторинг жараёнида мажбурий меҳнатдан азият чеккан 652 дан ортиқ фуқаролар аниқланиб, 18 та мансабдор шахсга нисбатан мажбурий меҳнатга жалб қилганлиги учун 205 млн 160 минг сўм миқдорида маъмурий жарималар қўлланилди.
Хусусан, Сурхондарё вилояти Бойсун тумани ҳамда Тошкент вилояти Бўка тумани Ободонлаштириш бошқармаси бошлиқлари 30 дан ортиқ ходимларини пахта йиғим-теримига мажбурий равишда жалб қилинганлиги юзасидан маъмурий жаримага тортилган.
Шунингдек, Сурхондарё вилояти Саросиё тумани Халқ таълими бўлими мудири ва Жарқўрғон тумани “Халқ банки” раҳбарлари ҳам мажбурий меҳнатга йўл қўйиб берганлиги учун қонуний жавобгарлик ва жазодан четда қолмаган.
Шу билан бир қаторда, республиканинг барча туман (шаҳар)ларида банд бўлмаган аҳолини теримга жалб қилиш бўйича олиб борилган ишлар, теримчилар учун яратилган муносиб меҳнат ҳамда дам олиш шароитлари, терим пулларининг ўз вақтида ва белгиланган меъёрий суммада берилаётганлиги ўрганилганда, 72 та ҳолатда мансабдор шахсларга нисбатан муносиб меҳнат шароитлари яратилмаганлиги учун маъмурий жарималар қўлланилди.
Рақамларни вилоятлар кесимида олиб қарайдиган бўлсак, Тошкент вилоятида 19 та, Хоразм вилоятида 12 та, Бухоро вилоятида 6 та, Наманган вилоятида 8 та ва Сурхонадарё вилоятида 7 та фермер хўжалиги раҳбарлари муносиб меҳнат шароитларини яратмаганлиги, теримчилар билан меҳнат шартномалари тузмаганлиги ва пахта терими пулларини ўз вақтида бермаганлиги учун маъмурий жаримага тортилди.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг тегишли моддаларига кўра, ўрганиш натижаларидан норози бўлган мансабдор шахсларнинг маъмурий иш ҳужжатлари қонунчиликка мувофиқ тегишли чора кўриш мақсадида маъмурий судларга тақдим этилмоқда.
Хусусан, Хоразм вилоятида 4 та ҳолатда, Қорақалпоғистон Республикасида 1 та ҳолатда, Наманган вилоятида 4 та ҳолатда меҳнат қонунбузилишлари бўйича тўпланган ҳужжатлар тегишли маъмурий судларга тақдим этилди.
Шунингдек, фуқароларнинг бузилган меҳнат ҳуқуқларини тиклаш мақсадида аниқланган меҳнат қонунбузилишлари юзасидан Сурхондарё вилоятида жойлашган 4 та фермер хўжалиги ва кластерига, Жиззах вилоятида жойлашган 4 та давлат ташкилотларига ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида жойлашган 1 та фермер хўжалигига ёзма кўрсатмалар берилди, мажбурий меҳнат ҳолатларини олдини олиш мақсадида Қашқадарё вилояти Фавқулотда вазиятлар бошқармасига 1 та тақдимнома киритилди.
Бугунги кунга қадар Давлат меҳнат инспекциясига мажбурий меҳнат ҳамда меҳнат ҳуқуқлари бузилишига оид жами 165 та мурожаат келиб тушган бўлиб, шундан, call марказ орқали — 88 та, web сайт орқали — 9 та, ижтимоий тармоқ орқали — 68 та етиб келган.
Келиб тушаётган мурожаатларнинг энг кўпи Қашқадарё вилоятида 24 та Тошкент вилоятида 20 та, Наманган вилоятида 23 та, Жиззах вилоятида 17 та ва бошқа ҳудудларга тўғри келади.
Мурожаатларнинг мазмунига кўра 21 та ҳолатда маҳалла фуқаролар йиғини томонидан фуқаролар, 13 та ҳолатда банк ходимлари ва 7 та ҳолатда коммунал соҳа ходимлари мажбурий меҳнатга жалб қилинаётганлиги тўғрисида хабар қилинган. Жойларда фуқаролар, корхона ташкилот ва муассасалар ходимлари томонидан ушбу йўналишда тушаётган мурожаатлар, интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқларда чиқаётган хабарларда келтирилган ҳолатлар зудлик билан ўрганилмоқда.
Меҳнат ҳуқуқларининг бузилиши юзасидан Давлат меҳнат инспекциясининг dmi.mehnat.uz сайти, 1176 қисқа рақами ва @mehnathuquqbot Telegram-боти орқали мурожаат қилиш мумкин.
LiveБарчаси