40 мингдан ортиқ ўзбекистонликларда гепатит “B” ва “C” вируслари аниқланди
Саломатлик
−
05 Декабрь 2023
7637Жорий йилнинг ҳозирги даврига қадар 696 147 нафар аҳоли гепатит "B" турига ва 696 045 нафар аҳоли гепатит "C" турига оид скрининг текширувидан ўтказилди. Улардан 22 307 нафарида гепатит "B" ва 22 157 нафарида гепатит "C" турлари аниқланди. Бу ҳақда бугун, 5 декабрь куни АОКАда ўтказилган брифингда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Мафтуна Саидова маълум қилди.
“Бутунжаҳон гепатит альянсининг 2021 йилдаги маълумотларига кўра, гепатит "B" ва "C" вируси сабабли ҳар йили 1.5 млнга яқин одам вафот этади. Бу эса ОИВ/ОИТС ва безгакдан кўпроқ деганидир”, дейди Мафтуна Саидова.
Унинг айтишича, Ўзбекистонда 65 дан зиёд оилавий ва кўп тармоқли марказий поликлиникаларда ушбу касалликни аниқлаш учун бепул скрининг ташкил этилган.
Гепатит "C" га қарши дори воситалари хариди учун Давлат бюджетидан 47 млрд сўм ажратилиши режалаштирилган.
Шунингдек, Миср Араб Республикаси билан ўтказилган музокаралар натижасида 800 минг қадоқ “Даклотасвир” ва “Софосбувир” дори воситаларини беғараз ёрдам сифатида юбориш учун келишувга эришилган.
Билдирилишича, ҳозирги кунда 60 000 қадоқ “Даклатасвир” ва 7 000 қадоқ “Софосбувир” дори воситалари гепатит "C" тури аниқланган беморларга бепул тарқатилмоқда.
“Миср Араб Республикаси томонидан беғараз ёрдам сифатида дорилар олиниши туфайли 35.25 млрд сўм тежаб қолинади. Ушбу маблағлар скрининг текшируви учун йўналтирилади ва скрининг сони йилига 1 млн га етказилиши режалаштирилган. Бу каби тизимли ишлар давом эттирилмоқда”, дейди Саидова.
Эслатиб ўтамиз, Президент фармони билан тасдиқланган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида мамлакатда вирусли гепатитнинг "C" тури билан касалланган беморларни ҳамда гемотопоэтик суяк кўмиги ўзак ҳужайралари трансплантацияси муолажасига муҳтож онкологик касалликларга чалинган болаларни тўлиқ давлат бюджети маблағлари ҳисобидан даволаш йўлга қўйилиши белгиланганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь