2021 йил Қашқадарё вилоятида тадбиркорликни ривожлантириш йили деб эълон қилинди

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирокида бугун, 13 ноябрь куни Қарши шаҳрида ўтган йиғилишда Қашқадарё вилоятини комплекс ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

“Қашқадарёда барча соҳаларда вазият тубдан ўзгариши шарт. Бунинг учун вилоятда ҳамма имконият бор. Ҳамма уйғониши керак”, дейди Президент. 

Йиғилишда ҳокимларнинг таклифлари ва вилоятдаги муаммоларнинг таҳлилидан келиб чиқиб, тадбиркорлик асосий йўналиш этиб белгиланди. 2021 йил Қашқадарё вилоятида тадбиркорликни ривожлантириш йили деб эълон қилинди. Бу борада манзилли ишлаш учун туман ва шаҳарларга вазирлар, тармоқ ва банклар раҳбарлари бириктирилди.

Президент бугунги бозор талаби ва “ўсиш нуқталари”дан келиб чиқиб, туманларни муайян иқтисодиёт йўналишларига ихтисослаштириш зарурлигини таъкидлади. 

Хусусан, Яккабоғ, Қамаши, Чироқчи, Шаҳрисабз ва Китоб туманлари боғдорчилик ва узумчиликка ихтисослаштирилади. Ғузор ва Муборак туманларида нефть-газ-кимё, Чироқчи ва Деҳқонобод туманларида қурилиш материаллари бўйича кўплаб корхоналар ташкил этиш мумкин. 

Касби, Нишон, Миришкор ва Косон туманларини чорвачиликка ихтисослаштириб, йирик комплекслар ва кичик бўрдоқичилик фермалари ташкил этиш, озуқа базаси учун ер ажратиш вазифаси қўйилди.

Молия вазирлигига чорвачилик учун ўзлаштириладиган ер, боқилган ҳар бир бош қорамол учун субсидия бериш механизмини йўлга қўйиш топширилди.

Вилоятда 2021-2022 йилларда амалга ошириладиган, умумий қиймати 28 триллион сўм бўлган 950 та лойиҳа ишлаб чиқилган. Бу лойиҳалар натижасида 15 мингта янги иш ўрни яратилиши режалаштирилган.

Камбағалликни қисқартириш, ёрдамга муҳтож ва ишсиз аҳолига даромад манбаи яратиш чоралари кўриб чиқилди.

Мутасаддиларга келгуси йилда 50 минг гектар майдонда сув тежовчи технологиялар жорий қилиш бўйича топшириқ берилди.

Президент аҳолини уй-жой билан таъминлаш, йўллар, ичимлик суви тармоқлари қуриш масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Вилоятда марказлашган ичимлик суви билан таъминланиш даражасини 79 фоизга, хусусан, бу борада вазият оғир бўлган Ғузор туманида 50 фоизга етказиш вазифаси қўйилди.

Ёшлар ва аёллар манфаатларини таъминлаш масаласи чуқур таҳлил қилинди.

“Вилоятда ёшлар билан ишлаш бўйича янги тизим жорий этилади. Ҳокимлар ҳар ҳафтада бир кунни ёшлар билан ишлаш куни деб эълон қилиб, уларнинг муаммолари билан шуғулланади”, дейди давлат раҳбари.

Ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган 2 минг 815 нафар аёлнинг турмуш шароитини яхшилаш, ишсиз хотин-қизларни «Устоз-шогирд» анъаналари асосида ҳунармандчиликка жалб этиш чоралари белгиланди.

“Биз танлаган йўл – машаққат йўли. Қашқадарё бўйича улкан режаларимиз бор, жуда катта маблағ бериляпти. Энди энг асосий вазифа ва талаб – шу маблағни тўғри йўналтириб, одамлар манфаати учун ишлатиш, яхши шароит яратиш”, дейди давлат раҳбари.


Мақола муаллифи

Теглар

Қашқадарё

Баҳолаганлар

122

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг