2019 йилда одамларнинг мушкулини осон қилган ҳужжатлар

Таҳлил 2420
image

Тугаб бораётган йилдаги воқеаларни таҳлил қилишда давом этамиз. Жараён шу қадар қизиқ ва тўхтовсиз кечдики, қайсидир воқеани олиб, бошқасини унутиб қўймаслик учун йиллик архивни бир ҳафтадан буён кўздан кечиряпмиз. Булар орасида одамлар эътиборини тортган, олқишларига сазовор бўлган ҳужжатлар ҳам чиқди. Қуйида келтирилган ва 2019 йилда қабул қилинган ушбу ҳужжатлар одамларнинг мушкулини осон қилди. 

Жаслиқнинг ёпилиши

Президент Шавкат Мирзиёевнинг жорий йилнинг 2 августида имзолаган Жаслиқ колониясини ёпиш ҳақидаги қарори кенг жамоатчилик ва халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотининг олқишига сазовор бўлди. Жаслиқ қамоқхонаси 1999 йил 16 февралда Тошкентдаги бир нечта портлашлардан кейин ташкил этилганди. У ерда асосан жиноят кодексининг ўта оғир жиноят моддаларини (терроризм, давлат тўнтаришига уриниш ва бошқалар) содир этган шахслар сақланарди.

Жаслиқ колониясининг ёпилиши ҳақида 5 августь куни Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов ҳам баёнот берди. Унда Бобожонов қамоқхонанинг ёпилиши мамлакат сиёсий ҳаётидаги муҳим воқеа эканини таъкидлади. Қамоқхона ёпилишини АҚШ, БМТ ва Европа Иттифоқи ҳам олқишлаганди. БМТнинг Ўзбекистондаги доимий мувофиқлаштирувчи ходими Ҳелена Фрейзер 7 августь кунидаги нутқида:

“Бу қарор БМТ инсон ҳуқуқлари механизмининг узоқ муддатли тавсияларига мос келади. БМТ вакиллари Жаслиқни тугатишни 2002 йилдан бери тавсия этиб келаётганди”, деб айтганди.

Даромад солиғининг ягона ставкаси 12 фоизга белгиланди

Йил ҳисобидан фуқаролар манфаати акс этган ҳуқуқий ҳужжатлардан бири Президентнинг “Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепсияси тўғрисида”ги Фармони ижроси бўлди. Унга кўра, 2019 йил 1 январидан бошлаб барча фуқаролар учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг ягона ставкаси 12 фоиз миқдорида белгиланди. Шундан 0.1 фоизи шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига йўналтириладиган бўлди. 

Фуқароларнинг айрим тоифалари учун энг кам иш ҳақининг 4 баравари миқдоридаги даромадларини солиқ солишдан озод қилишнинг амалдаги тартиби сақлаб қолинганини алоҳида таъкидлаш лозим. Яна бир янгилик – фуқароларнинг меҳнатга ҳақ тўлаш туридаги даромадларидан Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига ушлаб қолинадиган суғурта бадаллари бекор қилинди.

Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг максимал ставкаси динамикаси йилдан-йилга озайиб келмоқда. 1990 йилда ставка 60 кўрсаткичга эга бўлган. 2000 йилда 40 фоизга туширилган. 2018 йилда бу рақам 22.5 фоизни ташкил қилган бўлса, эндиликда бу рақам 12 фоизга айланди. Лекин бу ўринда фирмаларга солинадиган ягона ижтимоий тўловнинг ҳисобини ҳам олиш зарур.

Бирданига 3та ОТМга имтиҳон топшириш ҳуқуқи

Жорий йилда абитуриентлар учун берилган бирданига 3 та олийгоҳга ҳужжат топшириш имкони ҳақида гапирмасак бўлмайди. “Олий таълим муассасаларига тест синовлари орқали қабул қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор талаба бўлишни орзу қилган ёшларга амалий эътибор бўлди.

Бу қарор орқали маълум олий ўқув юртларига ҳужжатлар топшириш жойлардаги Давлат хизматлари марказлари орқали амалга оширилиши белгилаб қўйилди. Бу билан абитуриентларнинг ортиқча сарф-харажати ва вақти тежалди.

Ўзбекистонда айрим давлатларга визасиз режим ўрнатилиши

Туризмни ривожлантириш давлат учун иқтисодий кўрсаткичларни яхшилаш чораларидан бири сифатида қаралмоқда. Шу боисдан 1 февралдан кучга кирган тартибга кўра, 45 мамлакат фуқаролари Ўзбекистонга 30 кунлик муддатгача визасиж режим асосида ташриф буюришлари мумкин бўлди. Шунингдек, 76 мамлакат фуқаролари Ўзбекистонга кириш электрон расмийлаштириши мумкин бўлди. Бунинг афзаллиги – виза олишнинг тез ва осонлиги: e-visa.gov.uz портали орқали икки иш кунида олиш мумкин бўлди.

Сиртқи таълимнинг кенг жорий этилиши

Жорий йилнинг 1 июлидан қўлланилган “Олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш, талабалар ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва четлаштириш тартиби тўғрисида”ги Вазирлар Маҳкамасининг қарорига киритилган қўшимчалар таълим соҳасидаги ўзгариш ҳам фуқаролар томонидан яхши кутиб олинди. Унга кўра, сиртқи таълимга ҳужжатлар топшириш кенг йўлга қўйилди.

Ҳужжатлар топшириш 30 июлгача бўлган муддатга белгиланди. Иш жойидан тавсиянома ҳам сўралмади. Паспорт ва диплом орқали хоҳловчилар ҳужжат топширишди.

Яқин қариндошлар ўртасида нотариал тасдиқланган автоишончнома бекор қилинди

Бу йил қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар орасида “Ўзбекистон Республикасида нотариат тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармони ҳам жамоатчилик эътирофига сазовор бўлди. 

Унга кўра, жорий йилнинг 1 октябридан транспорт воситаси эгасининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта полисида кўрсатилган транспорт воситаси эгасининг яқин қариндошлари (ота-она, эр (хотин), болалар, ака-укалар, опа-сингиллар) ўртасида транспорт воситасидан фойдаланиш ва бошқариш тўғрисидаги ишончномани мажбурий нотариал тасдиқлаш тартиби бекор қилинди.

Ривожланган давлатлар ва аксар ривожланаётган давлатлар тажрибасида бу ҳолат аллақачонлар бекор қилинганди. Бу ҳолат ҳам мамлакат фуқаролари учун ижобий натижа бўлди.

Мораторийнинг жорий этилиши

“2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикасининг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Президент Фармонини ҳам йил ҳужжати сифатида эътироф этишимиз шарт. Унга мувофиқ 2019 йилнинг 1 ноябридан 2020 йил 31 декабригача Давлат экология қўмитаси, Ўзбекистон Экологик партияси ва жамоатчиликнинг давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларининг кесилишига мораторий жорий этилиш таклифи маъқулланди.

Мораторий амал қилиш даврида ваколатли давлат органларига давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларининг кесилишига рухсатнома бериш ман этилади. Лекин шу ўринда истесно ҳолатларни ҳам айтиш керак.

Мораторий:
•    Табиий омиллар ёки зараркунандалар, ўсимликлар касалликлари таъсирида зарарланган, қуриб бораётган ёки қуриб қолган, шунингдек, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига, юридик ва жисмоний шахсларнинг мол-мулкига хавф туғдирувчи дарахтлар ва буталарни санитар кесиш ва қирқишга;

•    Ёғоч ва мевалар олиш учун ўстирилаётган дарахтлар ҳамда буталарни (терак ва тез ўсувчи бошқа навлар, тут плантациялари, мевали дарахтлар ва буталар) кесишга;

•    Плантацияларда ўстирилаётган ва/ёки юридик ва жисмоний шахсларнинг мулки ҳисобланган дарахтлар ҳамда буталарни кесишга жорий этилмайди.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 34
Рейтинг: 3
t
×