1000 сўмлик банкнотлар муомаладан чиқариладими? Марказий банк изоҳ берди

Жамият 19911
image
-

Яқин орада 1000 сўмлик номиналдаги банкнотларни муомаладан чиқарилиши кўзда тутилмаган. Бу ҳақда Марказий банкнинг Нақд пул муомаласи департаменти директори Фазлиддин Бозоров маълум қилди.

“1000 сўм номинал қийматдаги банкнот 2001 йилда муомалага чиқарилган ва уларнинг аксарият қисми узоқ вақт давомида муомалада бўлганлиги сабабли хақиқатда уриниб қолганлигини кузатиш мумкин.

Бунинг асосий сабабини ушбу пулларнинг бошқа йирикроқ номиналдаги банкнотларга нисбатан кўпроқ муомала жараёнига кириши, яъни қўлдан-қўлга ўтиши фаол бўлганлиги сабабли тез эскириши ҳамда шу ҳолатда, банкларга келиб тушмасдан аҳоли қўлида узоқ муддат қолиб кетиши билан изоҳлаш мумкин”, дейди у.

Бозоровнинг таъкидлашича, бу қийматдаги банкнотлар ҳозирда ҳам босиб чиқарилмоқда ва талабдан келиб чиққан ҳолда муомалага киритиб борилмоқда.

Марказий банк расмийсига кўра, бугунги кунда банкнотлар муомалага асосан банкоматлар орқали чиқарилаётганлиги ва банкоматлардан асосан йирик номиналдаги банкнотлар жойлаштирилиши сабабли 1000 сўмлик банкнотлар муомаладан камайиб бораётганлиги ҳақиқат. Бу табиий жараён бўлиб, худди товарларга ўхшаб талаб камайса, банкнотлар ҳам муомаладан камайиб боради.

“Банкоматларга 1000 сўмлик ҳам жойлаштирилса бўлмайдими?” деган савол туғилиши табиий.

Бўлади. Лекин банкнотлар сиғими чекланганлиги сабабли уларни бир марталик тўлдириш орқали имкон қадар кўпроқ аҳолига хизмат кўрсатиш имкониятига эга бўлиши, яъни жойлаштирилган пул тез тугаб қолмаслиги учун кўпроқ йирик қийматдаги банкнотлардан фойдаланилади”, дейди Бозоров.

Унинг таъкидлашича, нақд пулларни бевосита банк кассаларидан олганда зарур ҳолларда бир қисмини 1000 сўмлик банкнотлар сифатида олиниши мақсадга мувофиқ.

Марказий банк доимий тарзда муомаладаги нақд пулларнинг қаторини оптималлаштириш, эскирганларини муомаладан қайтариб олиш ва уларнинг ўрнига янги банкнот ва тангаларни муомалага киритиб бориш бўйича тизимли ишларни амалга оширмоқда. Яқин орада 1000 сўмлик номиналдаги банкнотларни муомаладан чиқарилиши кўзда тутилмаган.

Умиджон Нозимжонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 570
Рейтинг: 3
t
×