Давлат хизматчилари учун меҳнатга ҳақ тўлашнинг ягона тизими жорий этилади

Жамият

image

Аввалроқ, “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокама учун эълон қилингани ҳақида хабар берган эдик.

Лойиҳага кўра, Давлат фуқаролик хизматчилари меҳнатига ҳақ тўлаш қуйидаги тўловларни назарда тутадиган давлат фуқаролик хизматчилари меҳнатига ҳақ тўлашнинг унификация қилинган (якдиллаштирилган) тизими асосида амалга оширилади:

  • базавий лавозим маоши;
  • малака даражаси учун тўловлар;
  • давлат фуқаролик хизматчисининг фаолияти самарадорлиги асосий кўрсаткичларига эришилиши ва иш берувчи томонидан белгиланадиган уларнинг фаолиятини баҳолашнинг бошқа мезонларидан келиб чиқиб ҳисобланадиган шахсий устама ҳақлари.

Яъни, бу тизим вазирликлардаги бир хил даражадаги лавозимда фаолият юритувчи мутахассисларнинг бир хил маоши олиши учун хизмат қилади.

Давлат фуқаролик хизматчиларига меҳнатга ҳақ тўлаш фонди ҳисобидан йиллик ҳақ тўланадиган таътил ва моддий ёрдам берилганда, улар давлат органи ва ташкилотининг меҳнатга ҳақ тўлаш фонди маблағлари ҳисобига тўланадиган бирйўла тўлов қўшимча тўловларни оладилар.

Давлат органларида меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг 30 фоизи миқдорида моддий рағбатлантириш жамғармаси ташкил этилиб, унинг ҳисобидан қуйидагилар тўланади:

•    алоҳида муҳим ва мураккаб вазифаларни бажариш учун мукофот пуллари – уларни тўлаш тартиби, шу жумладан, алоҳида муҳим ва мураккаб вазифалар сирасига киритиш мезонлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади;

•    пенсияга чиқишда ёхуд давлат органи ва ташкилотининг тузилмасидаги ўзгаришлар давлат фуқаролик лавозимларини қисқартиришига олиб келганлиги муносабати билан меҳнат муносабатлари бекор қилинган ҳолатларда белгиланган бирйўла тўлов;

•    давлат органи меҳнатга ҳақ тўлаш тизимида назарда тутилган бошқа тўловлар.

Меҳнат шартномаси:

•    давлат фуқаролик хизматчилари сони (штати) ёки иш хусусиятининг ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқарганлиги ёхуд корхонанинг тугатилганлиги сабабли;

•    давлат фуқаролик хизматчисининг малакаси етарли бўлмаганлиги ёки соғлиғи ҳолатига кўра бажараётган ишига нолойиқлиги сабабли;

•    давлат фуқаролик хизматчиси янги меҳнат шартлари асосида ишлашни давом эттиришни рад этганлиги сабабли;

•    шу ишни илгари бажариб келган ходим ишга қайта тикланиши сабабли бекор қилинган ҳолларда иш қидириш даврида икки ойдан ортиқ бўлмаган давр мобайнида давлат фуқаролик хизматчиларининг ўртача ойлик иш ҳақи сақланиб қолади, бунда давлат фуқаролик хизматчисига тўланган бир ойлик ишдан бўшатиш нафақаси ҳам қўшиб ҳисобга олинади.

Давлат фуқаролик хизматчиларининг базавий лавозим маоши, малака даражалари учун қўшимча тўловлар ҳамда шахсий устама ҳақлари миқдорлари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланади.

Эслатиб ўтамиз, ушбу қонун Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзолари, Марказий сайлов комиссияси, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва давлат ҳокимияти вакиллик органлари депутатлари ҳамда судьялардан ташқари барча Ўзбекистон Республикаси давлат фуқаролик хизматчиларига татбиқ этилади.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи, мудофаа, давлат хавфсизлиги органларида, дипломатик, божхона, солиқ ва қутқарув хизматида хизмат ўтаётган давлат хизматчиларининг ҳуқуқий мақоми алоҳида қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.

Бош вазирнинг, Вазирлар Маҳқамаси аъзолари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ва аъзолари, ҳокимларнинг ҳуқуқий мақоми Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Қорақалпоғистон Республикаси Конституцияси ва қонунлар билан белгиланади. Мазкур Қонун юқорида санаб ўтилган қонун ҳужжатлари томонидан тартибга солинмаган қисмларга нисбатан қўлланилади.

Қонун лойиҳасининг тўлиқ матни билан қуйидаги ҳаволада танишишингиз мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

даромадлар декларацияси

Баҳолаганлар

180

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

Мавзуга доир янгиликлар