Ўзбекистонда совуқ об-ҳаво кутиляптими? Синоптиклар расмий маълумот берди
Бу қизиқ
−
23 Апрель 2020
38892Аввалроқ, яқин кунларда Қозоғистонда ҳавонинг кескин ўзгариши ва қор ёғиши ҳақида хабар берган эдик. Қозоғистондаги об-ҳавонинг ўзгариши, унинг Ўзбекистонга таъсири бор-йўқлиги табиий равишда одамларни қизиқтиради. Ўзбекистон Гидрометеорология хизмати маркази ушбу масалага ойдинлик киритди.
Марказ маълумотига кўра, бугун ва эртага Қозоғистоннинг ғарбий ҳудудлари Россиянинг Европа туманларидан кирган жуда фаол атмосфера фронти таъсирида бўлади.
Совуқ фронт ўтиши натижасида Қозоғистон гидрометеорология хизмати мутахассислари мамлакатнинг ғарбий туманларида ёмғир ва қор кўринишидаги ёғингарчиликлар, кучли шамол (23-28 м/с гача) ва ҳароратнинг совиб кетишини прогноз қилмоқда.
Қозоғистондан ўтаётган оқим жуда кучсиз кўринишда Ўзбекистоннинг фақат шимоли-ғарбий ҳудудларига таъсир қилади. 23 апрелда Қорақалпоғистон ҳудудида, 24 апрелда эса Қорақалпоғистонда ва Хоразм вилоятининг айрим жойларида ёмғир ёғади, шамолнинг тезлиги секундига 15-20 метрга етади, ҳарорат кечаси 7-12, кундузи 17-22 даражагача пасаяди.
24 апрель кечга бориб Бухоро ва Навоий вилоятларида ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлиши мумкин, шамолнинг тезлиги кучайиб 15-20 м/с га етади. 25 апрелда эса Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё вилоятларида ва Ўзбекистоннинг жанубий ҳудудларида ёмғир ёғади. 25 апрелда кундузги ҳарорат 20-25 даражагача пасаяди.
Бироқ бу жараён Қозоғистон бўйича об-ҳавонинг кескин ўзгариши билан боғлиқ эмас, бу Туркманистон ҳудудидан кираётган нам ҳаво оқими натижасидир.
Синоптиклар яқин кунларда об-ҳавонинг кескин ўзгаришлари кутилмаётганини маълум қилди.