Президент: Аҳолини уй-жой билан таъминлаш бўйича янги тизим жорий этилади
Жамият
−
28 Октябрь 2019
10058Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 28 октябрь куни аҳолини уй-жой билан таъминлаш ва ипотека бозорини ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди.
Эслатиб ўтиш жоиз, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 21 октябрдаги “2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури тўғрисида”ги қарори, орадан бир ой ўтиб, яъни, 22 ноябрда “2017-2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп квартирали уйларни қуриш ва реконструкция қилиш дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Кўриниб турибдики, эндиликда ҳам қишлоқлар, ҳам шаҳарлар улкан бунёдкорлик билан қамраб олинди. Ҳамма жойда уйлар қурилиши жадал тус олди.
2016 йилда давлат дастурлари доирасида қишлоқларда 13 мингта турар жой, тадбиркорлар томонидан 13 минг 189 та хонадонли уй (жами 26 минг 189 та) қурилган бўлиб, бунинг учун 4 триллион 330 миллиард сўм сарфланган.
2017 йилда эса давлат дастурлари доирасида қарийб 29 мингта, жумладан қишлоқларда 20,3 мингта, шаҳарларда 8,5 мингга яқин турар жой қад кўтарган. Шунингдек, тадбиркорлар томонидан 16 мингдан зиёд хонадонли уй қурилган. Яъни, умумий ҳисобда қарийб 45 мингта уй-жой барпо этилиб, булар учун 6,2 триллион сўм сарфланган.
Ўтган йилда бунёдкорлик кўлами янада кенгайди. Хусусан, давлат дастурлари доирасида 42,2 мингта, шу жумладан қишлоқларда 25,3 мингта, шаҳарларда қарийб 17 минг турар жой, тадбиркорлар томонидан жами 19,7 минг квартирадан иборат уйлар қурилган. Яъни, қарийб 62 мингта уй-жой барпо этилиб, 12 триллион 130 миллиард сўм сарф-харажат қилинди.
Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида давлат дастурлари доирасида қарийб 30 мингта, шу жумладан қишлоқларда 15 мингдан зиёд, шаҳарларда 15 мингга яқин турар жой, тадбиркорлар томонидан эса жами 19,5 минг хонадонни ўз ичига олган уйлар барпо этилган. Умумий ҳисобда қарийб 49,5 минг уй-жой қурилиб, бунинг учун 12 триллион 24 миллиард сўм йўналтирилган.
Ҳисоб-китобларга кўра, халқимиз эҳтиёжини тўла қондириш учун ҳар йили 145 минг хонадондан иборат уйлар қуриш керак. Бунинг учун эса қарийб 30 триллион сўм зарур бўлади. Бу маблағ эса давлат бюджетининг 23 фоизидан зиёдини ташкил этади.
Ўз-ўзидан аёнки, давлат бюджетининг бунча қисмини биргина шу соҳага ажратиб бўлмайди. Шунингдек, давлат хусусий сектор иштирокисиз аҳоли эҳтиёжини тўла қондириши қийин. Шу боис йиғилишда ипотека тизимига босқичма-босқич бозор механизмларини жорий этиш, соҳада хусусий секторнинг ўрнини ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Янги тизимга мувофиқ, кўп қаватли уй-жой қурилиши тадбиркорлик субъектлари томонидан амалга оширилади. Давлат томонидан ер ва ипотека кредити учун банкларга маблағ ажратилади.
Уй-жойлар нархининг ошиб кетмаслиги ва хамёнбоп бўлишини таъминлаш бўйича ҳам зарур чоралар кўрилади. Хусусан, 2020 йилдан бошлаб 16 мингта оилага бошланғич бадал ва кредит фоиз харажатлари учун бюджетдан субсидия ажратилади. Ушбу субсидиялар орқали уйлар бошланғич бадалининг 10 фоизи ҳамда Тошкент шаҳри учун 12 фоиз, қолган шаҳарларда 10 фоиздан юқори кредит фоизлари қоплаб берилади. Мазкур янги тизим келаси йилдан Андижон, Наманган, Фарғона, Бухоро, Самарқанд ва Тошкент вилоятлари ҳамда пойтахтимизда тажриба тариқасида жорий этилади. Қолган ҳудудларда эски тартиб сақланиб қолиб, янги тизим унга рақобатчи бўлади.
Йиғилишда уй-жойларни танлашда ҳақиқатан муҳтож оилаларни танлаб олиш мезонлари йўқлиги, таниш-билишчилик ва суиистеъмол ҳолатлари борлиги танқид қилинди.
Мутасаддиларга кам таъминланган оилаларни танлашнинг шаффоф мезонини ишлаб чиқиш, Иқтисодиёт ва саноат вазирлигининг туман (шаҳар) бўлимларида Доимий ишчи комиссиялари тузиш бўйича топшириқ берилди. Комиссияда банк, молия, солиқ, маҳалла ва бошқа идоралар вакиллари иштирок этиши, уйларни бериш кенг жамоатчилик билан муҳокама қилиниши зарурлиги таъкидланди.
Йиғилишда қишлоқларда уй-жой қуриш тизимини ислоҳ қилиш масаласига ҳам эътибор қаратилди. Бу борада ҳам рақобат ва сифат бўлиши учун буюртмачи функцияси “Қишлоқ қурилиш инвест” инжиниринг компаниясидан босқичма-босқич хусусий секторга ўтказилиши белгиланди. 2020 йилда 12 мингта уй-жойдан 8 мингтаси амалдаги тартиб бўйича, 4 мингтаси хусусий сектор томонидан қурилиши кўзда тутилган. Шу муносабат билан Молия вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва саноат вазирлигига уй-жойларни хусусий сектор томонидан қуришнинг янги тартибини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.
Уйлар нархини тушириш ва сифатини ошириш учун инновацион қурилиш материалларидан кенг фойдаланиш зарурлиги таъкидланди.
Масалан, ғишт ўрнига газобетон ва пенобетондан фойдаланилса, ишлаб чиқаришда газ сарфи 8 баравар камаяди ҳамда иссиқлик сақлаш 5 баравар ошади.
Йиғилишда, шунингдек, шаҳарсозлик нормаларини такомиллаштириш, қишлоқларда қурилаётган уйларни муҳандислик инфратузилмасига улаш, экин ерларига ўзбошимчалик билан уй-жой қурилишини олдини олиш ва муҳофазасини кучайтириш масалалари ҳам муҳокама қилиниб, зарур чора-тадбирлар кўрсатиб ўтилди.
Муҳокама қилинган масалалар юзасидан мутасаддиларнинг ахбороти тингланди ва амалга ошириладиган устувор вазифалар белгилаб олинди.