Тозалаш навбати Прокуратурага...ми?
Жамият
−
16 Апрель
221532023 йилда ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан бир нечта тадбирлар ўтказилди, жиноятчилар қўлга олинди. Улар орасида аллақачон суд ҳукми ўқилиб қамалган ёки тергов ҳаракатлари ўтказилаётганлари ҳам бор. Бу каби тадбирлардан мансабдорлар ҳам четда қолмади. Қўлга олинганлар орасида собиқ қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов ҳам бор эди. У охирги 7 йилда қўлга олинган энг йирик амалдор ҳисобланади.
Навбат прокуратура органларига келди чоғи, бир неча кундан буён Бош прокурор ўринбосари, бошқарма бошлиқлари ва Тошкентнинг "зам" прокурори ишдан олингани ҳақидаги гап-сўзлар болаламоқда. Хўш, тозалаш навбати прокуратурага келдими? Тўғрисини айтганда, ҳозирча “ишдан олинди”, “ариза ёзди” деган хабарлар ҳар бир ОАВнинг ўз манбасига таяниб берилаётган маълумотлар аслида, шу пайтгача бу ҳақда бирорта расмий ахборот берилгани йўқ.
Шу каби хабарлардан биринчиси Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти бошлиғи, “зам” прокурор Шамсиддин Соҳибназаровнинг лавозимидан ўз хоҳишига кўра озод қилинишидир.
Бу маълумот 15 апрелда тармоқларга сиздирилди. ОАВлар эса ўз манбаларига таяниб, Шамсиддин Соҳибназаровнинг ишдан олингани эмас, бўшаш учун ариза ёзганини айтмоқда.
Соҳибназаров ушбу лавозимда 2023 йилнинг октябридан бери ишлаб келаётганди. У бу мансабга ўзидан ўзи эмас, жорий йил бошида имзоланган Президент фармони билан келган. Қўшимча қилиш керакки, "Прокуратура тўғрисида"ги Қонуннинг 18-моддасига асосан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти бошлиғи Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланади ва вазифасидан озод этилади.
Шунингдек, БПнинг бошқа мансабдорлари ҳам ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзгани айтилмоқда. Аммо бу хабар ҳам ҳозиргача расман тасдиқлангани йўқ.
QALAMPIR.UZ манбаларига кўра, Бош прокуратуранинг:
- 17-бошқарма, яъни Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишда қонунчилик ижрочи устидан назорат бошқармаси бошлиғи;
- 18-бошқарма – Ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бошқармаси бошлиғи;
- 21-бошқарма – Уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бошқармаси бошлиғи ҳам ўз хоҳишига кўра лавозимидан озод этиш ҳақида Бош прокурор номига ариза ёзгани айтилмоқда.
Шу билан прокуратурадаги ишдан бўшатишлар тугамади. QALAMPIR.UZ манбасига кўра, Тошкент шаҳар прокурорининг биринчи ўринбосари Анвар Ўрмонов ҳам лавозимидан "учган" бўлиши мумкин.
Юқорида айтганимиздек, барча ОАВ ўз манбаларига таяниб, маълумот беряпти. Лекин айни пайтда прокурорларнинг отаси бўлган Бош прокуратура сукут сақлашни маъқул кўряпти.
LiveБарчаси