Камералардан тинимсиз “соққа” қилаётган ЙҲХББнинг ўзи почтадан қарз

Жамият

image

Йўл ҳаракати хавфсизлиги Бош бошқармаси “Ўзбекистон почтаси”дан  37,52 млрд сўм қарз. QALAMPIR.UZ’даги маълумотларга кўра, “Ўзбекистон почтаси” АЖ ИИВ ЙҲХ билан судлашган.

Иш ҳужжатларидан кўринишича, тарафлар ўртасида 2023 йил 28 апрелда 1-сонли хизмат кўрсатиш шартномаси тузилган бўлиб, унга кўра, ижрочи “Ўзбекистон почтаси” буюртмачи ЙҲХББнинг йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги бўйича жарималар қўллаш ҳақидаги қарорларини электрон шаклда тақдим қилиш ва хизматлар ҳақини тўлаш, ижрочи эса бундай қарорларни қабул қилиш, чоп этиш, етказиб бериш ва етказиб берилганлиги бўйича ахборот алмашиш хизматларини кўрсатиш мажбуриятини олган. Шартноманинг 1-иловаси билан кўрсатиладиган хизматларнинг калькуляцияси тасдиқланган. Унга кўра, 1 млн 450 минг дона қарор, 6 000 сўмдан, жами 8 млрд 700 млн сўм бўлиши ёзилган. Шартноманинг 3.1-бандига асосан шартнома бўйича кўрсатиладиган хизматларнинг миқдори ҚҚС билан 8 млрд 700 млн сўмни ташкил этган.

“Тарафлар ўртасида тузилган 1-сонли қўшимча келишув асосида шартнома қиймати 9 млрд 900 млн сўмга, 2-сонли қўшимча келишувга асосан 15 млрд 900 млн сўмга оширилган. Шартнома ва қўшимча келишувлар шартларига асосан даъвогар томонидан 2023 йилнинг январь-сентябрь ойларида жавобгарга жами 8 млн 903 минг 443 дона маъмурий қарорлар бўйича яъни 53 млрд 420 млн 658 минг сўмлик хизматлар кўрсатилган бўлса, жавобгар томонидан хизматларнинг 15 млрд 900 млн сўмлик қисми тўланган. Натижада 37 млрд 520 млн 658 минг (53 420 658 000 - 15 900 000 000) сўм қарздорлик юзага келган”, дейилади ҳал қилув қарорида.

Шартнома бўйича тўловларни амалга ошириш борасидаги мажбуриятлари жавобгар томонидан бажарилмаганлиги асосида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси даъвогар “Ўзбекистон почтаси” АЖ манфаатида Тошкент туманлараро иқтисодий судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар ҳисобидан даъвогар фойдасига 20 млрд 449 млн сўм асосий қарз ва 2 млрд 263 млн 469 минг 640 сўм пеня ундиришни сўраган.

Кейинчалик даъвогар вакиллари судга палата орқали расмийлаштирилган даъво аризасига қўшимча тақдим этиб, унга кўра, тарафлар ўртасидаги ўзаро ҳисоб-китоблар даъво суммасининг асосий қарз қисми 34 млрд 520 млн 658 минг сўмга кўпайтирилган, даъво аризасининг қолган қисми ўзгаришсиз қолдирилган ва суднинг ажрими билан даъво аризасига қўшимча иш юритишга қабул қилинган. Ажримда ёзилишича жавобгар томони суд мажлисида қатнашиб, қарздорлик мавжудлигини тан олган.

Тошкент туманлараро иқтисодий суди жавобгар Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги Бош бошқармаси ҳисобидан даъвогар “Ўзбекистон почтаси” АЖ фойдасига 37 млрд 520 млн 658 минг сўм асосий қарз ундириш, даъвогарнинг 2,2 млрд сўмдан ортиқ пеня ундиришга доир талабини рад этиш тўғрисида якуний қарори эълон қилди.

Шунингдек, ҳал қилув қарорига кўра, Йўл ҳаракати хавфсизлиги Бош бошқармаси ҳисобидан Республика бюджетига 750 млн сўм, “Ўзбекистон почтаси” АЖ ҳисобидан эса 45,2 млн сўм давлат божи ундириш белгиланган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг