Президент Консерваториянинг профессор-ўқитувчиларини мукофотлади
Жамият 10 Июнь 23:05
3991
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев “Ўзбекистон Давлат Консерваторияси ташкил этилганининг 85 йиллиги муносабати билан профессор-ўқитувчилардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармонни имзолади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони
Мамлакатимизда миллий мусиқа ва қўшиқчилик санъатини ривожлантириш, халқимизнинг бой маънавий мероси ва анъаналарини асраб-авайлаш ҳамда жаҳон миқёсида кенг тарғиб этишга қўшган муносиб ҳиссаси, талаба ёшларга ўзбек ва жаҳон мумтоз санъати дурдоналари ва замонавий ютуқларини ўргатиш, уларнинг ижодий қобилиятини рўёбга чиқариш, юксак профессионал маҳорат ва малакага эга бўлган соҳа вакилларини тайёрлаш борасидаги катта хизматлари, юртдошларимизнинг маданий савиясини ошириш, фарзандларимизни Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш йўлидаги самарали фаолияти, шунингдек, ижтимоий ҳаётдаги фаол иштироки учун қуйидагилар мукофотлансин:
“Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист” фахрий унвони билан
Файзиева Мадина Мухсиновна - Ўзбекистон давлат консерваториясининг махсус фортепиано кафедраси мудири
“Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси” фахрий унвони билан
Абдуллаева Инна Анваровна - Ўзбекистон давлат консерваториясининг факультетлараро фортепиано ижрочилиги кафедраси профессори
Мухамедова Галина Иминовна - Ўзбекистон давлат консерваториясининг академик хонандалик ва опера тайёрлови кафедраси профессори
“Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими” фахрий унвони билан
Галушенко Ирина Георгиевна - Ўзбекистон давлат консерваториясининг мусиқа тарихи ва танқиди кафедраси профессори