Боболов Британия Қуролли кучлар вазири билан Термиз – Ҳайратон кўпригида бўлди 

Жамият 6164
image
image

Ўзбекистонга амалий ташриф билан келган Буюк Британия мудофаа вазирининг парламентар ўринбосари, Қуролли кучлар вазири Жеймс Ҳиппи бугун, 22 сентябрь куни Сурхондарёда бўлди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги Матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, вазир Жеймс Ҳиппи қиролликнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Тимоти Торлоу ва бошқа расмийлар ҳамроҳлигида бугун, 22 сентябрь куни Сурхондарё вилоятига борган.

Делегация аъзоларини кутиб олган вилоят ҳокими Тўра Боболов вазир билан Сурхондарёнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши, ўзбек-британ қўшма корхоналарининг фаолияти ва сармоя киритиш имкониятлари ҳақида суҳбатлашган.

Делегация аъзолари Ўзбекистонни Афғонистон билан боғлаб турувчи Термиз – Ҳайратон кўпригида ҳам бўлган ва икки мамлакатнинг чегарадош вилоятлари ўртасида ўрнатилган ўзаро ҳудудлараро ҳамкорлик алоқалари ва минтақавий кун тартибидаги долзарб масалаларни муҳокама қилган.

Бундан ташқари, меҳмонлар “Айритом” чегара-божхона постида яратилган замонавий шароитлар билан ҳам танишган. Уларга чегара ҳудудда янгитдан барпо этилаётган Термиз халқаро савдо маркази ва унда чет эллик ишбилармонлар учун яратиладиган қулайликлар ҳақида маълумотлар берилган.

Маълумот учун, ҳозирда Сурхондарёда Британия сармояси иштирокида 8 та корхона фаолият юритмоқда. 2018-2020 йилларда вилоятга жалб этилган тўғридан тўғри хорижий инвестицияларнинг 106,2 миллион доллари ёки 22,6 фоизи бевосита британиялик сармоядорлар ҳиссасига тўғри келган. 2021-2023 йилларда вилоятда Буюк Британия бизнес вакиллари иштирокида 248,5 миллион долларга тенг яна 7 та истиқболли лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилган.

Эслатиб ўтамиз, Жеймс Ҳиппи кеча, 21 сентябрь куни Тошкентда Ўзбекистон Ташки ишлар вазири Абдулазиз Комилов билан учрашган ва икки томонлама ҳамкорлик ҳамда кун тартибидаги бошқа масалаларни муҳокама қилган.

Фаррухжон Муродқулов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 199
Рейтинг: 3.1
t
×