“Ҳудудгазтаъминот” огоҳлантириш билан чиқди
Жамият
−
25 Октябрь 2019
4235Аҳоли ҳамда корхона ва муассасаларнинг табиий газга бўлган эҳтиёжи билан шуғуллунувчи "Ҳудудгазтаъминот" АЖ табиий ва суюлтирилган газ истеъмолчиларига расмий хабарнома билан чиқди.
Ҳаво ҳароратининг пасайиб бориши натижасида аҳоли томонидан хонадонлардаги ёз мавсумида ишламай турган иситиш жиҳозлари (иситиш печлари, сув иситиш қозонлари, АГВ, АКГВ ва бошқа жиҳозлар) ишга туширилади. Лекин, аксарият ҳолларда фуқаролар томонидан ускуналарни ишлатиш йўриқномаси талаблари ва техника хавфсизлиги қоидаларига амал қилинмаслиги оқибатида кутилмаган кўнгилсиз ҳодисалар келиб чиқиши мумкин.
Бундай ҳолатлар содир бўлиши олдини олиш мақсадида, ёз мавсумида ишламаган жиҳозларни ишга туширишдан аввал, албатта уларнинг дудбурони (мўркон) ва шамоллатиш тизимлари соз ҳолатда эканлигини текшириш талаб этилади.
Дудбуронни текшириш қуйидагича амалга оширилади: 1. Дудбурон яроқлилигини ускунани ишга туширмасдан олдин ип, енгил қоғоз (салфетка) бўлагини ускуна ёндиргичи остидаги ва алангани кўриш тирқишларига олиб борилади (расмда №2 ва №6). Агар ҳаво оқими ичкарига ип ёки қоғозни тортса, дудбурон тортиши қониқарли ҳолатда бўлади. Аксинча бўлса, дудбурон тортиши қониқарсиз ҳисобланиб, ускунани ишга тушириш қатъиян тақиқланади ва дарҳол мутахассисга мурожаат қилиш талаб этилади.
2. Агар ускуна ишга туширилган бўлса, гугурт алангасини ускунанинг ёндиргичи остидаги ва алангани кўриш тирқишларига олиб борилади (расмда №2 ва №6). Агар аланга ичкарига қараб тортилса, дудбурон тортиши қониқарли бўлади. Аксинча аланга ташқари томонга ҳаракат қилса, дудбуронда носозлик ёки ҳаво ўтказмайдиган қандайдир тўсиқ мавжуд. Бу ҳолатда дарҳол газ ускунасини жўмракдан ўчириш ва 104 телефон рақами орқали боғланиб, мутахассис чақириш шарт! Мутахассис томонидан носозлик бартараф этилиб, дудбурон тортиши қониқарли ҳолатга келтирилмасдан олдин газ ускунасини ишга тушириш қатъиян тақиқланади.
"Ис гази (ёниш жараёни ҳосиласи) - инсон ҳаётига жиддий таҳдиддир. Газ истеъмолчилар томонидан "зангори ёқилғи"дан фойдаланиш қоидаларига амал қилиниши иситиш мавсумини бехатар ва беталафот ўтказишни таъминлайди", дейилади "Ҳудудгазтаъминот" огоҳлантиришида.
LiveБарчаси