Ҳокимликларнинг НҲҲ лойиҳаларини тайёрлаш тартиби тасдиқланди
Жамият
−
23 Ноябрь 2021
4971Адлия вазирининг “Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш, юридик-техник жиҳатдан расмийлаштириш ва ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги буйруғи қабул қилинди.
Қоидалар қуйидагиларни назарда тутади:
• қарор лойиҳасини "E-qaror" электрон тизими орқали ишлаб чиқишни ташкил этиш;
• қарор лойиҳасининг матнига ва тузилишига доир талаблар;
• қарор лойиҳасини юридик-техник жиҳатдан расмийлаштириш ва расмий эълон қилиш манбаларини кўрсатиш тартиби;
• қарорларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек уларни ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисидаги лойиҳаларни тайёрлашнинг ўзига хос хусусиятлари;
• қарор лойиҳасини манфаатдор органлар ва ташкилотлар билан келишиб олиш;
• маҳаллий давлат ҳокимияти органлари юридик хизмати томонидан қарор лойиҳасини ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш;
• қарор лойиҳасининг ҳудудий адлия органларидаги ҳуқуқий экспертизаси.
Қоидалар Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши томонидан қабул қилинадиган НҲҲлар лойиҳаларига нисбатан тавсиявий тусга эга.
Қоидаларда қуйидаги тушунчалар келтирилган:
• ҳуқуқий экспертиза - қарор лойиҳасининг Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига, унга нисбатан юқорироқ юридик кучга эга бўлган бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга, юридик-техник жиҳатдан расмийлаштиришнинг талабларига мувофиқлигини, шу жумладан қарор лойиҳасида ҳавола қилувчи нормалар қўлланилишининг асослилиги ҳамда мақсадга мувофиқлигини текшириш;
• гендер-ҳуқуқий экспертиза - қарор лойиҳасини хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатларини таъминлаш принципларига мувофиқлиги юзасидан таҳлил қилиш;
• коррупцияга қарши экспертиза - қарор лойиҳасида коррупциявий омилларни аниқлаш, аниқланган коррупциявий омилларни бартараф этишга қаратилган тавсиялар ишлаб чиқиш ва чоралар кўришга йўналтирилган чора-тадбирлар мажмуи;
• "E-qaror" электрон тизими - маҳаллий давлат ҳокимият органлари томонидан қабул қилинадиган қарор ва фармойиш лойиҳаларини ишлаб чиқиш, келишиш, юридик-техник жиҳатдан расмийлаштириш ва ҳуқуқий экспертизадан ўтказишни таъминловчи электрон тизим ва бошқалар.
Қарор лойиҳасини ишлаб чиқиш, келишиш, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, ҳудудий адлия органларида ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш "E-qaror" электрон тизими орқали амалга оширилади.
Маҳаллий давлат ҳокимияти органининг юридик хизмати қарор лойиҳасини тегишли ҳудудий адлия органига ҳуқуқий, гендер-ҳуқуқий ва коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш учун киритилишини таъминлайди.
Қарор лойиҳаси маҳаллий давлат ҳокимияти органининг юридик хизмати томонидан НҲҲлар лойиҳалари муҳокамаси портали (regulation.gov.uz)га жамоатчилик муҳокамаси ўтказилиши учун жойлаштирилиши лозим.
Ҳуқуқий экспертиза якуни бўйича ҳудудий адлия органининг ижобий хулосаси мавжудлиги маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан қарорларни қабул қилишнинг мажбурий шарти ҳисобланади.
Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қуйидаги ҳужжатлари ҳудудий адлия органларида ҳуқуқий экспертизадан ўтказилмайди:
• шахсий тусдаги (лавозимга тайинлаш, бошқа лавозимга ўтказиш ёки лавозимидан озод қилиш, комиссия ва бошқа коллегиал органлар таркибини тасдиқлаш ва бошқа шу кабилар);
• тезкор-фармойишли тусдаги (бир марталик топшириқлар);
• муқаддам белгиланган тартибни ижро этишни ташкил этишга йўналтирилган ҳамда янги ҳуқуқий нормаларни ўз ичига олмаган, шу жумладан, бутун мазмуни бошқа органлар ва мансабдор шахсларнинг ҳужжатлари тўғрисида хабардор қилишдан иборат бўлган ҳужжатлар;
• сессия, йиғилиш, конференцияларни чақириш тўғрисидаги ҳужжатлар;
• лойиҳаларни кўриб чиқиш ва тасдиқлаш учун киритиш тўғрисидаги ҳужжатлар;
• тавсия хусусиятига эга бўлган ҳужжатлар;
• норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга расмий шарҳ бериш тўғрисидаги ҳужжатлар;
• умуммажбурий хусусиятга эга бўлмаган бошқа ҳужжатлар.
Ҳужжат "Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида"ги Қонун, Президентнинг 2021 йил 3 февралдаги ПФ-6155-сон "2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини "Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили"да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида"ги Фармони ва 2018 йил 13 апрелдаги ПФ-5415-сон "Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони, 2018 йил 13 апрелдаги ПҚ-3666-сон "Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорига мувофиқ қабул қилинган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь