Ҳаробадан чиққан “футболчи” – Садио Мане
Спорт
−
21 Март 2020
17510Дунё таниган кўплаб футболчилар борки, уларнинг ёшлик даври ўта оғир ва машаққатли кечган. Баъзилари эса ҳаёт қийинчиликлари сабаб болалик завқини ҳис қилмаган ҳам. Ана шундай футболчилардан бири Англиянинг “Ливерпуль” жамоаси ўйинчиси Садио Манедир.
Мерсисайднинг “Ливерпуль” клуби ҳужумчиси Садио Мане футболдаги ҳаёти, болалик давридантурли қийинчиликлар кечиргани, оиласида ҳеч ким футболни ёқтирмагани, ўғирлик қилгани, дўстидан қарз олгани, онаси уни футболчи бўлишига қарши чиққани, футбол ўйнаш учун бутсаси бўлмагани ва уйидан Дакарга қочиб кетгани ҳақида ҳақида сўзлаб берди.
17 йил олдин...
2002 йилда мен 10 ёшда эдим. Жанубий Корея ва Японияда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида Сенегал - Франция (1:0) терма жамоалари ўртасидаги учрашувни ҳеч қачон ёдимдан чиқармайман. Ҳозирги кунга қадар ўша ўйин кунини кечагидай эслай оламан. Бу воқеа 2002 йилнинг 31 мартида бўлганди. Мактабда ўқишнинг сўнгги куни эди.
Ўшанда Сенегал - Франция терма жамоалари ўртасидаги ўйинни томоша қилишимиз учун, ўқитувчимиз уйимизга барвақт боришимизга рухсат берди. Мен уйга ҳам бормадим, сумкамни акаларимдан бирига бердим ва оқ-қора рангдаги телевизор олдида футболни томоша қилиш учун қишлоққа югурдим.
Ўша ўйиннинг барча лавҳаларини ҳали ҳам эслайман. 2002 йилги жаҳон чемпионатида Сенегал терма жамоаси чорак финалга қадар етиб борган. 1/4 финалда Туркия терма жамоасига кичик ҳисобда мағлубиятга учраган.
Шу ўйиндан сўнг таъсирланиб кетганман. Ўшанда, албатта, футболчи бўламан ва Ватаним терма жамоасининг юқори натижаларни қўлга киритишида ўз ҳиссамни қўшаман, деб ўзимга-ўзим ваъда берганман.
Ўша кунларда менинг ҳаётим, қишлоқдаги бошқа болалар каби қувончли эмас эди. Шундай бўлса ҳам орзуимни амалга ошира олдим.
Амалга ошиши қийин бўлган орзу
Оиламизда ҳеч ким футболни ёқтирмаган. Онам ҳар сафар майдонда футбол ўйнаётганимни кўриб қолса, барча итларни орқамдан қўйиб юборишга тайёр турарди. Ҳаётим мана шундай қийин бўлган, ўзимни оиламда ёлғиз ҳис қилганман. Нима учун уларнинг барчаси менга қарши чиққанини тушунмаганман.
Лекин футболчи бўлишимни аниқ билганман. Бутун оилам менга қарши бўлса ҳам, қишлоғимдан ҳеч ким (Бамбали, Дакардан 300 км узоқликда) профессионал футболчи бўлмаса ҳам, бу мени тўхтата олмаган. Ҳақиқий футбол Дакарда, у эса қишлоғимдан анча узоқда эди.
Уйдан қочиш
Уйдан қочиб кетиш учун пухта тайёргарлик кўрдим. Лекин менда пул йўқ эди. Ҳеч ким шубҳаланмаслиги учун, барча нарсаларим билан спорт сумкамни кўчага беркитиб қўйгандим. Эртаси куни тонги соат 6:00 да душ қабул қилмадим, фақат юзимни ва тишимни ювдим. Уйдан қочиб кетишимни ҳеч кимга айтмаганман, бу ҳақда фақат энг яқин дўстим билган холос.
Уйдан кўчага чиққач, Дакарга қадар автобусда етиб олишим учун дўстимнинг уйига қарз олиш учун борганман. Шу тариқа Дакарга етиб келдим ва у ерда аввал билмаган оилада қўним топдим.Шундан сўнг ҳар хил жамоаларда машғулот ўташни бошладим. Бу вақтда ота-онам мени ҳамма жойдан қидиришга тушган. Улар қаерда эканлигимни дўстим билишига ишончи комил эди. Аммо у сўзида турди ва ота-онамга ҳеч нима айтмади.
Оиламдагилар ва дўстимнинг ота-онаси унга босим ўтказди ва у барчасини айтишга мажбур бўлди. Ўшанда ота-онам менга қўнғироқ қилиб, зудлик билан ортга қайтишимни айтишди. Мен қайтиб боришни хоҳламадим. Лекин ота-онам ўқиш якунлангач мени қўйиб юборишга ваъда беришганидан сўнг, қишлоғимга қайтишга мажбур бўлдим.
Футбол академияларидан таклифлар
Дакарга қайтишни хоҳлаганман. У ердаги ҳар хил футбол академиялардан ҳар доим таклиф олганман. Лекин шартномада кўрсатилган маош менга тўғри келмаган. Эсимда, Дакардаги битта футбол академиясидан таклиф бўлган. Ўшанда менга йилига 150 минг франк (тахминан 230 евро) маош кўрсатилган шартнома таклиф қилишган.
Бу оиламиз учун жуда катта пул эди. Тоғамнинг маошига бутун оиламиз билан яшар эдик. Бу шунчаки имконсиз эди. Оиламизга озиқ-овқат етишмаётган бир пайтда футбол ҳақида ўйлаш аҳмоқликдан бошқа нарса эмасди.
Қизиқарли воқеа
Бу узоқ тарих. Мактабда яхши ўқиганман. 3-синфда энг яхши ўқувчи бўлганман. Аммо бора-бора ўқишим сустлаша бошлаган. Эҳтимол, яқинларимга ўқиш мен учун эмаслигини, бошқа иш қилишни хоҳлаётганимни тушинтириш учун бу ажойиб усул бўлгандир. Ва ниҳоят, онам ва тоғам мени тушунди. Мен биринчи дивизионда ўйнайдиган "Каза Спор" (Зигиншор шаҳри клуби) жамоасининг кўригига бордим.
Кўрик пайтида тўпиғимни қайириб олдим ва бир ой вақтимни жароҳатимни даволашбилан ўтказдим. Шундай қилиб "Каза Спор" кўригидан ўтолмадим. Жароҳатимдан фориғ бўлгач, Бамбалидан 25 километр узоқда жойлашган Кожи клубига бордим. Ўшанда Сенгор исмли қарияни учратиб қолдим. Бу ҳақида ҳеч қачон гапирмаганман.
Кожи қишлоғини яхши билардим, чунки у ерга ёнғоқ олиш учун борардик. Қария Сенгор у ерда қўриқчилик қиларди ва ёнғоқ олмаслигимиз учун бизни ҳайдаб юборарди.
Кожига келишим билан Сенгорни велосипедда кетаётганини кўрдим. У мени кўрди ва мен тарафга кела бошлади. У яна койиб берса керак, деб ўйладим ва ундан беркинишга ҳаракат қилдим. У эса олдимга келиб "Садио, қўрқма. Сен билан футбол ҳақида гаплашмоқчиман. Футболни зўр ўйнашинг ҳақида менга айтиб беришди. Мбуре шаҳрида (Дакардан 80 км узоқликда) акамнинг футбол жамоаси бор, сенга ёрдам беришим мумкин", деди қария Сенгор.
Шундан сўнг, уйга қайтиб бордим, бу ҳақида онамга ҳеч нима демадим. Чунки Сенгорнинг гапларига унчалик ишонмадим. Улар ваъда бериб, кейин эса йўқ бўлиб қоладиган ҳолатлар ҳаётимда кўп бўлган. Аммо бу Сенгор тўсатдан уйимизга кириб келиб, онам билан суҳбатлашди ва ўқишимни давом эттиришимга ваъда бериб, гапларига ишонтирди.
Кожидаги жамоа ўртамиёна эди. Аммо улар таниқли клублар скаутлари ташриф буюрган турли хил мусобақаларга мезбонлик қилган. 2005 йил охирида бир инсоннинг таклифи билан "Женерасьон Фут" жамоаси кўригига бордим.
Ўшанда 200 ёки 300 нафардан кўпроқ бола жамоа кўригига келганди. Мен ўзимни таништирганимда, аввалига унчалик яхши бошланмади. Улар менга қандайдир бепарволик билан қарашди. Бутсамнинг ён тарафи йиртилиб кетганди. Мен уни иложи борича қалин ип билан тикдим. Улар мендан, "Ҳақиқатан ҳам футболчи бўлишни хоҳлаяпсанми?", деб сўрашди. Аммо охирида улар мен ҳақимда бир хилда фикрлай бошлади. Ҳаммаси шундан бошланди.
“Мец” жамоаси
2005 йилдан 2010 йилга қадар "Женерасьон Фут" болалар жамоасида фаолият олиб борганман. 2011 йили Франциянинг “Мец” клуби скаутлари менга қизиқиб қолди. 17 ёшимда "Мец" жамоасининг асосий тўпурари бўлганман. Келаси мавсумда клубнинг асосий таркибига таклиф қилишган.Профессионал футболдаги расмий дебют ўйинимни 2012 йилнинг 14 январь куни 2-лигадаги“Басти” жамоасига қарши ўтказганман.
2-лига мусобақасида "Мец" жамоаси таркибида 22 учрашувда майдонга тушганман ва рақиблар дарвозасини 2 маротаба ишғол қилганман. Шундан сўнг Сенегал терма жамоасига чақирув олганман.
"Ред Булл Зальцбург"
2012 йилги трансфер ойнасининг сўнгги кунида Франция чемпионатини тарк этиб, Австриянинг "Ред Булл Зальцбург" клубига кўчиб ўтганман. Австрия жамоаси билан 4 йиллик шартномага имзо чекдим. Ўшанда "Ред Булл Зальцбург" мени 4 миллион еврога сотиб олганди. 2012 йилнинг 15 сентябрь куни Австрия чемпионатида "Рида"га қарши ўйинда дебют учрашувимни ўтказдим.
30 сентябрь куни эса "Штурма" жамоасига қарши баҳс олиб бордик. Ўшанда рақиблар дарвозасини 2 маротаба ишғол қилганман. Бу –профессионал фаолиятимдаги илк дубл эди. Орадан роппа-роса бир ой вақт ўтгач, Австрия кубогида "Кальсдорф"га қарши учрашувда хет-трик қайд этдим. Шундай қилиб Австрия жамоаси сафида барча мусобақаларда 63 маротаба майдонга тушиб, рақиблар дарвозасини 31 бор ишғол қилганман.
"Саутгемптон"
2014 йилнинг 2 сентябрь куни Англиянинг "Саутгемптон" жамоаси билан 3 йиллик шартнома имзоладим. 23 сентябрь куни Лига кубогида "Арсенал"га қарши ўйинда дебют қилдим. Орадан 4 кун ўтгач Премьер-лига доирасида КПР (“Куинз Парк Рейнжерс”) жамоасига қарши илк маротаба майдонга тушдим. "Саутгемптон" таркибида 67 учрашув ўтказиб, 22 маротаба рақиб дарвозасини ишғол этдим.
“Ливерпуль”
2016 йилнинг 28 июнь куни ҳаётимда улкан ўзгариш рўй берди. Шу куни Мерсисайднинг "Ливерпуль" жамоаси билан узоқ муддатли шартнома имзоладим. Ўшанда клуб мени 40,7 миллион евро эвазига "Саутгемптон"дан сотиб олганди. Тўғрисини айтаман, у пайтда Юрген Клоппни "Ливерпуль"да кўришни чин дилдан хоҳлаганман.
2016 йил, 14 августь куни АПЛ доирасида "Ливерпуль" таркибида "Арсенал"га қарши дебют учрашувимни ўтказдим. Ушбу баҳсда рақиб дарвозасини ишғол қилганман. Буни сўз билан таърифлаб бериш жуда ҳам қийин. Шу куни мендан бахтли инсон бўлмаган бўлса керак.
Бойликка муносабат...
Ўнта феррари, йигирмата тилла соат ва иккита самолёт менга нима учун керак? Бу нарсалар мен учун, дунё учун нима қилади? Мен оч қолган пайтларим бўлган, далада ишлаганман, урушда омон қолганман, ялангоёқ футбол ўйнаганман, мактабга бормаганман. Бугун мен одамларга ёрдам бериш имкониятига эгаман.
Биз ўзим туғилиб ўсган қишлоқда мактаблар ва стадионлар қурдик. Ўта қашшоқликда яшаётган одамларни кийим-кечак, пойабзал, озиқ-овқат билан таъминладик. Менга шуни ўзи етади. Бошқа ҳеч нарса керак эмас.
Сўнгги 10 йил ичида Бамбаледаги болакайдан нима қолди?
Мен ўзгармаганман, қайсарман, мақсадимга етишмагунча тинч турмайман. Агар бирор нарсани хоҳласам, уни, албатта, амалга ошираман. Қаерда таваллуд топганимни ҳеч қачон унутмайман. Ҳеч нарсадан уялмайман. Бу менинг асосий қуролим. Мен ҳаётни тезда англаб етдим ва ҳаёт сабоқларидан дарс олдим.
Агар сиз ҳақиқатан ҳам бирор нарсани хоҳласаниз ва таслим бўлмасангиз, ҳаммаси яхши бўлади. Фақат сабр қилиш керак. Масалан, эрта тонгда 10 километр югуриш учун барвақт уйғонардим. Буларнинг барчаси мен учун фойдали эканлигини ўзимга-ўзим айтганман. Машғулотга бир соат олдин бораман. Мен меҳнаткашман ва ўйлайманки бизнинг касбда айнан мана шундай бўлиш керак. Бу ерда майда нарсанинг ўзи йўқ. Ўсишни хоҳласам жиддий тарзда ишлашим керак.
Ростини айтаман, узоқ вақтдан бери ўзимни бунчалик эркин ҳис қилмаганман. Мен Сенегалдан фарқли ўлароқ, мутлақо бошқа дунёга тушиб қолдим. Болаликда катталар камтар бўлишим кераклигини ўргатишган. Бу ерда ҳар ким ўзи учун яшайди. Мен алоҳида яшайман. Ижтимоий тармоқларда ўтирмайман. Оилам ва қишлоқдошларимдан узоқлашмаслик учун имкон қадар тез-тез қишлоғимга бориб туришга ҳаракат қиламан. Мен оддий бир футболчиман, юлдуз эмасман. Энг муҳими одамларни яхши кўраман.
Эл-Хажи Диуф футболдаги кумирим
Биринчи навбатда, у футболчи сифатида ёқарди. Унга ўхшашни жуда ҳам истардим. Эл-Хажи Диуф тўп билан қандай муомала қилганини кўрганман. Дриблинг ва финтларини кўриб, унга ўхшашни истаганман.
Компьютер ўйинлари
Дунёда PlayStation нима эканлигини билмайдиган профессионал футболчи мен бўлсам керак. Компьютер ўйинларини ҳеч қачон ўйнамаганман. Видеоўйинларни ўйнашни ҳам истамайман. Клубдаги ва терма жамоадаги жамоадошларимнинг барчаси у билан вақтини ўтказса ҳам менга қизиқ эмас. Жойстикдан қандай қилиб фойдаланишни ҳам билмайман.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15