Чинозда Суриядаги террорчилар сафига қўшилиш орзусидаги “жиҳодчилар” қўлга олинди (видео)
3-саҳифа
−
21 Август 2021
16975ДХХнинг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ҳамда вилоят ИИББ томонидан Чиноз туманида ўтказилган тезкор тадбирда “Жиҳодчилар” диний экстремистик оқимининг маҳаллий ёшлардан иборат яширин гуруҳи фаолиятига чек қўйилди. Бу ҳақда ДХХ Матбуот хизмати хабар берди.
Aниқланишича, 2020 йилда гуруҳ аъзоларининг 3 нафари ижтимоий тармоқлар орқали диний экстремистик оқимлар таъсирига тушиб қолган ва уларнинг радикал ғояларини қўллаб-қувватлаган.
Сўнгра улар ўз тарафдорлари сонини ошириш мақсадида дўстлари ва маҳалладошлари орасида тарғибот ишлари олиб боришган. Натижада 10 кишидан иборат ноқонуний гуруҳ шаклланган.
Мунтазам ўтказилган йиғинлар вақтида улар интернет тармоғи орқали юклаб олинган диний экстремистик оқимлар ва террористик ташкилотлар ғоявий раҳнамоларининг, жумладан, “Абдуллоҳ Зуфар”, “Содиқ Самарқандий”, “Рашод қори”ларнинг “ҳижрат” ва “жиҳод” қилиш тўғрисидаги аудио-видео маърузалари ҳамда даъватларини тинглаб, ўзаро муҳокама қилишган.
Шунингдек, гуруҳ аъзоларининг 5 нафари яқин вақт ичида Қозоғистон ва Туркия орқали Сурия давлатига боришни ҳамда жангарилар сафига қўшилишни режалаштирган.
Таъкидланишича, 1993-2002 йиллар оралиғида туғилган ушбу фуқаролар орасида “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ таркибидаги корхона ишчиси, Тошкент шаҳрининг Сергели туманида жойлашган ишлаб чиқариш корхоналаридан бирининг 3 нафар ишчиси ва Миробод тумани бозорида савдо қилувчи шахс ҳам бор.
Хабарга кўра, гуруҳ аъзоларининг мобиль телефон аппаратларида Ўзбекистон қонунчилигида тақиқланган аудио-видео кўринишидаги диний материаллар борлиги аниқланган.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддасига асосан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
LiveБарчаси