Бу ёдгорликлар Тошкентга бетакрор шаҳар қиёфасини бахш этади — Саида Мирзиёева панноларни сақлаб қолишга чақирди
Жамият
−
21 Июнь 2021
4796Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич қизи – Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси ўринбосари Саида Мирзиёева бинолардаги панноларни сақлаб қолишга чақирмоқда.
“Premier Hall” кинотеатри биносини реставрация қилиш вақтида рассом Альфред Мазитовнинг “Кокилли қиз” номли ажойиб панносига дуч келинди.
Шаҳримизнинг ёрқин, ўзига хос жиҳатларидан бири, истеъдодли ва таниқли рассомлар томонидан турли даврларда яратилган мозаика паннолардир. Тошкентнинг монументал санъат ёдгорликлари шаҳримизни модернизм пойтахти деб аташга асос бўла олади. Айнан ушбу ёдгорликлар Тошкентга бетакрор шаҳар қиёфасини бахш этадиган ажойиб бир рамздир”, дейди Мирзиёева.
Унинг сўзларига кўра, маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ҳамда Grace архитектура бюроси монументал санъатни сақлаб қолиш ва модернистик архитектурани замонавий мегаполис билан уйғунлаштириш бўйича йўл харитасини ишлаб чиқишни режалаштирмоқда.
"Биз мозаика паннолар туширилган ноёб бинолар эгаларини ушбу санъат асарларини сақлаб қолиш ва таъмирлашга чақириб қоламиз.
Тарихий меросни асраб-авайлаш келажак авлод олдидаги бурчимиздир. Токи ғанимат умрни бепарво ўтказганликда айбдор бўлиб қолмайлик. Келинг, бу бебаҳо меросни улар учун асраб қолайлик!”, дейди Саида Мирзиёева.
LiveБарчаси