Термизда ўқувчи қизнинг зўрлангани бўйича терговолди текшируви қайта бошланди 

3-саҳифа

image

Термиз шаҳар прокурори мактаб ўқувчисининг зўрлангани бўйича жиноят иши очишни рад этиш тўғрисидаги Термиз шаҳар ИИБ қарорини бекор қилди. Бу ҳақда Сурхондарё вилояти прокуратураси Матбуот хизмати хабар берди

Маълум қилинишича, вояга етмаган қизнинг номусига тегилгани бўйича жиноят иши қўзғатишни рад этиш ҳақидаги ИИБ қарори 5 апрель куни бекор қилинган ва қўшимча терговга қадар текширув ўтказиш учун Термиз шаҳар ИИБ Тергов гуруҳига юборилган.

Ҳолат юзасидан Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти ҳам баёнот берди

Департаментга кўра, Термиз шаҳрида яшовчи фуқаро Р.С. Термиз шаҳри бўйича ИИО ФМБ 1-сонли ИИБ бошлиғи номига ариза билан мурожаат қилиб (ариза қачон берилгани хабарда очиқланмаган), қизи 2003 йилда туғилган С.Ч.ни олдиндан таниши бўлган 1994 йилда туғилган Б.Э. исмли йигит 2020 йилнинг январ ойида Термиз шаҳридаги рестораннинг қоровулхонасида зўрлаб, номусига текканини маълум қилган ва унга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.

Ҳолат юзасидан суд-тиббий экспертизаси тайинланган. Экспертизанинг 2020 йил 18 мартдаги хулосасида қизнинг баданида жароҳат излари аниқланмагани, қизлик пардасининг анатомик бутунлиги бузилгани, лекин ҳодиса анча олдин бўлгани сабабли бузилиш муддатини аниқлашнинг имконияти йўқлиги кўрсатилган.

Бундан ташқари С.Ч.дан олинган кийимлар бўйича суд-биологик ва суд-криминалистик экспертизалар тайинланиб, процесс иштирокчилари томонидан тақдим қилинган барча ашёвий далил тариқасида баҳоланиши мумкин бўлган нарсалар олиниб, терговга қадар текширув материалларига қўшилган.

Терговга қадар текширув жараёнида бир қатор тергов ҳаракатлари амалга оширилиб, ишга алоқадор фуқаролардан тушунтириш хатлари олинган. Бундан ташқари, мазкур ҳолат доирасида суд-психология ҳамда суд-психиатрия экспертизалари тайинланиб, хулосалари иш материалларига қўшилган.

Мазкур ҳолат юзасидан жорий йилнинг 16 март куни фуқаро Б.Э.нинг ҳаракатларида жиноят таркиби мавжуд бўлмагани асоси билан ЖПКнинг 83-моддаси 2-бандига асосан жиноят иши қўзғатишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилинган.

Бу қарорни 5 апрель куни прокуратура бекор қилгач, 6 апрелда Термиз шаҳри бўйича ИИО ФМБ 4-сонли ИИБ ҳузуридаги Тергов гуруҳи томонидан судга оид қайта комиссион тиббий экспертиза тайинланиб, тўпланган ҳужжатлар ССВнинг Республика суд-тиббиёт экспертиза илмий-амалий марказига юборилган.

Ҳозирда терговга қадар текширув ҳаракатлари қайтадан ўтказилмоқда. Ҳолатни Сенат ва Ички ишлар вазирлиги назоратга олган. Жиноят иши очишни рад этган масъул ходимларга нисбатан хизмат текшируви тайинланган.

Эслатиб ўтамиз, 9 апрель куни сенатор Фарҳод Боқиев Сенат расмий сайтида мақола чоп этиб, термизлик ота-она мурожаати ҳақида маълум қилганди. Унда таъкидланишича, жабрланувчининг ота-онаси Термиз шаҳар ИИО ФМБга ариза билан бир неча марта мурожаат қилганига қарамай, Б.Э.га нисбатан қарийб 14 ойдан бери жиноят иши қўзғатилмай келинмоқда – масъуллар юзаки ўрганишлар билан чекланган ва ишни бости-бости қилиб келган.

Қизнинг яқинлари Термиз шаҳар ИИО ФМБда Б.Э.нинг дўстлари ишлаши сабабли иш бости-бости қилиб келинаётганини айтган. Бу органдан умидини узган ота-она "сўнгги чора сифатида" Сенатга мурожаат қилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

122

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг