Расман! Машарипов ЖЧда иштирок этмайди
Спорт
−
16 Июнь 7168 2 дақиқа
Ўзбекистон миллий терма жамоаси футболчиси Жалолиддин Машарипов жароҳати сабабли Жаҳон чемпионатида иштирок этмайди. Бу ҳақда Ўзбекистон футбол ассоциацияси хабар берди.
Маълум қилинишича, Машарипов узоқ муддат ўйин амалиётисиз қолган ва машғулотларда тўлиқ иштирок этолмаган. Футболчини тезроқ сафга қайтариш ва тиклаш мақсадида тиббий штаб томонидан зарур чоралар кўрилди ва индивидуал тайёргарлик дастури асосида иш олиб борилган.
Ўтказилган тиббий текширувлар таҳлили FIFA тиббий қўмитасига тақдим этилган. Қўмита ҳолат юзасидан ўрганиш олиб бориб, футболчининг Жаҳон чемпионатида иштирок этолмаслигини маълум қилган. Унинг ўрнига якуний рўйхатга Русланбек Жиянов киритилди.
“Жалолиддин Машариповга тезроқ соғайиб, сафга қайтишини тилаб қоламиз”, дейилади хабарда.
Маълумот учун, Ўзбекистон терма жамоаси жорий йилнинг 18 июнь куни Колумбия терма жамоасига қарши Жаҳон чемпионатидаги дастлабки учрашувини ўтказади. Ушбу баҳс Тошкент вақти билан тонги соат 07:00 да Мексикадаги “Ацтека” стадионида бўлиб ўтади. Шундан сўнг, терма жамоа 23 июнь куни Португалия билан, 27 июнь куни эса Конго Демократик Республикаси билан баҳс олиб боради.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Машарипов АҚШдаги йиғин давомида бел қисмидаги оғриқлар билан боғлиқ муаммо сабаб сўнгги машғулотларда, шунингдек, Канада ва Нидерландияга қарши ўртоқлик учрашувларида иштирок этолмагани ҳақида хабар берилганди.
Live
БарчасиАҚШ ва Эрон меморандум имзолади
18 Июнь