Антарктида муз қатлами остида улкан геологик тузилма аниқланди
Бу қизиқ
−
13 Июнь 10914 2 дақиқа
Халқаро олимлар гуруҳи Шарқий Антарктида муз қатлами остида илгари номаълум бўлган қитъа миқёсидаги геологик тузилмани аниқлади. У қалинлиги уч километргача бўлган муз остида яширинган улкан ҳавзалар тармоғидан иборат бўлиб, унга “Шарқий Антарктида елпиқсимон ҳавзалар провинцияси” деб ном берилди. Бу ҳақда Дурҳам университети матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, ушбу тузилма таркибига илгари алоҳида ўрганилган бир нечта объектлар – Уилкс ва Аврора ҳавзалари, шунингдек, Ер юзидаги энг йирик муз ости кўли бўлмиш Восток кўли жойлашган ҳавза киради. Гарчи уларнинг ҳар бири илгари алоҳида тадқиқ этилган бўлса-да, уларнинг ягона ва ўзаро боғлиқ тизимга тегишли эканлиги биринчи марта аниқланган.
Олимларнинг фикрига кўра, ушбу тузилма ер қобиғининг тарқоқ ротацион чўзилиши – ер қобиғининг марказий нуқтадан аста-секин кенгайиб, учбурчак шаклидаги ҳавзаларни ҳосил қилиш жараёни натижасида шаклланган. Тадқиқотчилар ушбу тизимни очилган кафтга қиёсламоқда: бунда бош бармоқнинг асоси ҳаракатсиз қолади, қолган бармоқлар эса ён томонларга ёйилади. Мазкур провинция Гондвана суперқитъасининг эволюцияси ҳамда кейинчалик Антарктида ва Австралиянинг ажралиб кетиши билан боғлиқ бир нечта тектоник босқичлар давомида шаклланган бўлиши мумкин.
Бу кашфиёт нафақат қитъанинг геологик ўтмишини қайта тиклаш учун, балки бугунги кунда муз ости пойдевори рельефининг музлар ҳаракатига кўрсатадиган таъсирини ўрганишда ҳам муҳим аҳамиятга эга. Шунингдек, у иқлим ўзгаришига энг заиф бўлган муз қатламлари ҳудудларининг барқарорлигини белгилаб бериши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ер музликлари хавотирли суръатларда қисқариб бораётгани ҳақида хабар берилган эди. Олимларнинг ҳисоб-китобларига кўра, 2025 йилда сайёра музликлари жами 408 гигатонна муз йўқотган. Ўтган йил глобал муз эриши бўйича энг ёмон йиллардан бири бўлган.
Live
Барчаси