Эрон 14 бандли тинчлик келишуви лойиҳасини эълон қилди
Олам
−
12 Июнь 3707 2 дақиқа
Эрон ва АҚШ ўртасидаги 14 банддан иборат англашув меморандуми лойиҳасининг янги тафсилотлари эълон қилинди. Бу ҳақда Эрон музокара жамоасига яқин манбага таяниб, “Mehr” хабар берди.
Лойиҳага кўра, ҳужжатда қуйидаги асосий бандлар кўрсатилган:
- Барча фронтларда, жумладан, Ливанда ҳам урушни дарҳол ва доимий тўхтатиш.
- АҚШ Эроннинг ички ишларига аралашмаслиги ва унинг суверенитетини ҳурмат қилиш мажбурияти.
- Денгиз блокадасини 30 кун ичида бекор қилиш.
- Эрон атрофидан АҚШ қўшинларининг чиқарилиши.
- 30 кун ичида Ҳормуз бўғозини Эрон шартлари асосида қайта очиш.
- Нефть ва нефть-кимё маҳсулотларига қўйилган санкцияларни тўхтатиш ҳамда Эроннинг молиявий активларидан тўлиқ фойдаланиш имконини бериш.
- АҚШ ва унинг иттифоқчилари томонидан Эронни қайта тиклаш учун камида 300 миллиард долларлик режа тақдим этилиши.
- Ядро масаласи ва санкцияларни тўлиқ бекор қилиш бўйича 60 кунлик якуний музокаралар.
- Эроннинг ядро қуролини тарқатмаслик шартномасига содиқлигини тасдиқлаши.
- Музокаралар давомида АҚШ қўшинлари сонини оширмаслик ва янги санкциялар киритмаслик.
- Музлатилган 24 миллиард долларлик Эрон маблағларининг бир қисмини босқичма-босқич, ярмини эса музокаралар бошланишидан олдин озод қилиш.
- Келишув ижросини назорат қилиш механизми яратиш.
- Якуний келишувни БМТ Хавфсизлик Кенгаши резолюцияси билан тасдиқлаш.
- Якуний музокаралар фақат айрим масалалар (ядро дастури, санкциялар ва иқтисодий тикланиш) бўйича олиб борилади, ракета дастури ва минтақавий қуролли гуруҳлар масалалари кун тартибидан чиқарилади.
Маълум қилинишича, ушбу лойиҳа ҳали расмий идоралар томонидан кўриб чиқилмоқда ва якуний тасдиқдан ўтмаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Президенти Дональд Трамп Эрон ҳудудига режалаштирилган ҳарбий зарбалар амалга оширилмаслигини маълум қилганди.
Live
Барчаси