Рақобат қўмитаси тиббиёт ташкилотларида “сирли мижоз” тадбирларини ўтказади
Жамият
−
12 Июнь 3759 2 дақиқа
Рақобат қўмитаси тиббиёт ташкилотларида “сирли мижоз” тадбирларини ўтказиш бошланганини маълум қилди.
Маълум қилинишича, истеъмолчилар хусусий ёки давлат тиббиёт ташкилотларига мурожаат қилганда клиник протоколлардан четга чиқиб, бошқа диагностик аппаратларда қўшимча текширувлар ўтказиш, шифокор билан келишилмаган ҳолда кераксиз текширувлар ёки таҳлилларни (анализларни) топшириш, айнан ушбу касаллик учун зарур бўлмаган дори воситалари ёки БФҚларни қўшимча равишда буюриш ҳолатлари юзасидан ижтимоий тармоқларда эътирозлар кўп учраётгани қайд этилган.
Қўмитада шу каби ҳолатлар бўйича тушган шикоятлар 2025 йилда 53 тани ташкил этган бўлса, 2026 йилнинг ўтган даврида бу кўрсаткич 2,3 баробарга ошиб, 127 тани ташкил этган.
Тиббиёт соҳасида бундай ҳолатларни олдини олиш ва профилактика қилиш мақсадида Рақобат қўмитаси ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланган. Унга кўра, вазирлик клиник протоколларга амал қилингани ёки улардан четга чиқилгани бўйича тегишли хулоса беради.
Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йилдаги 667-сон қарори билан тасдиқланган “Дори воситалари ва тиббий буюмларни тайинлаш, реализация қилиш ҳамда тиббий хизмат кўрсатиш фаолиятини назорат қилишда ‘сирли мижоз’ тадбирларини ўтказиш тартиби тўғрисида”ги низом талаблари доирасида бундай тадбирларни ўтказиш белгиланган.
Низомга кўра, “сирли мижоз” тадбири фақат аудио ёки видео кузатув мосламаларидан яширин фойдаланган ҳолда ўтказилади.
Рақобат қўмитаси мулкчилик шаклидан қатъий назар барча тиббиёт ташкилотлари истеъмолчиларга ортиқча оворагарчиликларсиз белгиланган тартибда хизмат кўрсатиб, тўғри ва тушунарли маълумот тақдим этишлари лозимлигини таъкидлаган.
Live
Барчаси